Карвонсарой
Хавфсизлик

Россиянинг ер усти миналари ва портламай қолган ўқ-дорилари украиналик тинч фуқаролар учун хавф туғдирмоқда

Олга Чепил

Украиналик сапёр яқинда тақдирланган бомба исковуч ит Патрон билан бирга ишламоқда, сурат санаси номаълум. [Украина давлат фавқулодда вазиятлар хизмати]

Украиналик сапёр яқинда тақдирланган бомба исковуч ит Патрон билан бирга ишламоқда, сурат санаси номаълум. [Украина давлат фавқулодда вазиятлар хизмати]

КИЕВ – Украиналик мина исковуч ит Украинанинг Россияга қаршилиги тимсолига ва бундай миналарнинг фалокатли хавфи ҳақидаги эслатмага айланди.

Президент Владимир Зеленский якшанба (8 май) куни Киевда ўтган маросимда Россия ҳужуми бошланганидан бери 200 дан ортиқ портловчи қурилмаларни искаб топган жек-рассел-терьер зотли ит – Патронни нишон билан тақдирлади.

«Мен ватанимизни миналардан тозалаётган қаҳрамонларни тақдирламоқчиман», деб айтган Зеленский BBC хабарига кўра.

«Ажойиб кичик ёрдамчимиз Патрон қаҳрамонларимиз билан бирга нафақат портловчи қурилмаларни зарарсизлантирмоқда, балки фарзандларимизга мина таҳдиди мавжуд жойларда хавфсизлик қоидаларига риоя қилиш кераклигини ҳам ўргатмоқда», деб айтган у.

28 апрел куни минага учраб портлаган Артем Вакалюкнинг отаси ҳайдаган машина, Киев вилоятининг Макаров тумани. [Украина миллий полициясининг Киев вилояти бош бошқармаси]

28 апрел куни минага учраб портлаган Артем Вакалюкнинг отаси ҳайдаган машина, Киев вилоятининг Макаров тумани. [Украина миллий полициясининг Киев вилояти бош бошқармаси]

Апрел ойида Киев вилоятидаги йўлларда россиялик аскарлар томонидан қолдириб кетилган миналарни кўриш мумкин. [«Тириқ қайт»]

Апрел ойида Киев вилоятидаги йўлларда россиялик аскарлар томонидан қолдириб кетилган миналарни кўриш мумкин. [«Тириқ қайт»]

Бўёқ идиши остига қўйиб кетилган граната, Киев вилояти, Гостомел яқини, апрел. [Омон қайт]

Бўёқ идиши остига қўйиб кетилган граната, Киев вилояти, Гостомел яқини, апрел. [Омон қайт]

Россиянинг 24 февралдаги ҳужумидан аввал ҳам мамлакат шарқида ўрнатилган миналар сабабли Украина дунёдаги энг кўп миналаштирилган мамлакатлардан бири эди, деб баёнот берган Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг қочқинлар бўйича юқори комиссари (UNHCR).

«Украина миналар ва урушдан қолган портловчи мосламалар қурбонлари бўйича дунёда тўртинчи ва машиналарга қарши миналар билан боғлиқ фалокатлар бўйича учинчи ўринда туради», дейилади 4 апрел кунги баёнотда.

«Шарқий Украинадаги 2 миллионга яқин одам учун ҳужумдан аввал ҳам миналар портлаши сабабли жароҳатланиш ва ўлим хавфи мавжуд эди, аммо Украинадаги инқироз кучайгани сайин мамлакат бўйлаб янада кўпроқ одам миналар ва урушдан қолган портловчи масламалар хавфи остида қолади», дейилади унда.

Инсонлар ҳаёти ва саломатлигига таҳдид туғдирувчи қолдиқлар Кремлнинг эски амалиёти ҳисобланади. 1991 йилдаги Совет Иттифоқи таназзули зўравонликсиз кечган бўлса-да, у Марказий Осиёда ҳам худди шу ишни қилган.

1949-1989 йилларда Москва Семипалатинск (Семей) ядро полигонида 400 дан ортиқ бомба портлаши натижасида ҳудуд яқинида яшовчилардаги саратон ва туғма нуқсонлар билан боғлиқ кўплаб ҳолатларини бартараф этиш учун ҳеч нима қилмаган.

Россиядан ёрдам олмаган Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистонга Совет даврига оид ташландиқ уран конларини зарарсизлантиришда Европа тикланиш ва тараққиёт банки кўмаклашган.

«Айни дамдаги воқелик шундай»

Апрелда ортга чекинишидан аввал Киев шимолидаги ҳудудни ишғол қилиб турган Россия қуролли кучлари ўзидан кейин саноқсиз портламай қолган ўқ-дорилар, миналар ва минали тузоқларни қолдириб кетган.

Украинада қурбонлар ҳақида хабар тарқамаган бирор кун йўқ.

Киевлик сценарийнавис Артем Вакалюк ҳам отаси ана шундай қурбонлардан бирига айланганини Facebook орқали билиб қолган.

Вакалюк 28 апрел куни Facebook тармоғида Киев вилоятининг Макаров шаҳри яқинида юқори волтли электр узатиш линиясини таъмирлаш учун кетаётган электриклар бригадаси минага йўлиққани ҳақидаги хабарни ўқиб қолган.

Суратларни яқинроқдан кўздан кечирган Артем вайрон бўлган машина отасиники эканлигини англаган.

«Автомобилнинг ўнг ғилдираги мина устидан юриб ўтган. Бригада бошлиғи воқеа жойида ҳалок бўлган», деди у.

«Ҳайдовчи кабинадан ерга учиб тушган. У боши билан қаттиқ урилган, лекин омон қолган. Уларнинг ўртасида ўтирган дадам кабинага тушган ва ҳушини йўқотган».

«Танасида жиддий куйиш жароҳатлари бор, иккала оёғи синган, шифокорлар пластина қўйишмоқчи... лекин у тирик, энг муҳими шу», дейди Вакалюк.

Воқеа Давлат фавқулодда вазиятлар хизмати тарафидан миналардан тозалангани тахмин қилинган йўл участкасида содир бўлган, деди Вакалюк.

«Аммо руслар қолдирган мина танкларга қарши мина бўлиб чиқди ва детекторлар уни илғамай қолган, чунки руслар уни чуқурроқ кўмиб қўйишган – у 60 см чуқурликда ва пластик билан қопланган», деди Вакалюк. «Аммо коммунал хизматлар машинаси танк каби оғир бўлгани учун портловчи мослама ишга тушган.»

Вакалюкнинг сўзларига кўра, бу сўнгги бир ой ичида Россия минасига дуч келган тўртинчи электриклар бригадасидир. Палатада Артёмнинг отаси билан бирга бошқа электрик ҳам бўлиб, у ҳам худди шундай воқеани бошдан кечирган.

«Биздаги воқелик ҳозир шундай. Ҳар куни даҳшатли воқеалар содир бўлмоқда», дейди Украина сапёрлар уюшмасининг ижрочи директори Тимур Пистрюга.

Россия қўшинлари томонидан атайин ўрнатилган миналардан ташқари, портламай қолган ўқ-дорилар ҳам жиддий таҳдид бўлиб турибди, деди у.

Энг хавфли мина «ПОМ-3» бўлиб, уни масофадан туриб ишга тушириш мумкин. Россиянинг пиёдаларга қарши янги турдаги бу минаси яқинлашиб келаётган одамни аниқлаш ва портловчи зарядни ҳавога чиқариш учун сейсмик датчик билан жиҳозланган, деди у.

Россия аскарлари уларни бутун фронт чизиғи бўйлаб ўрнатиб чиқишмоқда. Айниқса, улар Харков яқинида жуда кўп, деб қўшимча қилди у.

«Яна бир жиддий муаммо – портламай қолган снарядлар», дейди Пистрюха. «Статистик маълумотларга кўра, руслар Украина шарқида кўпинча эски, муддати ўтган қуролдан фойдаланмоқда. Улар аслида утилизация қилиниши керак, лекин руслар улар билан мамлакатимизни ўққа тутишмоқда».

«Ерга тушган ҳар икки снаряддан бир портламайди ва айниқса фермерлар учун катта хавф туғдиради», деди Пистрюха.

Тинч фуқароларни нишонга олиш

Россия кучлари ўрнатган миналар тинч аҳолини ўлдириш учун мўлжалланган, бу эса барча халқаро конвенциялар бўйича тақиқланган, дейди сапёрлик иши бўйича йўриқчи, фамилиясини ошкор қилмасликни сўраган Павел.

Украина армиясига ихтисослашган ёрдам кўрсатувчи «Тирик қайт» нодавлат ташкилоти билан ишлаётган Павел Киев вилоятидаги миналаштирилган ҳудудларни тозалашда иштирок этмоқда.

«Россия аскарлари тинч аҳолини ўлдиришни қасд қилган», дейди у. «Оттава шартномаси – пиёдаларга қарши миналарни тақиқлаш тўғрисидаги конвенция 133 давлат, жумладан Украина тарафидан имзоланган».

Конвенцияга қўшилмаган Россия эса «буларнинг барини эътиборсиз қолдирмоқда», деди у. «Шу сабабли Россияни жазолашнинг имкони йўқ».

Павел россияликларнинг маккорлиги ва шафқатсизлигидан ҳайратда қолганини айтади.

У бир куни юк машинасини кўздан кечира туриб, ҳайдовчи ўриндиғи ортидаги ёстиқ остига яшириб қўйилган гранатани топган.

«Босқинчилар граната лўкидонини ёстиқ билан бостириб қўйишган экан. Кимдир уни қимирлатиб юборганида, портлаб кетарди».

Ортга чекинган Россия қўшинлари Гостомелдаги хусусий уйлардан бирининг ертўласида банка остига граната қўйиб кетишган, деб қўшимча қилди у.

«Қанчадан-қанча аскарларнинг жасадларини кўздан кечиргани бордим. Россия аскарлари жасадлардаги зирҳли нимчалар ичида граната ва миналар қолдириб кетишган», деди у.

Миналарни тозалашга йиллар кетади

Павел ҳам, Патрон ҳам узоқ йиллар давом этиши кутилаётган кенг кўламли миналардан тозалаш ишларида иштирок этмоқда.

«Украиналик пиротехниклар 16 минг гектардан ортиқ ҳудудни тозалашга муваффақ бўлишди. 90 мингдан ортиқ портлаш хавфи бўлган буюмлар топилди ва зарарсизлантирилди», деди 3 май куни Украинада бўлиб ўтган БМТнинг миналарни зарарлантириш масалалари бўйича хизмати (UNMAS) делегацияси билан учрашувда ички ишлар вазири ўринбосари Мери Акопян, деб хабар беради мамлакат ички ишлар вазирлиги (ИИВ).

Бироқ, 300 минг квадрат километрга яқин ҳудуд ҳанузгача «тоза» эмас, деди у Украинага аввал Сомали, Сурия ва Ироқда ишлаган тажрибали мутахассислар кераклигини таъкидлаб.

«Биз узоқ йиллар давомида улкан техник ва экспертлар кўмагига муҳтож бўламиз», деди Акопян.

Украина сапёрлар уюшмасининг ижрочи директори Тимур Пистрюганинг сўзларига кўра, бир йиллик уруш 10 йиллик миналардан тозалаш жараёни демакдир.

«Бунда иккита омил муҳим: миналардан тозалаш бўйича ҳукумат тизими ва маблағ», деди у. «Маблағ масаласига келсак, ҳеч бир давлат бюджети уни қоплай олмайди. Буни фақат халқаро донорлар ҳисобидан амалга ошириш мумкин.»

Украинада 1 кв.м майдонни минадан тозалашга 3-4 долларгача кетади ва бу ишни халқаро ҳамкорлар ёрдамисиз амалга ошириш мушкул, деди у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 7

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Украинадаги патрон Украина барча сапёрларининг элчисига ўхшайди. Келаётган ойларда янада кўп фойда келтиради деб умид қиламан.

Жавоб бериш

Ҳудудларни миналардан яхшироқ тозалаш учун россиялик асирларни мина далаларидан юришга мажбурлаш керак.

Жавоб бериш

Ҳудудий жиҳатидан Украина кичик давлат эмас, шунинг учун ҳамма жойни миналардан тозалаш жуда мушкул. Афтидан, бахтсиз ҳодисалар узоқ вақт давомида юз бериб туради. Улар қила оладиган нарса - ортиқча аралашмаслик ва сапёрларга ёрдам бериш.

Жавоб бериш

«Инсонлар ҳаёти ва саломатлиги учун жиддий таҳдидлар қолдириш Кремлнинг эски амалиётидир». Уларнинг қўлидан келадиган ягона нарса шу.

Жавоб бериш

Энг қўрқинчлиси, ўнлаб йиллар давомида тинч фуқароларнинг минага дуч келиб портлаши билан боғлиқ воқеалар кўп бўлади. Украиналиклар учун сайр қилиш ва пикник учун ўрмонларга бориш узоқ вақт давомида хавфли бўлиб қолади. Бу даҳшатли, чунки миналардан тозалаш қанчалик шошилинч ва сапёрлар сони қанча кўп бўлмасин, янада кўпроқ бегуноҳ одамлар қурбон бўлади.

Жавоб бериш

Ular butun sayyorani yoʻq qilib, oʻzlaridan keyin kuyib ketgan yerni qoldirishmoqchi.

Жавоб бериш

Орклар ер юзида фақат орклар яшашини хоҳлайди.

Жавоб бериш