ТОШКЕНТ – Электр таъминотидаги мунтазам узилишлар ҳамда Twitter ва TikTok каби машҳур сайтларнинг блоклангани туфайли Ўзбекистон технологик бум учун муносиб номзод бўлиб кўринмаслиги мумкин.
Аммо Россиянинг Украинага босқини ахборот технологиялари (IT) мутахассисларини собиқ Совет Иттифоқининг бошқа мамлакатларига кўчиб ўтишга ундар экан, Ўзбекистон ҳукумати пахта етиштириш кўлами билан машҳур бўлган иқтисодиётни модернизация қилиш режаларини тезлаштиришга умид қилмоқда.
24 феврал куни Россия Украинага бостириб кирганидан сўнг, IT-мутахассислар ва компаниялар учун мўлжалланган универсал релокация дастурини ишга тушириш учун Ўзбекистонга бор-йўғи бир кун керак бўлди.
Орадан икки ҳафта ўтмай, 10 март куни Ўзбекистон ҳукумати ушбу дастур учун itvisa.uz веб-сайтини ишга туширди.
Ҳукумат маълумотларига кўра, жисмоний шахслар учун визалар, уй-жой, рўйхатдан ўтишда ёрдам ва компанияларга солиқ имтиёзларини таклиф қиладиган дастур аллақачон 2000 та хорижий ИТ мутахассисни жалб қилишга улгурди, дейилади AFPнинг ўтган ҳафтадаги хабарида.
1 апрелдан бошлаб, Ўзбекистон соҳадаги инвесторлар, таъсисчилар ва мутахассислар ҳамда уларнинг оила аъзолари учун уч йиллик махсус IT визасини ҳам таклиф қила бошлаган.
Яқинда Тошкентдаги Ўзбекистон давлат IT-паркида жамоатчилик билан алоқалар бўйича менежер сифатида иш бошлаган Россия фуқароси Анастасия Маркова – янги келганлардан бири.
22 ёшли Маркова апрел ойида Россияда турмушга чиқиши керак эди, бироқ IT-паркда рўйхатдан ўтган компания ходими бўлмиш бўлажак эри билан Москвадан Тошкентга келган ва ҳозирда улар доимий яшаш учун жой изламоқдалар.
Маркова Ўзбекистон мустақилликка эришганидан ўттиз йил ўтиб, Совет Иттифоқи парчаланганидан кейин ҳам рус тили кенг қўлланиладиган бу шаҳарда ўзини қулай ҳис қилаётганини айтади.
«Мамлакат бизни ўз одамидек қабул қилди. Одамлар жуда самимий ва меҳмондўст», дейди у.
Россияни минглаб IT соҳаси вакиллари тарк этмоқда
Тарк этган мамлакатидан кўра, янги уйи ҳақида кўпроқ гапиришга уринган Маркова Россиядан кетиш қарори «бир қатор ижтимоий ва иқтисодий омиллар» туфайли «кўпчиликда бўлгани каби» шошилинч қабул қилинганини айтади.
Ўзбекистон ва қўшни Қирғизистонга кўчиб ўтган яна бир қанча россиялик фуқаролар Россияга нисбатан танқидий муносабат оқибатларидан қўрқиб, AFPга интервью беришдан бош тортганлар.
550 та компанияни ўз ичига олган ва ҳукуматнинг эътибор марказида бўлган Тошкентдаги IT-парк 2028 йилга бориб, Ўзбекистон ахборот технологиялари экспортини 1 миллиард доллардан кўпроққа етказишни мақсад қилган – бу 2021 йилдагига нисбатан 25 баробар кўп.
Паркка кираверишдаги ёғоч панелга «START local and GO Global» шиори битилган. Бино ичидаги столларда эса ёрдам хизматининг кундалик кийимдаги ва қулоқликлар таққан ёш ходимлари ишлайди.
IT-парк аллақачон TashRush деб номланган релокация дастуридан фойда кўрмоқда – «бу ном биз гувоҳи бўлаётган ҳодисага энг мос бўлиб туюлди», дейди парк директори ўринбосари Баҳодир Аюпов.
22 март куни Россия электрон коммуникациялар уюшмасининг маълум қилишича, ҳозирга қадар Россияни 50-70 минг мутахассис тарк этган бўлиб, апрел ойида уларнинг ортидан яна 100 мингга яқин мутахассис кетиши мумкин.
Ҳозирда россиялик IT мутахассислар орасида Ўзбекистоннинг оммавийлик даражаси Грузия, Туркия ва Арманистонникига нисбатан пастроқ.
Ўзбекистон ушбу соҳа ривожида бошқа постсовет мамлакатлардан ортда қолган. Сўнгги пайтларда мамлакатда қиш мавсумида энергия тақчиллиги кузатилмоқда, айни пайтда ҳатто Тошкентда ҳам электр таъминотида узилишлар бўлиб туради.
Аммо Ўзбекистонда интернет тезлиги «анча яхшилангани» натижасида ўтган йили IT соҳасидаги экспорт 2020 йилдагига нисбатан икки баравар ошди, деди Аюпов.
Ўзбекистон ҳукумати ўтган ой афтидан, бизнесни қўллаб-қувватлаш мақсадида Skype мулоқот платформасидаги узоқ муддатли блокировкани олиб ташлаган.
Twitter, TikTok ва Россиянинг энг машҳур ижтимоий тармоғи – ВКонтакте блокланган ҳолда қолмоқда.
«Репрессиялар ғилдираги»
Шундай қийинчиликларга қарамай, юртидан кетган россияликларнинг айримлари қайтишдан кўра, Ўзбекистонда қолишни афзал кўришини айтади.
Россиянинг Украинага бостириб кириши ортидан эри билан Самарқандга кўчиб келган 42 ёшли Олга собиқ Ипак йўли қалъасига иштиёқманд бўлганини ва рақамли музейлар куратори сифатидаги тажрибаси унга иш топишда ёрдам беришига умид билдирди.
«Аввалига биз бу ерда бир неча кун бўламиз, деб ўйлагандик, лекин кўпроқ қолишга қарор қилдик», деди фамилиясини ошкор қилишни истамаган Ольга. «Тамоман бегона одамлар бизга жуда яхши муносабатда бўлишди.»
Олга ва унинг турмуш ўртоғи репрессиялар ғилдираги айланаётган ва яна узоқ вақт айланадиган Россияга қайтишни режалаштирмаяпти.
22 яшар график дизайнер Иван Наумов ҳам имкон қадар шу мамлакатда қолишни режалаштирмоқда.
Наумов чегараларнинг ёпилиши ва ҳарбий хизматга чақирилиши мумкинлигидан қўрқиб, босқин бошланган куннинг эртасига Россияни тарк этишга қарор қилган.
Самарқандга мақбул нархга чипталар чиқди ва Наумов бошқа юртга боришдан олдин бир неча кун ўша ерда қолишни ўйлади. Аммо, кейинроқ у Россия банкидаги ҳисобрақамларидан пул ечиб олишда муаммоларга дуч келди ва кутилганидан узоқроқ қолиб кетди.
Наумовнинг бу шаҳар ҳақидаги таассуротлари ажойиб, унинг айтишича, шаҳар гўзал, нархлар эса нисбатан арзон.
Ёрдам керак бўлса, Ўзбекистонликлар доим ёрдамга тайёр, деб қўшимча қилди у.
«Бу ерда танишларим йўқ, фақат менга ўхшаб Россиядан кетган кўплаб русларни учратдим, холос», дейди Наумов Карвонсаройга.
«Россияга қайтаманми-йўқми, бирон нима дейиш қийин. Афсуски, у ердаги вазият ёмонлашмоқда.»
Янги келганларни ўзбекистонлик IT-мутахассислар ҳам қабул қилмоқдалар.
Баҳодир исмли тошкентлик дастурчининг айтишича, чет эллик IT-мутахассислар оқими туфайли ўзбекистонлик соҳа вакиллари рақобатдан қўрқмасликлари керак.
«Бизнинг IT-бозоримиз эндигина ривожланиш босқичида», деди у Карвонсаройга. Бу ерда соҳа мутахассисларига талаб катта, ўйлайманки, иш ўрни етарлича бўлади.
Илова дастурчилари ва Big Data таҳлилчиларига талаб ҳар қачонгидан ҳам юқори, деб қўшимча қилди у.
«Киберхавфсизлик соҳасидаги лойиҳаларга келсак, банклар каби йирик ўзбекистонлик мижозлар аввал ҳам россиялик мутахассислар хизматидан фойдаланар эди. Шунчаки, ўша мутахассислар ҳозир бу ерга келишди», дейди Баҳодир.
Муаллиф, энди кўчириш дастури бўйича қанча Ўзбекистон фуқароси кўчиб кетгани ҳақида ҳам ёзинг! :) Кўпам керилманг; сизнинг афсонавий «ИТ-мутахассисларингиз» ҳам, саноат паркингиз ҳам ҳеч кимга керак эмас. Бу айтигастарбайтерлар бир-икки ойдан кейин Ўзбекистондан худди шундай даф бўлишади ))) Уларнинг байроғи ҳам, ватани ҳам йўқ.
Жавоб беришФикрлар 4
Бешинчи колонна кучайиши мумкин
Жавоб беришФикрлар 4
Россиядан шунчалик кўп дастурчилар қочиб кетишдики, у крепостной ҳуқуқи амал қилган ўзининг севимли 17-асрига равона бўлиб бормоқда.
Жавоб беришҚайси дастурчилар? :) Дарахтни тепсанг, дастурчи ёғилади, аслида улар ўзини даҳо деб биладиган ўртамиёналар, унақалар бутун дунёда тўлиб ётибди )))) Ҳеч ким улар учун навбатга турмайди; аксинча, улар иш берувчиларнинг остонасига бош уради )))
Жавоб беришФикрлар 4