Карвонсарой
Оммавий ахборот воситалари

Хитой ОАВдаги ҳийла-найранглар орқали хориждаги таъсирини кучайтиришга уринмоқда

Карвонсарой

Хитой дунё бўйлаб маҳаллий оммавий ахборот воситаларида Пекиннинг муждасини ёйинлашга қаратилган агрессив кампания олиб бормоқда. [Pexels.com]

Хитой дунё бўйлаб маҳаллий оммавий ахборот воситаларида Пекиннинг муждасини ёйинлашга қаратилган агрессив кампания олиб бормоқда. [Pexels.com]

Тадқиқотлардан маълум бўлишича, Хитой ОАВ цензураси ва интернетни бўғиш орқали ўзининг ички ахборот майдонида ҳукмронликни қўлга олгач, хорижий мамлакатлар медиамаконида ҳам назоратни қўлга олишга эътибор қаратмоқда.

Пекин Хитой Халқ Республикаси (ХХР) учун муҳим мавзуларда ўзига мақбул глобал нарративни ёйинлаш учун «жангчи бўри» дипломатлар, давлат ва хусусий оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқ инфлюенсерларига таянади.

«ХХРнинг хабар алмашиш тактикаси Пекиннинг расмий маълумотларига зид бўлган контентнинг ўқилишни чеклаш мақсадида халқаро ахборот маконини маълумот билан тўлдириш ва ХХР сиёсатини сунъий қўллаш кўринишини яратиш орқали танқидий қарашларни йўқ қилади», деб хабар берган АҚШ давлат департаменти 24 август куни чоп этилган ҳисоботда.

Ҳисобот Шинжонда асосан мусулмон уйғурлар ҳамда бошқа этник ва диний озчиликларга қарши қатлиом ва инсониятга қарши жиноятларни содир этаётган Хитойнинг глобал жамоатчилик фикрини манипуляция қилишига эътибор қаратган.

Пекиндаги Бутунхитой халқ вакиллари кенгашининг иккинчи ялпи мажлисини ёритишга ҳозирлик кўраётган журналистлар, 8 март. [Лео Рамирес/AFP]

Пекиндаги Бутунхитой халқ вакиллари кенгашининг иккинчи ялпи мажлисини ёритишга ҳозирлик кўраётган журналистлар, 8 март. [Лео Рамирес/AFP]

2016 йилнинг 30 август куни Бишкекдаги Хитой элчихонаси ёнида патрул назорати олиб бораётган қирғиз полициячиси. Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Хитойнинг Қирғизистон оммавий ахборот воситаларини обрўсизлантиришга қаратилган кампания ўтказаётганини исботловчи далилларни топган. [Вячеслав Оселедко/AFP]

2016 йилнинг 30 август куни Бишкекдаги Хитой элчихонаси ёнида патрул назорати олиб бораётган қирғиз полициячиси. Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Хитойнинг Қирғизистон оммавий ахборот воситаларини обрўсизлантиришга қаратилган кампания ўтказаётганини исботловчи далилларни топган. [Вячеслав Оселедко/AFP]

Пекин бир миллиондан ортиқ уйғурлар ва асосан мусулмонлардан иборат туркийзабон аҳолини ҳибсда сақлашда айбланади. Олис ғарбий минтақадаги бу амалиётларни АҚШ, бошқа давлатлар ва ҳуқуқбон фаоллар «қатлиом» деб атаган.

Хитойнинг ахборот таъсири кампаниясидан кўзлаган мақсади – Хитой манфаатига зид келувчи наративларни бостириш, мақбулларини эса кучайтиришдан иборат.

Ҳисоботга кўра, Пекин халқаро аудиторияга етказиш учун камида 38 та, жумладан инглиз, испан, француз, араб ва рус тилларига мансуб 200 дан ортиқ учинчи давлат ижтимоий тармоқ инфлюенсерларидан фойдаланмоқда, уларнинг ўртача қамрови 309 минг обуначини ташкил қилади.

ХХРнинг кибермакон масалалари комиссияси ва Марказий ташвиқот департаменти Хитойдаги маҳаллий аудитория ва хитойзабон диаспорани нишонга олиш мақсадида 2 миллион хитойликни ва ўриндошлик асосида ишлайдиган 20 миллион «интернет-кўнгиллиларни» ёллаган.

Шунингдек, Хитой ҳукумати дунё бўйлаб ўз дипломатлари ва уларнинг ижтимоий мулоқот сайтларидаги ҳисобларидан иборат кенг тармоқдан фойдаланади.

Дипломатик ижтимоий тармоқ ҳисоблари бошқа мамлакатлар билан яхши муносабатларни ёритишга қаратилган.

«Жангчи бўри» дипломатлар номини олган бошқа ижрочилар ХХРнинг расмий позициясига зид бўлган нарративларни рад этиш, «сохталигини билдириш» ва чалғитишда янада тажовузкор ёндашувга эга.

«Троллар ахборот муҳитини заҳарлаш ва ХХРга танқидий қарашлардан чалғитиш учун ҳужум қилиш, фитна тарқатиш, таҳқирлаш ва қўрқитишда етакчилик қиладилар», дейилади АҚШ департаменти ҳисоботида.

Шинжон борасидаги нарративни шакллантириш кампаниясидан ташқари, ХХР кампаниялари Гонконг ва Тайвандаги демократик ҳаракатларини бостириш, Россиянинг Украинага ҳужуми бўйича дезинформация тарқатиш ва глобал миқёсдаги муҳим бошқа мавзуларда фитна назарияларини илгари суришни кўзлаган.

Хитойда нарративни назорат қилиш Пекин учун стратегик аҳамиятга эга, чунки у «Бир камар, бир йўл» ташаббуси деб номланган инфратузилмавий лойиҳаси орқали ўзининг сиёсий, ҳарбий ва иқтисодий таъсирини кучайтирмоқчи.

Яқин Шарққа кириш

Мисрдаги Бени-Суеф университети сиёсатшуноси, Хитой сиёсатига ихтисослашган Надия Хелмининг сўзларига кўра, Хитой модели айрим муҳитларда ўз аудиториясини топган.

Масалан, Яқин Шарқдаги арабзабон хитой журналистлари, медиа ходимлари ва фаоллари ижтимоий тармоқлар, айниқса Твиттерда бир қатор мавзуларда Пекиннинг расмий қарашларини илгари суришда «эътиборли фаоллик» кўрсатишган.

«Хитой сиёсатига аниқлик киритишда араб медиасида кечикиш бўлишига қарамай, арабларни жалб қилишда Хитой усулининг муваффақияти эътиборга лойиқ», деб ёзган у 18 июл куни Modern Diplomacy веб-сайтида.

«Хитой барча ижтимоий тармоқларни назорат қилиш ва кузатишда, Хитой ҳукумати ва бошқарувчи коммунистик партиянинг расмий қарашларини намойиш қилишда кенг миқёсли рақамли инфратузилмани яратишда муваффақиятга эришди», дейди Хелми.

Дунё бўйлаб 300 дан ортиқ хитойлик дипломатнинг Ғарбнинг етакчи ижтимоий тармоқларидаги аккаунтларининг умумий сони Фейсбук ва Твиттерда 500 дан ортиқни ташкил этади, деб айтган у.

«Бу аккаунтларнинг вазифаси постларини ўзи ёки бошқа кузатувчилар орқали ретвит қилиш, чоп этиш ёки лайк босиш бўлиб, бу охир-оқибат барча масалаларда Хитойнинг қарашларини глобал миқёсда тарқашига олиб келади.»

«Хитой глобал миқёсда ёзилган, Пекинга зид бўлган қарашларга қарши курашиш учун муқобил куч яратишга уринмоқда», деб айтган Хелми.

Марказий Осиёга дахл қилиш

Пекиннинг Марказий Осиё оммавий ахборот воситаларидаги ҳозирлиги бунга яна бир мисол бўла олади.

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик Ташкилотининг (ЕХҲТ) Бишкекдаги Академияси 25 август куни эълон қилган ҳисоботга кўра, Қирғизистон Хитойнинг Марказий Осиё маконига киришга оид саъй-ҳаракатлари бўйича тадқиқотга мисол бўлиб хизмат қилади.

Ҳисоботга кўра, Қирғизистоннинг ночор ҳолатдаги ОАВ секторига катта сармоя киритиб, унинг давлат ОАВни кенгайтириш, маҳаллий компаниялар билан ҳамкорлик тузиш орқали Хитой минтақада ахборот маконини ўзгартиришга умид қилмоқда.

Пекин «хорижий мамлакатлардаги ахборот муҳитини назорат қилиш заруриятини тан олади», деб қўшимча қилинади унда.

«Ҳаммасини пул ҳал қилади, Қирғизистоннинг ОАВ сектори жуда кам молиялаштирилгани сабабли бу муаммога айланган», деб айтган 27 август куни Озод Европа/Озодлик радиосига берган интервьюсида ЕХҲТ академияси катта илмий ходими ва ҳисобот муаллифи Нива Яу.

«Сармоя киритиш ва сарфлаш учун Хитойда маблағ кўп», деб айтган у.

ЕХҲТ ҳисоботига кўра, Хитой стратегияси учта асосий элементдан иборат: қирғиз ОАВга контент жойлаш, Хитой медиасининг маҳаллий иштирокини кучайтириш ва ижтимоий тармоқларда ўзаро алоқани таъминлаш.

Хитойнинг Бишкекдаги элчихонаси Қирғизистон билан ҳамкорликни ривожлантирмоқда, маҳаллий журналистлар ижобий хабарларни чиқариб, салбийларини яшириши учун бепул медиа-турлар уюштирмоқда, маблағ ва бошқа имтиёзлар таклиф қилмоқда, деб хабар берган Озодлик радиоси.

Беўхшов хатти-ҳаракатлар

Тан олиш керакки, ўз вақтида Хитой хорижий оммавий ахборот воситаларини ўзига бўйсундиришга уриниб, хато қилган.

«Хитой тарафида жуда кўп беўхшовликларни кузатиш мумкин, лекин у ҳали ҳам ўсиб бормоқда ва мослашмоқда, айниқса ижтимоий тармоқларда», деди Яу.

«Глобал ОАВ масаласида Хитой ҳали анча хом», деди у. «Улар хорижда ҳам худди шу моделни нусхалаб, жойлаштирадилар ва кўп ҳолларда улар учун ишлайдиган маҳаллий одамларни тинглашдан бош тортадилар.»

Қирғизистонлик ходимлар эса кўпинча Хитойнинг бу ишига эътиқодан эмас, балки пул учун бош қўшадилар.

«Кўпчилик одамларнинг кўнглида бунга мойиллик йўқ. Бу прагматик масала, чунки бошқа йўл йўқ», дейди Яу.

Шундай бўлса-да, ЕХҲТ агар Пекинга қаршилик қилинмаса, бунинг оқибатлари даҳшатли бўлиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган.

«Хитой манфаатларига эътибор қаратилмас экан, Қирғизистон медиа сектори муҳим масалаларда давлатнинг расмий позициясига таъсир ўтказиш воситасига айланиши мумкин», дейилади хабарда.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500