Карвонсарой
Хавфсизлик

«Хакерлик ҳужумига учраган» Медведевнинг Қозоғистон суверенитетини шубҳа остига олувчи пости ғазаб ва ишончсизлик келтириб чиқарди

Канат Алтинбаев ва AFP

Россия хавфсизлик кенгаши раисининг ўринбосари Дмитрий Медведев 22 июнь куни Москвада 81 йил аввал Совет Иттифоқини фашист босқинчиларидан ҳимоя қилишда ҳалок бўлганлар хотирасига гулчамбар қўйиш маросимида қатнашмоқда. [Екатерина Штукина/Sputnik/AFP]

Россия хавфсизлик кенгаши раисининг ўринбосари Дмитрий Медведев 22 июнь куни Москвада 81 йил аввал Совет Иттифоқини фашист босқинчиларидан ҳимоя қилишда ҳалок бўлганлар хотирасига гулчамбар қўйиш маросимида қатнашмоқда. [Екатерина Штукина/Sputnik/AFP]

ОЛМАОТА – Собиқ Россия президенти Дмитрий Медведевнинг ижтимоий тармоқларда постсовет мамлакатлар суверенитетини шубҳа остига олувчи «хакерлик ҳужумига учраган» пости қозоғистонликлар эътиборини тортиб, жиддий норозилик келтириб чиқарган.

Медведевнинг «ВКонтакте» (VK) ижтимоий тармоғидаги 2,2 миллион обуначисига улашилган бу пост 1 августга ўтар кечаси эълон қилинганидан кўп ўтмай ўчириб ташланган. У интернетда 10 дақиқагина турган бўлса-да, ўнлаб фойдаланувчилар скриншот олишга улгурганлар.

Украинани мағлуб этганидан сўнг, Москва «ягона, қудратли ва енгилмас Россияни» қайта тиклаш учун ҳозирда қўшни давлатларга тегишли бўлган, бой берилган ерларни қайтариб олиши керак, дейилади хабарда.

«Биз Москванинг бўлинмас қўли остида, славян халқи бошчилигида ўзингизга маълум бўлганидек, ҳеч қаерда тугамайдиган она ватанимиз чегараларини тиклаш бўйича навбатдаги кампанияни бошлаймиз», дейилади унда.

Постда қўшни давлатларнинг ҳудудий легитимлиги ҳамда суверенитети очиқдан-очиқ шубҳа остига олинган.

Унда даъво қилинишича, Грузия 1800-йилларда Россия империяси таркибига киргунига қадар «умуман мавжуд бўлмаган».

Постда Қозоғистонни «сунъий давлат» деб аталган бўлиб, Марказий Осиёдаги бу мамлакат русийзабон аҳолига нисбатан «геноцид» содир этишда айбланган.

«Руслар Шимолий Қозоғистоннинг ёввойи ерларида илк қишлоқларга асос солишган... Қозоғистон – сунъий давлат», дейилади унда.

Қозоғистон ҳукумати «турли этник гуруҳларни» республика ичида кўчиришни бошлади, деб қўшимча қилинади хабарда мамлакат шимолидаги ишчи кучи танқислигини бартараф этишга қаратилган кўчириш дастурига ишора қилиб.

«Биз бунга кўз юммоқчи эмасмиз. Руслар бормагунича, у ерда ҳеч қандай тартиб бўлмайди», дейилади постда.

«Хакерлик ҳужумига учраган»

Ҳозирда Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари бўлган 56 ёшли Медведев 2008-2012 йилларда бир муддат давомида президентлик қилган.

Москванинг Украинадаги ҳарбий кампанияси ва мисли кўрилмаган санкциялар сиқуви бошланганидан бери у ижтимоий тармоқларда Ғарбни қоралаб, тобора аёвсизроқ постлар чоп этмоқда.

Аввалроқ Медведев Россиядан «нафратланувчиларни» «дегенерантлар» деб атаб, ядровий уруш эҳтимоли ҳақида сўз очган эди.

Бироқ, Медведевнинг ёрдамчиси Олег Осиповнинг таъкидлашича, яқинда «ВКонтакте»да эълон қилинган постдаги заҳарханда ва шовинизм унинг хўжайини тарафидан эмас – бу аккаунт аввалроқ хакерлар ҳужумига учраган.

«Ижтимоий тармоқ администраторлари ва тегишли шахслар ким саҳифани бузиб, пост жойлаганини аниқламоқда», деди Осипов 2 август куни AFP хабарига кўра.

Бу баёнот дарҳол ишончсизлик келтириб чиқарди.

2 август куни Россия хавфсизлик идораларининг собиқ ва амалдаги ходимлари томонидан бошқарилиши айтиладиган «Генерал СВР» Телеграм каналида айтилишича, аслида ҳеч қандай «хакерлик ҳужуми» юз бермаган.

Каналнинг таъкидлашича, бу постни президент администрацияси раҳбарининг ўринбосари Сергей Кириенко ёзишни буюрган ва Медведевнинг тасмасида эълон қилиш учун унинг матнини маъқуллаган, лекин эълон қилиш санасини тасдиқламаган.

«Медведевнинг ўзи президент [Владимир Путин] атрофидаги фитналар қурбони бўлганидан куйиб-пишиб, ҳаммасида Кириенко ва унинг VK билан бевосита алоқадор ўғлини айбламоқда».

«Аммо биздаги маълумотларга кўра, бу постни Медведев эълон қилган, қолган ишлар эса масъулиятдан қочиш ва коммуникация муаммосини оқлашга уриниш», дейилади канал хабарида.

Қозоғистон расмийлари ушбу ҳодисага изоҳ бермаган бўлса-да, Қозоғистонда кўпчилик бу баёнотга шубҳа билан қармоқда.

Медведевнинг сўнгги пайтларда билдирган кескин баёнотлари Россиянинг ҳозирги ҳаракатларига тўлиқ мос келади, дейди олмаоталик журналист ва фаол Асем Жапишева.

«Ишонч билан айтиш мумкинки, Медведевнинг сўнгги постига хакерларнинг ҳеч қандай алоқаси йўқ», деди у.

«Империалистик амбициялар билан ҳаракат қилаётган Россия ҳақиқатан ҳам нафақат Украинани, балки Грузия ва Қозоғистонни ҳам забт этишни орзу қилади ва бу ҳеч кимга сир эмас».

Евроосиё интеграцияси институти директори, Нур-султонлик Ўразгали Селтеев ҳам «хакерлик ҳужумига» шубҳа билан қарайди.

Медведевнинг пости Кремлнинг ҳозирги қарашларини акс эттиради, деди у.

Мансабдорлар Путин нимага интилаётганини билади ва ахборот маконида ўзаро рақобатлашади, унинг симпатиясини қозониш учун бу келажакни имкон қадар аниқ-равшан кўрсатишга ҳаракат қилишади», дейди Селтеев.

Реал таҳдидлар

Қозоғистон Россиянинг таҳдидини жиддий қабул қилиши зарур, дейди Армия, конверсия ва қуролсизланиш тадқиқотлари марказининг Осиё-Тинч океани бўлими раҳбари, киевлик Юрий Пойта.

Кремлнинг дискурси хавфли ва худди Украинада бўлгани каби амалда қўлланиши мумкин, дейди у.

«Бу таҳдид ҳақиқий, чунки манипуляция ва дезинформацияга асосланган мазлум руслар ҳақидаги бу гап-сўзлар Россиянинг «сунъий давлат» ишларига аралашиб, ўтмишдаги «хатоларни» тузатишга уриниши учун асос бўлиши мумкин», деди Пойта.

Бундай гап-сўзлар аллақачон ҳокимиятнинг энг юқори доираларида айланиб юрибди, деб қўшимча қилди у.

Россия расмийлари ва депутатлари Москванинг Украинага босқинини қўллаб-қувватлашдан ёки «Донецк халқ республикаси» (ДХР) ва «Луганск халқ республикаси» (ЛХР) мустақиллигини тан олишдан бош тортган Қозоғистонга нисбатан ниқобланган таҳдидларни кўпайтирган.

Россия давлат Думасининг МДҲ ишлари бўйича қўмитаси раиси ўринбосари Константин Затулин июн ойида «Говорит Москва» радиостанциясига берган интервюсида Қозоғистонга бостириб кириш эҳтимоли ҳақида гапирган.

«Улар [қозоқлар] асосан руслар истиқомат қиладиган бир қатор вилоят ва шаҳарларнинг Қозоғистон деб аталган ҳудудга умуман алоқаси йўлигини жуда яхши билишади», деди у ўтмишда россиялик сиёсатчилар тарафидан тарихан Россияга тегишли эканлиги даъво қилинган Шимолий Қозоғистон вилоятига ишора қилиб.

Агар иттифоқчилар Россия билан «дўст, ҳамкор ва шерик» бўлса, улар «ҳудудий муаммоларга дуч келишмайди», деб қўшимча қилди у.

«Агар ундай бўлмаса, Украинадаги каби ҳамма нарса бўлиши мумкин.»

«Шунинг учун Қозоғистон ва бошқа давлатлар бу масалага аҳамият беришлари керак деб ўйлайман», деб огоҳлантирган Затулин.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 2

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

«Anonymous» жанг майдонига қайтганида, биз яна бошқа кўп нарсаларни ҳам билиб олган бўлардик.

Жавоб бериш

Тепадагиларга хакерлик ҳужумлари уюштирилганида, янада кўпроқ қизиқарли нарсалар чиққан бўларди.

Жавоб бериш