МОСКВА – Сешанба (23 ноябр) куни Москва суди прокурорларнинг Россиядаги энг таниқли ҳуқуқбон ташкилот – «Мемориал»ни ёпиш ҳақидаги талабини кўриб чиқишни бошлади. Бу чора мамлакат ичи ва халқаро майдонда кескин танқидларга сабаб бўлган.
«Мемориал»нинг ўнлаб тарафдорлари совуқ ҳавога қарамай, Москва шаҳар судининг биноси олдида 1989 йилда Совет даврига оид жиноятларни ҳужжатлаштириш учун таъсис этилган ташкилотни ёпишга бағишланган икки суд мажлисининг биринчисига тўпландилар.
Сешанба кунги дастлабки эшитувлар сиёсий маҳбуслар, мигрантлар ва бошқа ҳимоясиз қатламлар ҳуқуқлари учун курашадиган Москвадаги «Мемориал» марказини ёпиш ҳақидаги прокурорлар талабига бағишланди.
Марказий Осиёлик меҳнат мигрантлари полициянинг ҳуқуқбузарликлари ва коррупцияга ботган иш берувчилардан мунтазам азият чекиб келади. Калтаклаш ва маошини олиб қўйиш каби жиноятлар шулар жумласидандир.
Апрел ойида «Мемориал» бошқа ҳуқуқбон ташкилотлар қатори мамлакатнинг Суриядаги ҳарбий ҳаракатлар қурбонларини ёритувчи, Россиянинг ўн йиллик Сурия можаросидаги иштирокига оид даҳшатли ҳисоботни чоп этган.
Прокуратура марказни «хорижий агентлар» тўғрисидаги Россия қонунини бузишда ва сиёсий маҳбуслар (улар орасида Кремлнинг бош танқидчиси Алексей Навалнийҳам бор) рўйхатини эълон қилиш орқали «терроризм ва экстремизм»ни оқлашда айбламоқда.
Улар, шунингдек, Олий суддан Совет давридаги таъқиблар қурбонларини, жумладан, ГУЛАГ маҳбусларининг хотирасини абадийлаштиришга ихтисослашган халқаро «Мемориал» ташкилотини ёпишга оид талабномани маъқуллашни сўраганлар.
Совет даврини эслатувчи атама – «хорижий агент» мақомидаги жисмоний шахслар ёки ташкилотлар молиялаштириш манбаларини ошкор қилишга ва барча материаллари, жумладан, ижтимоий тармоқдаги хабарларга алоҳида белги қўйишга мажбур, акс ҳолда улар жаримага тортилади.
Мамлакатдаги етакчи мустақил ОАВ, жумладан «Медуза» янгиликлар сайти ва «Дождь» телеканали «хорижий агентлар» деб эълон қилинган.
«Мемориал» инсон ҳуқуқлари маркази 2014 йилда, халқаро «Мемориал» эса 2016 йилда ҳукуматнинг «хорижий агентлар» реестрига киритилган.
Бу икки ташкилот биргаликда «Мемориал» фаолиятининг асосини ташкил қилади.
«Сиёсий қарор»
Шу ой бошида, 11 ноябр куни прокуратура президент Владимир Путин танқидчиларининг овозини ўчиришга қаратилган ҳуқуқий уриниш доирасида «Мемориал»ни ўзи тан олмаётган тизимли қоидабузарликлар сабаб тарқатиб юбориш ҳақида қарор қабул қилган.
«Мемориал» шу йил бошида «хорижий агент» ёрлиғини олган суриштирув бидан шуғулланувчи саноқли ахборот агентликлари, журналистлар ва ҳуқуқбон ташкилотлардан биридир. Кузатувчилар бу жараённи мустақил ташкилотларга қарши олиб борилаётган тарихий тазйиқ деб баҳоламоқда.
«Мемориал»га кўра, суд иши «қонуний асосга эга эмас».
«Бу – сиёсий қатағонлар тарихини ўрганишга ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга бағишланган «Мемориал»ни йўқ қилишга қаратилган сиёсий қарор», дейилади «Мемориал» баёнотида.
«Биз бу қонун аввалдан мустақил ташкилотларга қарши кураш воситаси сифатида ишлаб чиқилганини бир неча бор айтганмиз ва у бекор қилиниши кераклигини таъкидлаганмиз», дейилади унда.
Октябр ойи охирида «Мемориал» Россияда сиёсий маҳбуслар сони сўнгги йилларда кескин ошганини, бу Совет даври репрессияларини ёдга солувчи тенденция эканлигини айтган эди.
Ташкилот ўтган йили 420 та сиёсий маҳбус, жумладан асабни фалажловчи Новичок моддаси билан ҳужумга учраган Навалнийни рўйхатга олган эди – 2015 йилда уларнинг сони 46 та бўлган.
Кескин танбеҳ
«Мемориал»ни ёпиш ҳақидаги қарор маҳаллий ва халқаро миқёсдаги танқидларга сабаб бўлди.
Ўтган пайшанба кунги матбуот анжуманида инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларининг ҳолати бўйича БМТ махсус маърузачиси Мери Лолор агар Россия ташкилотни ёпиш режаларини амалга оширадиган бўлса, бу БМТ қадриятларига нисбатан «ўтакетган беписандлик» бўлишини айтиб огоҳлантирган эди.
«Шунингдек, агар «Мемориал» нишонга олинса, Россиядаги қолган фуқаролик жамияти иштирокчилари ҳам нишонга олиниши фақат вақт масаласи бўлиб қолади, деб қўрқаман», деб айтган у.
«Мемориал» асосчиларидан бири, тарихчи Ирина Шчербакованинг айтишича, бу чора Кремлнинг «кескин» диктаторлик бурилиши ясаганидан далолат бермоқда.
«Вазият кескин равишда ёмонлашмоқда, диктатура янада репрессив тус олмоқда», деб айтган эди Шчербакова 17 ноябр куни. «У шу даражада очиқдан-очиқ репрессивки, ҳатто ишониш қийин.»
Россияда тарихий хотирани сақлаб қолиш ва инсон ҳуқуқларининг бузилишига қарши кампаниялар ўтказувчи «Мемориал» узоқ йиллар давомида Россия ҳукумати нишони остида бўлган.
Мамлакат ичида ва хорижда 50 га яқин шўъбаларга эга ташкилот мунтазам равишда Тинчлик учун Нобел мукофотининг эҳтимолий лауреати сифатида тилга олинган.
Совет Иттифоқининг сўнгида таркибига Тинчлик учун Нобел мукофоти лауреати ва Совет диссиденти Андрей Сахаров кирган гуруҳ томонидан асос солинган ташкилотнинг вазифаси Совет ҳукумати томонидан содир этилган жиноятларни фош этиш ва ҳужжатлаштириш бўлган.
Россиянинг демократлашуви тимсоли бўлган «Мемориал» 1990 йилларда Совет даврининг жиноятларига оид жуда катта архив тузган. Шунингдек, гуруҳ мамлакат бўйлаб, айниқса беқарор Шимолий Кавказда инсон ҳуқуқлари учун курашади.
Одамлар овозини ўчириш
Прокуратуранинг «Мемориал»ни ёпиш ҳақидаги қарор қабул қилиши гуруҳ учун кутилмаганда юз берди, дейди Шчербакова.
«Мемориал» ўзига қарши қаратилган медиа-кампания фонида «бир талай кўнгилсизликларни» кутган бўлса-да, ҳукумат қай даражада тез ҳаракат қилаётганидан ҳайратда қолди, дейди у.
Мақсад одамларнинг овозини ўчириш, уларни қўрқитиш, деди у.
«Улар ҳар қандай кучдан фойдаланишга ва одамларда ҳимоя ва ҳуқуқ йўқлигини кўрсатишга тайёр», деди у.
Кутилмаган қарордан кейин «Мемориал»га мунтазам равишда қўллаб-қувватловчи «қўнғироқлар» ва хатлар келиб тушмоқда, деди Шчербакова. У ташкилот келажаги ҳақидаги қарор «аллақачон қабул қилиб бўлинганидан» хавотирда эканини айтди.
Гуруҳ «курашишда давом этиши керак», деб қўшимча қилди у. «Ҳақиқат биз томонда.»
Совет даври репрессияларига оид кўпчилик архив ҳужжатлари интернетда бор, шунинг учун уларни йўқ қилиш «имконсиз», деб таъкидлади у.
«Ҳозирги вазият одамлар ҳамма нарсадан бехабар бўлган 1970-йиллардаги каби эмас», деди у.
Россияда демократиянинг сўнгги излари йўқ қилинди. Мамлакат тоталитар қамоқхонага айланди.
Жавоб беришФикрлар 1