Карвонсарой
Оммавий ахборот воситалари

Россиянинг қозоқ оммавий ахборот воситаларини цензура қилишга уриниши истеҳзога сабаб бўлмоқда

Канат Алтинбаев

Қозоғистоннинг Arbat.media сайти ноябр ойи ўрталарида Роскомнадзор тарафидан билдирилган таҳдидлар ҳақида хабар берган. Ўшанда Роскомнадзор ўз ғазабини сентябр ойида «Россиялик босқинчилар Харков вилоятида мағлубиятга учрамоқда, аммо буни тан олишни истамаяпти» сарлавҳаси остида чоп этилган мақолага қаратган эди.

Қозоғистоннинг Arbat.media сайти ноябр ойи ўрталарида Роскомнадзор тарафидан билдирилган таҳдидлар ҳақида хабар берган. Ўшанда Роскомнадзор ўз ғазабини сентябр ойида «Россиялик босқинчилар Харков вилоятида мағлубиятга учрамоқда, аммо буни тан олишни истамаяпти» сарлавҳаси остида чоп этилган мақолага қаратган эди.

ОЛМАОТА – Украинадаги урушни ёритган қозоқ оммавий ахборот воситаларига нисбатан Россия ҳарбийлари тарафидан илгари сурилган асоссиз суд даъволари қозоғистонликларнинг нафратига сабаб бўлган.

Январ ойи охирида Россия суди Остонадаги Arbat.media нашри ходимларига Россиянинг Владимир шаҳрида жума (17 феврал) куни бўлиб ўтиши режалаштирилган суд жараёнига келишни буюрган.

Arbat.media нашрининг 6 феврал куни хабар беришича, чақирув қоғозида Украинадаги урушга оид мақола Россиянинг расмий позициясига зид эканлиги ва «норозилик кайфиятини шакллантиришга қаратилгани» айтилади.

Судга даъво киритган Россия ҳарбий бўлинмаси, айниқса, ўтган йилнинг сентябр ойида «Россия босқинчилари Харков вилоятидаги мағлубиятини тан олишдан бош тортмоқда» сарлавҳаси билан чоп этилган мақоладан норози бўлган.

Санасиз суратда акс этган Қозоғистон ташқи ишлар вазирлиги Arbat.media нашрини Россия судлари Қозоғистон журналистикасига нисбатан юрисдикцияга эга эмаслигига ишонтирган. [Қозоғистон ташқи ишлар вазирлиги]

Санасиз суратда акс этган Қозоғистон ташқи ишлар вазирлиги Arbat.media нашрини Россия судлари Қозоғистон журналистикасига нисбатан юрисдикцияга эга эмаслигига ишонтирган. [Қозоғистон ташқи ишлар вазирлиги]

Суд Қозоғистон нашрига кимнидир паспорти ва шахсини тасдиқловчи ҳужжати билан жўнатишни ва нашрда келтирилган фактларнинг «барча мавжуд далилларини» тақдим этишни буюрган.

Қозоғистон ташқи ишлар вазирлиги Arbat.media нашрини Россия суди Қозоғистонда юридик кучга эга эмаслигига ишонтирди, деб ёзади сайт.

«Бинобарин, унинг Россиядаги у ёки бу сайтни блоклаш бўйича чоралари Россиянинг ички қонунларига асосланади. Бошқача айтганда, унинг қарорлари юридик кучга эга эмас ва Қозоғистон Республикаси ҳудудида ижро этилмайди», деб ёзади Arbat.media вазирлик баёнотидан иқтибос келтириб.

Қозоғистон ва Россия ўртасида икки мамлакатдаги оммавий ахборот воситалари фаолиятига ташқаридан аралашувни кўзда тутадиган келишувлар йўқ, деб қўшимча қилди вазирлик.

Айни вақтда Arbat.media ҳеч қандай Қозоғистон қонунчилигини бузмаган, деб баёнот беради вазирлик.

«Ҳар ким ўз фикрини эркин ифода этиш ҳуқуқига эга; бу ҳуқуқ давлат чегараларидан қатъи назар, оғзаки, ёзма ёки босма шаклда, бадиий кўринишда ёки турли ахборот воситалари орқали барча турдаги маълумотлар ва ғояларни излаш, олиш ва тарқатиш эркинлигини ўз ичига олади, аммо давлат миллий қонунчилик талаби билан айрим чекловларни қўллаши мумкин», дейилади баёнотда.

Бемаънилик

Россия оммавий ахборот воситалари фаолиятини тартибга солувчи Роскомнадзор ноябр ойида бу мақолани Arbat.media сайтидан олиб ташлашни талаб қилган, аммо нашр бош тортган эди.

Бу воқеа ортидан Arbat.media Россия судининг қарорига ҳазиломуз муносабат билдирган.

Нашр бош муҳаррир Сирим Иткуловнинг 6 феврал куни Facebook саҳифасида ёзишича, у Владимирдаги судга «шунчаки қизиққонлик сабаб» телефон қилиб, суд мажлисини онлайн ўтказишни таклиф қилган.

«Улар бундай «технологиялардан» фойдаланиш кўзда тутилмаганини, яъни биз уларнинг олдига боришимиз шартлигини айтишди. Бизни ҳақиқатан «мушкул» паллаларда қўллаб-қувватлаганликлари учун барчага миннатдорчилик билдираман», деб ёзади Иткулов ҳазил аралаш обуначиларига.

Россия судининг чақируви – бемаънилик, дейди россиялик журналист ва видеоблогер Иля Варламов.

«Нашрнинг бошқа давлатда, яъни Россия юрисдикциясидан бутунлай ташқарида эканлиги ҳам бюрократлар ва суднинг парвойига келмаган», деди у ўзининг YouTube каналида.

«Уларни «Арбат» номи чалғитган бўлиши мумкин, лекин бунга аниқлик киритишга ҳам эринишган», дейди Варламов Арбат – Москва марказидаги кўчанинг номи эканлигини назарда тутиб.

Россия ҳукумати ва Украинадаги урушни очиқ танқид қилишидан билиш мумкинки, Варламов ҳозир Россияда яшамайди.

Украинага босқин бошланганидан бери Россия ахборот маконини бўғаётган ҳукумат Россия юрисдикциясидан ташқаридаги оммавий ахборот воситаларини ҳам беҳуда таъқиб қилмоқда.

Украинага босқинни «махсус ҳарбий операция» деб атайдиган Кремл жамоатчилик ва оммавий ахборот воситаларидан ҳам шуни талаб қилмоқда. Россияда «уруш» ёки «босқин» сўзини ишлатиш оғир жазолар қўлланишига сабаб бўлиши мумкин.

«Роскомсвобода» мустақил мониторинг агентлиги маълумотларига кўра, 2022 йилда Роскомнадзор мамлакатда Россия расмий кун тартибига хилоф маълумотларни эълон қилган 250 мингга яқин онлайн ресурсларни блоклаган.

Роскомнадзор Украинадаги уруш ва у билан боғлиқ воқеаларни ёритаётган Қозоғистоннинг бошқа оммавий ахборот воситаларига, жумладан Informburo.kz, Vlast.kz ва Рател.кз сайтларига нисбатан талаблар қўйган.

Уларга бу нашрларидан ҳеч бири бўйсунмаган.

Расмийларнинг хабар беришича, чоршанба куни Россия суди Украинадаги урушни танқид қилган журналистни олти йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилган.

44 ёшли Мария Пономаренко ўтган йилнинг март ойида узоққа чўзилган қамалдан сўнг Россия назоратига ўтган Мариупол театри қилинган ҳужумга оид пости учун жиноий жавобгарликка тортилган.

Киев ва унинг Ғарбдаги иттифоқчилари бу ҳужумдаги юзлаб тинч аҳолининг ўлимида Москвани айблаган, Россия буни рад этмоқда.

«Беўхшов ва кулгили»

Россиянинг бемаъни ҳаракатлари халқаро меъёрларга зид, дейди Остонадаги «Ҳуқуқий медиамарказ» нодавлат ташкилоти директори Диана Окремова Карвонсарой нашрига.

«Буларнинг барчаси беўхшов ва кулгили кўринади», деди у. «Турган гапки, Қозоғистон оммавий ахборот воситалари Россия судлари юрисдикциясига кирмайди ва уларнинг буйруғига бўйсунишга мажбур эмас».

Россия расмийлари олиб бораётган цензура бефойда ва самарасиз, чунки замонавий қурилмалардан фойдаланадиган аудитория маълумотни осонгина олиши мумкин, деб қўшимча қилди у.

«Регулятор урушни уруш деб атайдиган барча веб-сайтларни блоклай олмайди. Лекин цензура тақиқланган мева каби тескари натижа беради: агар кимдир сизга нимадир мумкин эмас, деса, сиз ўшани хоҳлайсиз», деди Окремова.

Россия куч тузилмаларининг асл мақсади – қозоқ журналистлари ўз-ўзини цензура қилиб, Украинадаги урушни ёритишда эҳтиёткор бўлиши учун уларни қўрқитиб қўйиш, деб қўшимча қилди у.

Аммо Arbat.media нашрининг муносабатидан хулоса қиладиган бўлсак, Россия бу борада ҳам муваффақиятсизликка учрамоқда.

Arbat.media бош муҳаррири Иткуловнинг Карвонсаройга айтишича, Россия назорат ва ҳуқуқ-тартибот идораларининг босими нашрнинг Украинадаги уруш борасидаги таҳририят сиёсатига ҳеч қандай таъсир кўрсатмайди.

«Кремлга ёқадими-йўқми, Биз Россия ва Украинадаги геосиёсий воқеаларни холис ёритишда давом этамиз», деди Иткулов.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 2

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Аввал Қозоғистонга таҳдид қилган арбобларини тийиб олишсин.

Жавоб бериш

Кремл қўшниларини ўз ҳолига қўйиш кераклигини қачон тушуниб етаркин?! Рус дунёси, рус ҳарбий кемасининг ортидан даф бўл!!! Украинага шон-шарафлар! ЗСУга [Украина қуролли кучлари] шон-шарафлар!!!

Жавоб бериш