Карвонсарой
Оммавий ахборот воситалари

Пекиннинг узоқ йиллик таъсир чораларига қарамай, қирғизлар ҳамон Хитойга шубҳа билан қарамоқда

Канат Алтинбаев

Пекиндаги Бутунхитой халқ вакиллари кенгашининг иккинчи ялпи мажлисини ёритишга ҳозирлик кўраётган журналистлар, 8 март. [Лео Рамирес/AFP]

Пекиндаги Бутунхитой халқ вакиллари кенгашининг иккинчи ялпи мажлисини ёритишга ҳозирлик кўраётган журналистлар, 8 март. [Лео Рамирес/AFP]

ОЛМАОТА – Пекин кўп йиллардан бери қўшни Қирғизистонда ўз имижини мустаҳкамлашга интилса-да, мамлакат аҳолиси орасида кенг тарқалган аксилхитой кайфияти сақланиб қолмоқда.

25 август куни Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик Ташкилотининг (ЕХҲТ) Бишкекдаги Академияси эълон қилган ҳисоботга кўра, Хитой Халқ Республикаси (ХХР) Қирғизистон ахборот маконида ўз таъсирини кенгайтириш ва Пекин энг муҳим деб ҳисоблаган сиёсий масалалар бўйича қарашлар ва фикрларни ёйинлаш бўйича саъй-ҳаракатларини кучайтирмоқда.

Ҳисоботга кўра, Хитой стратегияси учта асосий элементдан иборат: қирғиз ОАВда материаллар чиқариш, Хитой медиасининг маҳаллий ҳозирлигини кучайтириш ва ижтимоий тармоқлардаги фаол иштирокини таъминлаш.

Хитой ўз ахборот сиёсатини бундан 20 йил аввал – Қирғизистон ОАВ билан ҳамкорлик шартномаларини тузган вақтда амалга ошира бошлаган эди.

Хитой Қирғизистондаги йирик оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилиб келмоқда.

Хитой Қирғизистондаги йирик оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилиб келмоқда.

Ушбу келишувларга кўра, таҳририятлар фақат Хитой манбаларидан олинган мақолаларни қайта чоп этиб бориши мумкин эди, аммо улар Пекин учун алоҳида аҳамиятга эга материалларни ҳам ёйинлаш мажбуриятини олишган.

«Вечерний Бишкек» газетаси, Қирғизистон жанубидаги «ЎшТВ» телеканали, машҳур 24.kg ва Akipress ахборот сайтлари каби йирик оммавий ахборот воситалари Хитой билан ҳамкорлик қилган.

Хитой, шунингдек КТРК телерадиокомпанияси, ЭлТР, «Кабар» ахборот агентлиги ва «Слово Кыргызстана» газетаси каби давлат оммавий ахборот воситалари билан ҳам ҳамкорлик қилади.

Айни пайтда Қирғизистонда Хитойнинг учта оммавий ахборот воситаси: «Синьхуа», «Вэн Вэй По» ва Silk Road Observer хорижий ОАВ сифатида рўйхатдан ўтган, дейилади ЕХҲТ ҳисоботида Қирғизистон ТИВ томонидан 2022 йилда эълон қилинган рўйхатга асосланиб.

Яна иккитаси – Dolon TV ва Land Bridge хорижий ОАВ сифатида рўйхатдан ўтмай, маҳаллий миқёсдаги хусусий медиа компания ўлароқ фаолият юритади.

Ушбу Хитой оммавий ахборот воситаларининг аксарияти Хитой коммунистик партияси марказий қўмитасининг Ташвиқот департаменти билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, Хитой ҳукуматидан молиявий ёрдам олади, дейилади ҳисоботда.

Хитойнинг Бишкекдаги элчихонаси Қирғизистон билан ҳамкорликни ривожлантирар экан, маҳаллий журналистларнинг позитив хабарлар чиқариб, негативларини яшириши учун Хитойга бепул сафарлар уюштиради, молиялаштириш ва бошқа имтиёзлар таклиф қилади.

ХХР қирғиз журналистлари учун тажриба алмашиш ва Хитой маданияти билан танишиш мақсадида Хитойга сафарларини ўз ичига олган таълим дастурларини амалга оширган.

Ушбу сафарлар давомида журналистларни Хитой шимоли-ғарбида мафкуравий қайта тарбиялаш лагерларининг йўқлиги ва мусулмон озчиликлар – қирғизлар, қозоқлар ва уйғурларнинг бахтиёр яшаётганига ишонтириш учун Шинжондаги ҳаёт фаровон қилиб кўрсатилган.

Аслида эса Пекин узоқ ғарбий минтақадаги бир миллиондан ортиқ уйғурлар ва асосан мусулмонлардан иборат бошқа туркийзабон халқлар вакилларини яширин ҳибсхона ва қамоқхоналар тармоғида сақлашда айбланади.

Ушбу айбловлар оммавий ҳибслар, мажбурий меҳнат, мажбурий стерилизация, мунтазам зўрлаш ҳолатлари ҳамда уйғурларнинг маданий ва исломий обидаларини йўқ қилиш кабиларни ўз ичига олган.

АҚШ ва бошқа Ғарб давлатлари Хитой мусулмон озчиликларга нисбатан «геноцид» содир этмоқда, деб таърифлаган.

Қирғизистоннинг қаршилиги

Пекин жумладан, Хитой давлат оммавий ахборот воситаларининг ҳозирлигини кенгайтириш орқали Қирғизистонда ўз режаларини илгари суриш учун катта маблағ сарфламоқда, дейилади ЕХҲТ ҳисоботида.

«Ҳаммасини пул ҳал қилади, Қирғизистоннинг ОАВ сектори жуда кам молиялаштирилгани сабабли бу муаммога айланган», деб айтган 27 август куни Озод Европа/Озодлик радиосига берган интервьюсида ЕХҲТ академияси катта илмий ходими ва ҳисобот муаллифи Нива Яу.

«Сармоя киритиш ва сарфлаш учун Хитойда маблағ кўп», деб айтган у.

Хитой Қирғизистон медиа секторида айниқса охирги 10 йил ичида янада фаоллашди, дейди Қирғизистондаги уруш ва тинчликни ёритиш институтининг собиқ муҳаррири, бишкеклик медиа-эксперт Тимур Токтоналиев Карвонсарой нашрига.

«2010 йилгача Хитойнинг Қирғизистондаги элчихонаси журналистлар учун кириб бўлмайдиган қўрғон эди».

«Улардан ҳеч қандай изоҳ олишнинг имкони йўқ эди, аммо ҳозирда Хитой элчиси Ду Дэвэн оммага танилиб қолди. У маҳаллий каналларда чиқиб туради, маҳаллий журналистларга бошқа элчиларга қараганда кўпроқ интервью беради, ҳатто уларни совғалар билан тақдирлайди, деди Токтоналиев.

Шунга қарамай, Қирғизистон ОАВ ахборот маконида Хитой билан зарурат юзасидан ҳамкорлик қилади, таҳририятлар эса Хитойдаги вазиятни ижобий ёритишни унчалик хоҳламайди, дейилади ЕХҲТ ҳисоботида.

2019 йили Хитой ҳукумати томонидан Шинжонга уюштирилган саёҳатда иштирок этган бишкеклик журналистлардан бирининг Карвонсаройга айтишича, бу ҳамкорлик доирасида муҳаррирлар ундан Хитойдаги ҳаёт ҳақида «ижобий материал» тайёрлашни сўраганлар.

«Биз бутун саёҳатимиз, маршрутимиз ва маҳаллий аҳоли билан мулоқотимиз хитойликлар томонидан саҳналаштирилганини тушунар эдик», деди у.

«ШУМВ (Шинжон-Уйғур мухтор вилояти) шаҳарларининг бахтли аҳолиси эса бизга сохта табассумлар билан ҳаётлари нақадар яхши экани ҳақида ёдлаб олинган матнларни қайта-қайта такрорладилар», деди у.

«Хом» ташвиқот

Хитойнинг саъй-ҳаракатлари қай даражада аниқ натижалар бераётгани номаълум, деб таъкидланади ЕХҲТ ҳисоботида.

«Хитой тарафидан жуда кўп беўхшовликларни кузатиш мумкин, лекин у ҳали ҳам ўсиб бормоқда ва мослашмоқда, айниқса ижтимоий тармоқларда», дейди ЕХҲТ тадқиқотчиси Яу Озодлик билан суҳбатда.

«Глобал ОАВ масаласида Хитой ҳали анча хом», деди у. «Улар хорижда ҳам худди шу моделни нусхалаб, жойлаштирадилар ва кўп ҳолларда улар учун ишлайдиган маҳаллий одамларни тинглашдан бош тортадилар», деди у.

Хитойликлар Қирғизистонда «беҳуда пул сарфламоқда», деган эди бишкеклик мустақил ОАВ таҳлилчиси Гулнура Торалиева сентябр ойида Current Time телеканалига берган интервюсида.

«Бу иш стратегик аҳамиятга эга эмас. У пухта ўйланмаган. Хитойликлар самарадорликка эътибор қаратмагандек, аксинча, бу ишни фақат хўжакўрсин учун қилаётгандек», дейди Торалиева.

«Улар маҳаллий аҳолининг медиа кўникмаларини таҳлил қилмаяпти. Энг яхши таъсир чораларини ўрганмаяпти.»

Масалан, ЕХҲТга интервью берган журналистлардан бирининг айтишича, Хитой делегацияси Қирғизистонга ишлаш учун борган ва қирғиз қизини севиб қолган хитойлик йигит ҳақида филм суратга олишни таклиф қилган.

«Мен уларга қирғизлар бундай филмдан кейин уларни тилка-пора қилиб ташлашини, бу провокация эканини айтдим», дейди у.

Хитой делегацияси Қирғизистондаги синофобиядан умуман бехабар бўлган, деб таъкидлайди ЕХҲТ.

Ҳозирга келиб, Қирғизистон аҳолиси Хитойга нисбатан камида ишончсизлик билан қарайди, дейди Токтоналиев.

«Менимча, Хитойнинг Қирғизистондаги ахборот операциялари (қирғизистонликларнинг) шарқий қўшниларига нисбатан шубҳали қарашларини ўзгартирмайди», дейди у.

Қирғиз аудиторияси қайта тарбиялаш лагерларидан кўра кўпроқ мамлакат ерлари ва ресурсларини эгаллаб олиши мумкин бўлган Хитойнинг иқтисодий экспансиясидан хавотирда, деб тушунтирди Токтоналиев.

«Қирғизистонликларнинг хитойликларга нисбатан эҳтиёткорлиги тинч прагматизмдан очиқдан-очиқ душманликкача фарқланади. Хитой бу эҳтиёткорликни фақат назорат қилишга уриниши мумкин», дейди у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500