Карвонсарой
Терроризм

Ироқ қамоқхоналаридаги ўзбек аёллари ватанига қайтишни сўрамоқда

Руслан Темиров

27 апрел куни интернетда тарқатилган видеомурожаатда Ироқнинг «Русафа» қамоқхонасида жазо муддатини ўтаётган 44 нафар ўзбекистонлик аёл президент Шавкат Мирзиёевдан ватанига қайтишда ёрдам сўраган. [Карвонсарой]

27 апрел куни интернетда тарқатилган видеомурожаатда Ироқнинг «Русафа» қамоқхонасида жазо муддатини ўтаётган 44 нафар ўзбекистонлик аёл президент Шавкат Мирзиёевдан ватанига қайтишда ёрдам сўраган. [Карвонсарой]

ТОШКЕНТ – Ироқ қамоқхонасидаги ўзбек аёллари жазо муддатини ўз ватанларида ўташ имконига эга бўлишлари керак, дейди кузатувчилар. Уларнинг таъкидлашича, оила билан қайта бирлашиш реабилитациянинг муҳим унсурларидан биридир.

27 апрел куни 44 нафар ўзбекистонлик маҳбус аёл ватанига қайтишда ёрдам сўраб, президент Шавкат Мирзиёевга мурожаат қилган.

Бу аёллар илгари «Ислом давлати» (ИД) билан алоқадор бўлгани сабабли турли айбловлар билан Бағдоддаги «Русафа» қамоқхонасида сақланади.

Уларнинг кўплаб фарзандлари аллақачон Ўзбекистонга қайтарилган ва реабилитациядан ўтган.

2021 йилда «Меҳр» операцияси доирасида ўз қишлоғига қайтарилган Хотира Йўлдошева 2 сентябр куни Наманган вилоятида маҳаллий ҳокимият кўмагида барпо этилган янги уйи олдида турибди. [Шохруҳ Йўлдошев]

2021 йилда «Меҳр» операцияси доирасида ўз қишлоғига қайтарилган Хотира Йўлдошева 2 сентябр куни Наманган вилоятида маҳаллий ҳокимият кўмагида барпо этилган янги уйи олдида турибди. [Шохруҳ Йўлдошев]

Уларнинг интернетда тарқалган расмий мурожаати тахминан бир дақиқа давом этадиган паст сифатли видеода акс этган. Видеоёзувда қамоқхона муассасаларидан бири эканлиги тахмин қилинган хонада бир неча аёл ва болалар бор.

Уларнинг юзлари ёпиқ бўлиб, қимирламай ўтиришган, уяли телефон камераси улар тарафга қаратилганида фақат болалар қўлларини силкитишган.

Аёллардан бири мурожаатни қоғозга қараб ўқиган:

«Биз Ироқнинг Бағдод шаҳри 6-аёллар қамоқхонасидаги ўзбекистонлик аёллармиз. Олти йилдан бери бизга мажбуран қўйилган айбловлар билан бу ерда жазо муддатини ўтаяпмиз. Биз бу жазодан озод бўлиб, юртимизга, оиламизга, ота-онамиз ва фарзандларимиз бағрига қайтишни жуда хоҳлаймиз. Ва бу борада сиздан ёрдам сўраймиз, Шавкат Миромонович [Мирзиёев]».

«Фарзандларимизни олиб қўйишгани тўрт йилдан ошди. Ўшандан бери уларни кўрмадик. Ота-оналаримизни кўрмаяпмиз. 2023 йил 24 апрелда очлик эълон қилганмиз», деб давом этади аёл.

Очлик эълон қилиш

Бу аёллар қамоқхонада эълон қилинган кенгроқ миқёсдаги очлик амалиётида иштирок этаётган кўринади, унда камида 400 нафар аёл, жумладан, камида саккиз давлатдан келган хориж фуқаролари қўшилишган, деб хабар берди Би-би-си 5 май куни.

Шунингдек, жазони ўташ муассасасида 100 га яқин бола сақланмоқда, уларнинг аксарияти шу ерда дунёга келган.

Аёллар адолатсиз суд ишлари натижаси бўлган айблов ҳукмларига ҳам, қамоқдаги шароитларга ҳам норозилик билдирмоқда, деб хабар беради ББC.

Ноқонуний мусодара қилинган мобил телефон орқали Би-би-си билан гаплашган маҳбусларнинг айтишича, улар битта камерада 40 тача одамни сақлашган, уларга ғайриинсоний муомала қилиниб, тез-тез калтакланган.

Уларнинг даъво қилишича, сўнгги олти йил ичида «Русафа» қамоқхонасидаги маҳбуслар орасида 60 га яқин катталар ва 30 га яқин бола ҳалок бўлган.

Би-би-си ва бошқа нашрлар бу маълумотларни тасдиқлай олмаган.

Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов 28 апрел куни ўзбекистонлик маҳбус аёлларнинг видеомурожаатига изоҳ берди.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон расмийлари қамоқхонадаги маҳбусларнинг оғир ва ўта қониқарсиз шароитидан хабардор.

«2019 йилда Ироқ ҳукумати билан эришилган келишувга мувофиқ, маҳбус аёлларнинг 64 нафар фарзанди Ўзбекистонга олиб келинди. Улар яшаш жойи бўйича қариндошлари қарамоғига, шунингдек, меҳрибонлик уйларига топширилди», деди Шамсутдинов.

У шунингдек, видеодаги аёллар бир вақтлар Сурия ва Ироқдаги ИД сафларида бўлгани ва ушбу террорчилик ташкилотининг аъзоси сифатида судланганини айтди.

Ироқ ҳуқуқ-тартибот идоралари бу аёлларни 2017 йилда ҳибсга олган. Улардан тўрт нафари умрбод қамоқ жазосини ўтамоқда, қолганлари эса 15-20 йилга ҳукм қилинган.

Айни пайтда судланган аёллар халқаро ҳуқуқ меъёрларига мувофиқ жазо муддати тугаганидан сўнг, Ўзбекистонга қайтарилиши лозим.

«Энг мудҳиш сабоқ»

Ўзбекистон 2019-2021 йиллар давомида Сурия, Ироқ ва Афғонистондаги жанговар ҳудудлар ва қочқинлар лагерларида сақланаётган аёллар ва болаларни ватанига қайтариш бўйича «Меҳр» операцияси деб номланган бешта махсус инсонпарварлик тадбирини ўтказди.

Ушбу саъй-ҳаракатлар натижасида 550 дан ортиқ Ўзбекистон фуқароси ўз ватанига қайтарилди.

Бироқ, айрим кузатувчиларнинг фикрича, аксари турмуш ўртоғи ортидан ёки алдов билан Ироқ ва Суриядаги ИД «халифалигига» қўшилиб қолган бу аёлларга ёрдам бериш учун бу чоралар етарли эмас.

Ватанига қайтарилганлардан бири Наманган вилоятида туғилган Хотира Йўлдошевадир.

«13 ёшимда, 1999 йили онам билан Афғонистонга йўл олдик. Мени эрта турмушга беришди. 2001 йили 15 ёшимда илк фарзандимни дунёга келтирдим. Кейин 2003 йилда Сурияга кетдик», дейди у.

Сурияда Йўлдошева бир неча марта турмушга чиқиб, яна бешта бола туққан.

Болалари билан узоқ йиллик сарсон-саргардонликдан сўнг, у Суриянинг Ал-Ҳол қочқинлар жамлоғига тушиб қолиб, уч йил ўша ерда бўлган. Ўғилларидан бири вафот этган, бири Сурияда қолган, Йўлдошева эса катта қизи билан уйига қайтган.

Кейинроқ унинг бошқа болалари самолётда қайтиб келишган – осколкадан яраланган ўғли, қиз ва ўғил эгизаклар ҳамда 10 яшар кенжа қизи.

Ўшандан бери тикувчилик касбини эгаллаган тўнғич қизи уйига бронхит ва ошқозон касаллиги билан қайтган.

«Ҳукуматимиз бизни уй-жой билан таъминлади, тикув машинаси совға қилди ва қизимнинг даволанишига пул тўлади», дейди у.

«Гулсум қизим ҳунарли бўлди, фарзандларим мактабга, набирам боғчага қатнаяпти.»

«Аммо ўғлимнинг ўлими мен учун энг мудҳиш сабоқдир», дейди у.

Аёлларга ёрдам бериш чақириқлари

Ўзбекистон «Меҳр» дастурида белгиланган тамойилларга қатъий амал қилади: турли сабаблар билан экстремистик гуруҳлар назоратидаги ҳудудларга тушиб қолган аёллар ва болалар имкон қадар ватанига қайтарилиши керак, дейди Ўзбекистон Фанлар Академиясининг Давлат ва ҳуқуқ институти катта илмий ходими Равшан Назаров.

«Ушбу аёллар хорижий мамлакатларда қамалган бўлса ҳам, жазо муддатининг қолган қисмини ўз ватанида ўташ учун қайтарилиши керак», дейди Назаров.

«Бу уларга қариндошлари ва дўстлари билан мулоқотда бўлиш имконини беради – бу ижтимоий-психологик реабилитация ва қайта ижтимоийлашув жараёнининг жуда муҳим элементидир».

Бундан ташқари, янги таҳрирдаги Конституциянинг 23-моддасига кўра, «Ўзбекистон Республикаси мамлакат ҳудудида ҳам, хорижда ҳам ўз фуқаролари хавфсизлиги ва ҳимоясини кафолатлайди».

Ўзбекистондаги Минтақавий таҳдидларни ўрганиш маркази директори Виктор Михайловнинг фикрича, бу маҳбуслар жангариларнинг аёлларидир.

«Қарашлари анча радикал бўлса-да, улар қўлига қурол олмаган», деди у. «Ўзбекистон расмийлари Ироқ ҳукумати билан ўзбек фуқароларига жазони ўз ватанида ўташга рухсат бериш бўйича музокара олиб бормоқда.»

Унинг айтишича, Ўзбекистон фуқароларини ватанига қайтариш бўйича келишувга эришилмаган тақдирда ҳам «лоақал жазо муддатини қисқартиришга келишиш мумкин».

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500