Карвонсарой
Оммавий ахборот воситалари

Counter-Strike ўйини Россиянинг Украинага оид цензурасини четлаб ўтишга имкон беради

Ольга Чепил

Counter-Strike: Global Offensive (CS:GO) видео ўйинидаги махфий бункер Кремлнинг Украинага қарши урушига оид янгиликлар ва суратлар, жумладан россиялик аскарларнинг Буча ва Ирпендаги ваҳшийликлари ва фуқаролик инфратузилмасига берилган ракета зарбалари харитасининг расмлари билан тўла. [Helsingin Sanomat]

Counter-Strike: Global Offensive (CS:GO) видео ўйинидаги махфий бункер Кремлнинг Украинага қарши урушига оид янгиликлар ва суратлар, жумладан россиялик аскарларнинг Буча ва Ирпендаги ваҳшийликлари ва фуқаролик инфратузилмасига берилган ракета зарбалари харитасининг расмлари билан тўла. [Helsingin Sanomat]

КИЕВ – Биринчи шахс номидан ўйналадиган дунёдаги энг машҳур Counter-Strike отишма ўйинида энди Украинадаги россиялик аскарларнинг ҳарбий жиноятлари ҳақидаги маълумотлар сақланадиган бункерга олиб борадиган, юклаб олинадиган харита мавжуд.

«Террорчилар» ва «аксилтеррор кучлари» бир-бирига қарши белгиланган вақт ичида курашадиган онлайн ўйиннинг Россияда ихлосмандлари кўп.

Россиядаги ахборот муҳити тобора иҳоталаниб бораётган бир вақтда, бу видеоўйин Россия жамиятига хабар йўллашнинг инновацион усулидир, дейди матбуот эркинлиги ҳимоячилар ва ўйинчилар.

«Темир парданинг» ортига ўтиш

2022 йилнинг ўзида Кремлнинг ОАВни назорат қилувчи «Роскомнадзор» агентлиги 247 мингта интернет-ресурсни блоклаган, деб хабар беради рақамли ҳуқуқларни муҳофаза қилувчи ва Россия Федерациясида рақамли имкониятларни кенгайтирувчи «Роскомсвобода» нодавлат ташкилоти.

Counter-Strike: Global Offensive (CS:GO) видео ўйини харитасида Харков ва Херсондаги Украина омборлари ва мамлакат мустақиллигининг ёдгорликлари акс эттирилган, дейди украиналик ярим профессионал CS:GO ўйинчиси Стивен «St1vS» Макнил Кеннет.

Counter-Strike: Global Offensive (CS:GO) видео ўйини харитасида Харков ва Херсондаги Украина омборлари ва мамлакат мустақиллигининг ёдгорликлари акс эттирилган, дейди украиналик ярим профессионал CS:GO ўйинчиси Стивен «St1vS» Макнил Кеннет.

Блокланганларнинг деярли барчаси хорижий ОАВ, шунингдек Россиядаги мустақил нашрлар бўлиб, улар Украинадаги уруш бўйича ҳаққоний маълумотларни тарқатган. Россияда Facebook ва Instagram каби машҳур ижтимоий тармоқлар ҳам блокланган.

Россия режими «темир парда» ёрдамида ўз фуқароларидан ҳақиқатни яшираётганига қарамай, Финляндия газетаси оддий россияликларга маълумот етказишнинг антиқа йўлини топди.

1 май куни Россияда блокланган Финляндиянинг Helsingin Sanomat газетаси Counter-Strike: Global Offensive (CS:GO) ўйинининг махсус харитасини чоп этди, унда ўйинчилар Кремл уруши ҳақидаги янгиликлар билан тўла махфий бункерни топиши мумкин.

Ўйиннинг ўнлаб расмий хариталари борлигига қарамай, геймерлар мавжуд бепул воситалар ёрдамида ўз хариталарини яратиши мумкин.

Газета чоп этилган харитада уруш сабабли яксон бўлган «de_voyna» номли номаълум славян шаҳри акс эттирилган, у Россияда Украинага нисбатан урушнинг тақиқланганини назарда тутиб шундай номланган.

Харита геймерлар турли буюмлар орасида Россия аскарлари Буча ва Ирпен шаҳарларида содир этган ваҳшийликларнинг суратлари, Украинадаги инфратузилмаларга берилган зарбалар харитаси ва Россияда кучли цензурага учраган бошқа маълумотларни топишлари мумкин.

Фонда Helsingin Sanomat газетаси мақолаларининг рус тилидаги аудиоси эшитилиб туради.

«Хонада Украинадаги уруш ҳақиқатда қандай кўринишга эга экани ҳақидаги ҳужжатларни кўриш мумкин», деб айтган Helsingin Sanomat газетаси бош муҳаррири Антеро Мука AFP нашрига 3 май куни.

Булар «Россия ҳукуматининг ташвиқот манбаларида топиб бўлмайдиган маълумотлар», деб тушунтирган у.

Харита чоп этилганидан икки кун ўтиб, уни икки мингдан ортиқ марта юклаб олишган, аммо газетада юклашларнинг географик маълумотлари йўқ.

«Бу ҳозирги дунёда ахборот оқимини чеклаш ва жамиятнинг кўзларини ёпишга ҳар қандай уриниш муваффақиятсизликка учрашини англатади», деб айтган Мукка.

Тахминларга кўра, бу ўйинни тўрт миллионга яқин россиялик ўйнайди, деб айтган у. «Аксар ҳолларда улар сафарбарлик ёки чақирув ёшидагилар бўлиши мумкин», деб қўшимча қилган у.

«Қойилмақом ғоя»

Helsingin Sanomat ижрочи муҳаррири Эса Мякиненнинг сўзларига кўра, газета ўйин учун хариталар ишлаб чиқиш тажрибасига эга икки мутахассисга харитани тузишга буюртма берган.

Газета, россияликларнинг катта қисми Украинада аслида нималар содир бўлаётганини билиш имконияти йўқлигини тушуниб, Россиядаги геймерлар Counter-Strike ичида «ҳақиқатни топа оладиган» воқеликни яратиш бўйича «қойилмақом ғоя» билан чиқди», деб ёзади у 3 май куни.

Харита жуда машҳур бўлиб кетган.

«Харитани кўпчилик юклаб олишга уринаётгани учун унга киришим қийин бўлди. Ўйинга кириш учун тахминан 20 дақиқа кутишимга тўғри келди», дейди украиналик ярим профессионал CS:GO ўйинчиси ва ва Украинадаги Европа университетининг Counter-Strike жамоаси аъзоси Стивен "St1vS" Макнил Кеннет.

10 йилдан бери Counter-Strike ўйнайдиган Кеннет Украина киберспорт федерациясининг мукофотларига сазовор бўлган.

«Мен харитага кирдим. Унинг асосий муждасини кўриб чиқдим», деди у. «Финлар бу харита орқали Россия террорчилар эканлигини англатишга ҳаракат қилмоқда. Улар босқинчилар. Украинлар эса ҳимоячилар».

«Улар бу харитага Украина омборларини, Украина мустақиллиги ёдгорликларини киритишган. Яъни, Харков ва Херсонда жойлашган мустақиллик рамзи бўлган ёдгорликларни», деди у.

«Буларнинг барчаси рамзий маънога эга, чунки террорчилар айнан ўша ерга – мамлакат озодлиги рамзи бўлган ёдгорликларга бомба ўрнатмоқчи».

«Ушбу харита орқали ҳозир Украинада нималар бўлаётганини, руслар нима қилмоқчи бўлаётганини тушуниш мумкин», деди Кеннет. «Улар шунчаки ҳамма нарсани йўқ қилишмоқчи.»

Хаританинг энг асосий афзаллиги ҳамма учун очиқ эканлигидир.

«Менимча, бу ғоя айрим россияликларга таъсир қилиши мумкин. Мен россиялик геймерлар билан ҳам гаплашдим, улар урушни қўллаб-қувватламаяпти. Лекин кўпчилик аслида нима бўлаётганини ҳам билмайди», деди Кеннет. «Ўйин орқали маълумот етказиш – жуда яхши ғоя.»

«Қудратли восита»

Хаританинг пайдо бўлиши билан бошланган ахборот тўлқини ижобий таъсирга эга бўлмоқда, деди Украинанинг энг илғор киберспорт портали – gameinside.ua эгаси, Украина профессионал киберспорт уюшмаси турнирларининг ташкилотчиси Геннадий Веселков.

«Ўйиннинг улкан ҳамжамияти аллақачон бу харита ҳақида ёзган. Бу миллионлаб одам деганидир», деди у.

«Финлар жуда зўр пиар-юришни ўйлаб топишди, кўпчилик буни ўз кўзи билан кўришни истайди ва, албатта, рўйхатдан ўтиб, кўради ҳам», деди у.

Бироқ, Веселков ташвиқот билан тўлиб-тошган Россия жамиятига кириб бориш жуда мушкул бўлишини айтди.

«Биз киберспортда россияликларнинг кўзини очишга кўп бор уриндик», деди у. «Уруш бошланганида блогерларимиз ва киберспортдаги инфлюенcерларимиз мурожаатлар билан чиқишди. Улар ижтимоий тармоқлар орқали боғланишга уриндилар. Энг яхши ҳолатда сукунат ҳукм сурди. Энг ёмони, улар «Россия ғалаба қозонади» деган жавобни эшитдилар.»

Шунга қарамай, таҳлилчиларнинг таъкидлашича, геймерлар жамияти қудратли аудиторияга айланмоқда ва уни эътибордан четда қолдириб бўлмайди.

«Ўйинлар ахборот урушининг воситаларидан биридир», дейди Киевдаги «Украина призмаси» ташқи сиёсат кенгашининг таҳлилчиси Александр Краев. «Биринчидан, улар маълумот узатиши мумкин. Улар одамларга таъсир қилади, чунки расмийларнинг ўйинларни блоклаши жуда қийин».

Краев янги CS:GO харитаси Россия жамиятига кескин таъсир кўрсатишига ишонмаса-да, бундай лойиҳаларни амалга ошириш керак, деб ҳисоблайди.

«Ҳатто атиги 10, 20, 30 кишини, балки юзта ёки бир неча минг кишини фикрини ўзгартиришга муваффақ бўлинса ҳам, бу [Россия президенти Владимир] Путиннинг таъсирини сусайтиради

Россиялик геймерлар Counter-Strike ўйинига киритилган фактларга ишонмаса ҳам, уларда Кремлнинг кучига шубҳа пайдо бўлиши мумкин.

«Бу ерда русларга йўлланган асосий мужда шу: бу ҳукуматга ишониб бўлмайди, чунки у сизнинг хавфсизлигингизни, ҳатто ахборот хавфсизлигини ҳам кафолатлай олмайди», деди Краев.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Counter-Strike афсонавий ўйин, дастур ишлаб чиқувчилари ҳам биз тарафда!

Жавоб бериш