ОЛМАОТА – Қўшма Штатлар Марказий Осиёда тараққиёт ва хавфсизликни мустаҳкамлашга қаратилган бир қатор инвестиция лойиҳаларида иштирок этмоқда.
«C5+1» гуруҳи давлатлари – Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон ва АҚШ делегациялари 15-16 июл кунлари Тошкентда ўтган «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдид ва имкониятлар» халқаро анжумани доирасида учрашдилар.
«C5+1» мамлакатлари расмийлари минтақанинг транзит, савдо ва энергетика маркази сифатидаги салоҳиятидан максимал даражада фойдаланиш режаларини муҳокама қилиб, минтақавий ҳамкорлик ва тараққиётнинг янги истиқболларини белгилаб олдилар.
АҚШнинг Марказий Осиё ва Афғонистон олдидаги мажбуриятлари
31 августга қадар Афғонистондан ўз қўшинларини олиб чиқишни режалаган АҚШ учрашув якунидаги қўшма баёнот орқали Марказий Осиё ва Афғонистон олдидаги мажбуриятларини аниқ баён қилди.
«C5+1 мамлакатлари савдо, транспорт ва энергетика алоқалари орқали Марказий ва Жанубий Осиё минтақалари ўртасидаги ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш учун минтақавий дипломатик платформамиз орқали ҳамжиҳатликни кучайтириш ва янги имкониятлар излаш тарафдори эканликларини тасдиқлайдилар», дейилади баёнотда.
«C5+1 ўзаро боғлиқликнинг кучайиши Марказий Осиёда фаровонлик ва хавфсизликни таъминлашдек умумий мақсадга эришишга кўмаклашишини тан олади.»
«C5+1» мамлакатлари инфратузилмани модернизация қилиш ва Марказий Осиё орқали юк ташиш салоҳиятини ошириш, шунингдек компаниялар ўртасидаги трансчегаравий алоқаларни кучайтиришга ёрдам берадиган бир қатор инвестиция лойиҳаларини ишга туширишга келишиб олдилар.
Улар, шунингдек, энергетика ва атроф-муҳит муаммоларини ҳал қилишга, жумладан энергетика соҳаси самарадорлигини оширишга, қайта тикланадиган энергия манбаларини кенгайтириш ва самарали жорий қилишга ваъда бердилар.
Шунингдек, иқлим ўзгариши, ҳавонинг ифлосланиши ва сув ресурслари танқислигига қарши кураш соҳасидаги ҳамкорлик, шунингдек инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш ва қонун устуворлигини мустаҳкамлаш бўйича саъй-ҳаракатларни кучайтириш – бошқа мақсадлар қаторида тилга олинди.
Энг узун банд «C5+1»нинг Афғонистонда хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш мажбуриятига тааллуқлидир.
«C5+1 Афғонистондаги тинчлик жараёни учун қулай бўлган барқарор ва фаровон шароитлар яратишга интилади.»
Унда бир нечта муҳим жиҳатлар ўз тасдиғини топди, жумладан: «сиёсий тартибга солишга оид мустақил музокараларни тезлатиш, адолатли ва мустаҳкам тинчликка эришишнинг ягона йўли сифатида музокаралар воситасида сиёсий тартибга солиш орқали барча афғонистонликларнинг асосий ҳуқуқларини ҳурмат қилувчи инклюзив сиёсий тизимга эришиш, Афғонистонда зўрлик билан янги ҳокимият ўрнатилишини қўллаб-қувватламаслик, С5+1 аъзолари ёки бошқа мамлакатларга таҳдид ёки ҳужум қилиш учун террорчи ва учинчи тараф кучларининг Афғонистон ҳудудидан фойдаланишига ҳеч қачон йўл қўйилмаслиги.»
Марказий Осиё салоҳияти
АҚШ ҳукуматининг минтақани ривожлантиришга оид ташаббусидан бирламчи ва асосий манфаатдорлар орасида Қозоғистон ҳам бор.
Январ ойида Қозоғистон ва Қўшма Штатлар қиймати 1 миллиард долларгача бўлган қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш тўғрисида битим имзоладилар.
Америка Қўшма Штатлари бутун Марказий Осиё минтақаси ўз суверенитети ва кучли геосиёсий позициясига эга бўлишини истайди, деган эди АҚШ Халқаро тараққиёт молия корпорациясининг ўша пайтдаги бош директори Адам Болер январ ойида Қозоғистоннинг Vlast.kz нашрига.
Айни пайтда Қўшма Штатлар Қозоғистон энергетикасининг етакчи инвестори бўлиб, янги инвестициялар қайта тикланадиган энергия, қишлоқ хўжалиги ва туризмга йўналтирилади, деди у.
Булар Қозоғистон ҳукумати ривожланишига устувор аҳамият қаратадиган стратегик соҳалардир.
Масалан, 26 май куни энергетика соҳасига бағишланган ҳукумат мажлисида президент Қосим-Жўмарт Тўқаев 2030 йил учун умумий энергия ишлаб чиқаришдаги қайта тикланувчи энергия манбаларининг мақсадли улушини аввалги 10% лик кўрсаткичдан 15% га кўтарган.
Қўшма Штатлар, шунингдек, кичик бизнес эгаларига, хусусан аёлларга молиявий кўмак беради, деди Болер.
«Вазифамиз – Марказий Осиёда инвестиция фаолиятини жадаллаштириш», деди у. «Ўйлайманки, биз минтақага қизиқиш кучаяётганини кўрамиз.»
Хитойнинг қарз сиртмоғи
АҚШ ҳукуматининг Марказий Осиёдаги ҳаракатлари Хитойнинг «Бир камар, бир йўл» ташаббуси лойиҳаларидан кескин фарқ қилади.
Тажриба шуни кўрсатадики, Хитойнинг катта йўлларни қуриш каби инфратузилма лойиҳалари Марказий Осиё иқтисодиётларига хизмат қилишдан кўра, кўпроқ Пекин манфаатларини кўзлайди.
Хитой, айниқса ўзининг энергетика эҳтиёжларини қондириш, халқаро бозорларни забт этиш ва ўз маҳсулотларини узоқ масофадаги давлатларга етказиш бўйича қуруқлик бўйлаб қулай экспорт йўллари тизимини яратишга интилмоқда, дейди таҳлилчилар.
Марказий Осиё мамлакатлари учун жуда қиммат бу лойиҳалар қарз қопқонига айланиб, стратегик конларнинг қўлдан чиқарилишига сабаб бўлмоқда.
Мисол учун, 2018 йил баҳор ойларида, «Душанбе-2» электростанциясининг модернизацияси бўйича 330 миллион долларлик қарзни тўлаш учун Тожикистон Сўғд вилоятидаги Юқори Қумарг олтин конини 50 тонна олтин захираси билан Хитойга топширган эди.
Энди Қирғизистон давлат активларини топшириш хавфи олдида турибди.
Пекин COVID-19 пандемиясининг фалокатли иқтисодий таъсирини инобатга олмай, Бишкекнинг Хитой олдидаги қарзлари шартларини енгиллаштириш, энг камида муддатни узайтириш талабларини рад этган.
Қарийб бир йил давомида бу илтимосларни эътиборсиз қолдириб келган Пекин ниҳоят ноябр ойида 2020 йил учун тўловни келаси тўрт йилга бўлиб беришга рози бўлди, аммо бу «имтиёз» эвазига қарзга яна 2 фоизлик устама қўшди.
Қирғизистоннинг 5 миллиард АҚШ долларига тенг ташқи қарзининг 40 фоизидан ортиғи Хитойга тегишли.
Хитой одатда «Бир камар, бир йўл» ташаббуси лойиҳаларини молиялаштириш шартлари ва олувчи тарафга нисбатан талабларни яширади, дейди Шарқ-Ғарб халқаро геосиёсий прогнозлар маркази вакили ва минтақавий хавфсизлик бўйича Нур-султонлик мутахассис Арман Темиржан.
«Қарзни тўлаш вақти келганида бу келишувларнинг жиддий хавфи ойдинлашади», дейди у.