Карвонсарой
Жамият

Чорасизлик домидаги мамлакатда яшаётган россиялик спортчилар Эрондаги ҳаётдан нолимоқда

Карвонсарой

Россиялик футбол мухлиси мамлакат миллий терма жамоасини олқишламоқда, Теҳрон, 23 март. [IRNA]

Россиялик футбол мухлиси мамлакат миллий терма жамоасини олқишламоқда, Теҳрон, 23 март. [IRNA]

23 март куни Теҳронда икки мамлакат ўртасида ўтказилган ўртоқлик ўйинидан сўнг, Россиялик футболчиларнинг Эрондаги яшаш шароитларидан нолиши эронликлар ва Марказий Осиёликларнинг эътирозига сабаб бўлди.

Кремлнинг Украинага қарши асоссиз ҳужумидан бир йилдан кўпроқ вақт ўтганидан кейин ҳам россияликларни бемалол қабул қилаётган саноқли давлатлардан бири бўлган Эронга уларнинг танқиди оғир ботди.

Россиянинг футбол бўйича миллий терма жамоаси ҳужумчиси Николай Комличенко Теҳрондаги уч кунлик сафардан сўнг биринчилардан бўлиб Эрондаги яшаш шароитларини савол остига олган.

Россия оммавий ахборот воситаларига интервью берган Комличенко Эрондаги кундалик ҳаётни «унча ёқтирмаганини» айтди. «Ростини айтсам, ҳамма нарсанинг сифати жуда паст эди», деб қўшимча қилган у.

Россиялик футбол ихлосмандлари ўз жамоасини олқишламоқда, Теҳрон, 23 март. [Entekhab]

Россиялик футбол ихлосмандлари ўз жамоасини олқишламоқда, Теҳрон, 23 март. [Entekhab]

Жамоанинг аввалги ўйини Тошкентда бўлиб ўтган. У ердаги ҳаёт Эрондагидан яхши эди, деб айтган у.

«Аммо, Теҳрондаги меҳмонхонада, айниқса овқат билан муаммо бўлган, деб айтган у Sports.ru сайтининг 24 март кунги хабарига кўра.

«Хонада интернет сигнали яхши эмасди, интернетга чиқиш учун холлга чиқишга мажбур эдим», дейди у.

Яна бир россиялик футболчи Данил Пруцев ҳам Эронга ташрифидан нолиган. Россия ОАВга кўра, у оиласи билан гаплашиш учун интернетга улана олмаган.

Россия жамоаси ҳужумчиси Константин Тюкавиннинг Sport24 сайтига берган интервьюсига кўра, у Эронда бўлган вақтида «ўзини қандайдир ноқулай» ҳис қилган.

«Об-ҳаво ғалати – доим туман», деб айтган у. «Интернет деярли ишламади... Уч кун деярли интернетсиз ўтди.»

Россияликлар шикоятига Эроннинг муносабати

Эронликлар меҳмондўстлиги ва чет эллик меҳмонларга нисбатан саховати билан машҳур, шу сабаб улар россиялик футболчиларнинг танқидларидан ҳайратга тушганлар.

23 март кунги учрашувга тайёргарлик ва ундан кейинги ўйинда иштирок этган Хузистоннинг «Фулад» футбол жамоаси бош мураббийи Алиризо Мансуриан ўтган шанба (1 апрел) кунги матбуот анжуманида Комличенконинг эътирозига муносабат билдирди.

«Билишимча, Россия терма жамоаси стадионга меҳмонхонадан келган, аэропортга эса стадиондан жўнаб кетган. Хўш, бу йигит қандай яшаётганимизни қаердан билсин?» деб сўради у.

«У ёки ақлдан озган, ёки унга шундай деб айтгин, дейишган», деб қўшимча қилди Мансуриан.

«Эронда сентябр ойида кенг қамровли норозиликлар бошланганидан бери жиддий интернет чекловлари билан яшаб келяпмиз. Айрим телефонларда интернет алоқаси кучлироқ, аммо кўпчилик VPNдан фойдаланади», дейди Теҳрондаги болалар футбол мактаби эгаси ва мураббийи Али.

«Агар меҳмонхонадаги интернет атайин фильтрланган десак ҳам, Россия жамоаси сентябрдан бери режимнинг ҳаракатларидан бехабарми?», деб таъкидлаган у Карвонсарой нашрига.

Россиядан олинган эслатмалар

Теҳроннинг дунё ҳамжамиятдан ажралиб қолиши ҳамда Москва ва Пекин билан яқин муносабатлари кучайиб бораётган бир шароитда, Ислом республикаси илк бор Советлар ва коммунистлар томонидан жорий қилинган босим усулларини қўлламоқда.

Эронда 1979 йилги Ислом инқилобининг дастлабки кунларидан бошлаб, режимнинг норозиликни тўхтатиш, жамоатчилик вакилларини кузатиш ва мухолифларни бостириш воситаларининг кўпчилиги эски диктатуралардан олинган қайдлардан келиб чиққани аниқ.

Ўрта синфга мансуб эронликларнинг аксарияти Россия ва Хитойни ёқтирмайди ҳамда Эроннинг бу икки мамлакат билан йирик шартномаларидан норози.

Кўпчилик Эрон ҳукуматининг Москва ва Пекин билан тузилган келишувларини «Эронни арзон нархда сотиб юборишга» ўхшатмоқда.

«Эрон ва эронликларни деярли талон-тарож қилаётган давлат фуқаролари бизнинг яшаш тарзимизни танқид қилишмоқда», деб айтган шахсини очиқлашни истамаган Эрон университетининг сиёсатшунослик бўйича маърузачиси. «Бу диктатурадан деярли қирқ йилдан бери азият чекамиз – бу диктатура Россиянинг ўз халқига муносабатидан илҳомланган.»

«Россиялик спортчилар нима учун овқатларимиздан шикоят қилишганини эса тушунмадим.»

«Ҳавонинг ифлослиги ҳақидаги шикоятларини тушунаман, ҳукуматимиз устувор йўналишларни тўғри қўймаган ва ҳавонинг ифлосланишига қарши курашга жуда кам маблағ ажратилган», деди у. «Аммо холисона айтадиган бўлсак, овқатларимиз яхши!»

«Агар оддий фуқаро Эрондаги вазиятни ёки турмуш тарзини қоралаганида, Эрон режими уни ҳибсга олган бўларди. Агар ғарблик шундай қилса, бунинг нима билан тугаганини эшитмаган бўлардик.»

«Аммо, Россиялик Эронни камситса, Эрон расмийлари лом-мим демайди», деб айтган у.»

«Жарликдаги давлат»

Россиялик спортчиларнинг Эрон устидан кулиши ғалати, дейди асли Қирғизистоннинг Чуй вилояти Тўқмоқ қишлоғидан бўлган, ҳозир Москвада ишлаётган Улан Оморов.

«Балки улар Эронга ўз давлатлари жарликда эканини оз вақтга бўлса ҳам унутиш ва ўтмишдаги яхши кунларни эслаш учун боришгандир? Чунки ҳозир ҳатто Москвада ҳам вазият тушкун», деди у Карвонсарой нашрига.

«Одамлар уларни келажакда нималар кутаётганини, нима қилиш кераклигини, бундан кейин қандай яшашни, ҳаётларини қандай режалаштиришни билмайдилар», деб айтган у.

«Кўпчилик ҳамма нарсани ташлаб, Россиядан кетишни хоҳлайди, чунки бу ерда келажагини кўрмайди. Шунга қарамай, бу спортчилар ўзларини обод мамлакатдан келгандай тутишларини-чи.»

Олмаотадаги оилавий поликлиниканинг оилавий шифокори Айгерим Жакашева россиялик спортчиларнинг Эронни камситганидан ҳайратда эмас.

Россияликлар «бошқа миллатларга ҳар доим паст назар билан қарайдилар, худди иккинчи даражали одамлардек», деди у.

«Бу айниқса, Россияга ишлашга борадиган Ўзбекистон ва Тожикистон каби Марказий Осиёликлар билан боғлиқ вазиятларда яққол кўринади. Уларни ишга ёллайдиган россияликлар ўзини қулдордек тутади», деб айтган у.

Аммо ҳозир вазият ўзгарган, деб айтган Жакашева.

«Яккаланиб қолган давлат ўлароқ Россиянинг муаммолари жиддий. Ҳаёт яхши эмас, россияликлар буюк ва муваффақиятли давлат фуқаролари эмасликларини англаб етадиган вақт аллақачон келган», деди у Карвонсарой нашрига.

Россия Эроннинг ёрдамини кўзламоқда

Россиянинг кўп сонли қурбонлари ва қуролларининг сифатсизлиги кабилар билан таснифланган урушдан кейин Кремл Эрондан ёрдам сўрашга мажбур бўлган. Спортчиларнинг ҳақоратли гаплари эса вазиятни янада оғирлаштиради.

Москванинг санкциялар туфайли Украинадаги уруш учун дронлар ҳамда Ғарб авто ишлаб чиқарувчилари Россияни тарк этганидан кейин пайдо бўлган бўшлиқни тўлдиришда Эронга таяниши Россия заиф ҳолатда эканлигини кўрсатади, деб айтган кузатувчилар.

Украинада Эрон ишлаб чиқарган Шаҳид ва Муҳожир дронлари Эронга муҳим ташвиқот имкониятини тақдим этган, дейилади 26 октябрдаги Carnegie Endowment ҳисоботида.

Ҳамманинг диққати Россияга қаратилганида «Эроннинг қуроллари қимматли эътибор ва потенциал мижозлар, айниқса, бундай қуролларни қийинчилик билан сотиб олаётган яккамохов режимлар ва санкцияга учраган давлатлар эътиборини тортган», дейилади хабарда.

«Ҳозирги кунда Россия кўп нарсада Эронга қарам», дейди истеъфодаги қозоғистонлик майор ва Олмаота вилоят гарнизонининг собиқ зобити Даурен Оспанов.

«Мақталган Россия ҳарбий-саноат мажмуаси Украинада ўз олдига қўйилган мақсадларга эришиш учун етарли маҳсулот ишлаб чиқара олмаслигини кўрсатди», деди у. «Шунинг учун россияликлар Эрондан ёрдам сўрашга мажбур бўлдилар».

«Бугун Эрон Россиядан яхшироқ ҳолатда ва Россияга ўз шартларини қўя олади», деди у Карвонсарой нашрига. «Россияликлар Эрон устидан кулишса, бу уларнинг аҳволини заррача ҳам тушунмасликларини кўрсатади».

[Мақолани тайёрлашга Олмаотадан Канат Алтинбаев кўмаклашди.]

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Россия Эрондан ҳам қолоқ. Нимадан шикоят қилишяпти?

Жавоб бериш