Ўтган йили Украинага бостириб кирган Россия ва унинг бу хатти-ҳаракатини қораламаган Пекин ўртасидаги алоқалар мустаҳкамланишда давом этмоқда.
Бу икки мамлакат сўнгги ойларда мудофаа соҳасидаги алоқаларни, жумладан, қўшма ҳарбий машғулотларни кучайтирган.
Якшанба (16 июл) куни Хитой ҳарбий кемалари Россия ҳарбийлари билан қўшма машғулотларда қатнашиш учун денгизга чиққан.
Провокацион машқлар
Шанба куни Хитой мудофаа вазирлигининг маълум қилишича, Япон денгизида бўлиб ўтадиган ҳаво-денгиз машқлари «стратегик денгиз йўлларини ҳимоя қилишга қаратилган».
Бу машғулотлар Россия ва Хитой билан ҳудудий баҳслари бўлган демократик Япониянинг қаршилигига сабаб бўлади, деб хабар берган Bloomberg агентлиги якшанба куни.
Хитой армияси бешта ҳарбий кема, шу жумладан бошқариладиган ракеталари бор эсминецини юборди, дейилади якшанба куни эълон қилинган баёнотда. Унда машғулотлар қачон ўтказилиши маълум қилинмаган.
Хитой ва Россия ўтган ой Япония ва Шарқий Хитой денгизлари узра қўшма ҳаво патрулини амалга оширган эди. Бу парвозлар Жанубий Кореяни эҳтиёт чораси сифатида қирувчи самолётларни жанговар шай ҳолатга келтиришга ундаган.
Бу 2019 йилдан бери Хитой-Россия ҳудудидаги олтинчи патрул амалиёти бўлди.
Хитой мудофаа вазири Ли Шангфу шу ой Россия билан денгиздаги ҳамкорликни ривожлантириш тарафдори эканлигини айтган.
Bloomberg агентлигининг якшанба кунги хабарига кўра, Хитой ва Россия ўтган йили олтита (охирги йигирма йил давомидаги энг кўпи) қўшма ҳарбий машғулот ўтказган.
Улардан бештаси Владимир Путиннинг 2022 йил февралида Украинага босқинидан кейин ўтказилди.
Бироқ, «Путиннинг Украинадаги уруши Москванинг потенциал ҳарбий ҳамкор сифатида чекланган эканлигини кўрсатди», деб ёзади Bloomberg Россия армияси берган кўплаб қурбонлар ва бир қанча мағлубиятларга ишора қилиб.
«Нейтрал тараф» эмас
Украина уруши бошлангандан бери Пекин Москванинг энг муҳим иттифоқчисигаайланган.
Хитой бу можарода бетараф эканлигини айтса-да, босқинни қоралашдан бош тортгани сабабли Украинанинг иттифоқчилари уни Россияга хайрихоҳликда айблаганлар.
13 июл куни юқори мартабали Хитой дипломати Пекин Россия билан стратегик алоқалар ва мувофиқлаштириш соҳасида алоқаларни мустаҳкамлашини айтди.
Ван И Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан Жакартада бўлиб ўтган Жануби-Шарқий Осиё давлатлари уюшмаси (ASEAN) йиғилиши доирасида турли масалаларни муҳокама қилди. Улар жума куни 18 мамлакат иштирокида ўтган Шарқий Осиё саммитининг вазирлар учрашувида қатнашдилар.
«Томонлар... стратегик алоқалар ва мувофиқлаштиришни кучайтириши лозим», деб айтган Ван Хитой ташқи ишлар вазирлиги баёнотига кўра.
«Хитой ва Россия қонуний манфаатларни ҳимоя қилишда бир-бирини қатъий қўллаб-қувватлайди, ҳамжиҳатликда яшаш ва ўзаро манфаатли тараққиёт йўлидан боради».
Ташқи ишлар вазири Цин Ган бетоб бўлгани сабабли Ван Индонезия пойтахтида Хитой номидан иштирок этган.
Лавровга кўра, Москва ва Пекин «юқори даражадаги музокараларни давом эттирмоқда», март ойида Россияда Путин ва Хитой президенти Си Цзинпин иштирокидаги учрашув эса «икки томонлама муносабатларни янада кучайтирган», дейилади Хитой ташқи ишлар вазирлиги баёнотида.
«Манфаатлар ва режалар ўзаро муштарак бўлган соҳалар тобора кўпаймоқда, уларнинг янада кучайишини некбинлик билан кутмоқдаман», деб айтган Лавров Россия ташқи ишлар вазирлиги баёнотига кўра.
Томонлар «Шанхай ҳамкорлик ташкилоти каби кўп томонлама тузилмалар доирасида мувофиқлаштириш ва ҳамкорликни кучайтириш бўйича фикр алмашдилар», деб айтган Ван Хитой ташқи ишлар вазирлиги баёнотига кўра.
Ҳамкорликнинг кучайиши
Хитой ва Россия сўнгги йилларда иқтисодий ҳамкорлик ва дипломатик алоқаларни кучайтирган.
Хитойнинг Россия билан икки томонлама савдоси июн ойида Украина уруши бошланганидан бери энг юқори даражага кўтарилди, деб хабар берди Америка Овози ўтган пайшанба куни.
13 июлдаги Хитой божхона маълумотларига кўра, июн ойидаги икки томонлама савдо ҳажми 20,83 миллиард АҚШ долларига етган, бу 2022 йил феврал ойидан бери энг юқори кўрсаткич.
Бу алоқалар Россия олиб бораётган урушнинг давом этишида мухим ҳсиобланади. Унинг Европадаги энергетика бўйича йирик истеъмолчилари Украинага ҳужумдан кейин таъминотни узиб қўйишган.
Путин ва Си урушдан аввал Пекинда учрашиб, глобал сиёсий ва ҳарбий тартибнинг «янги асрида» бирга бўлишга ваъда берганлар.
«Икки давлат ўртасидаги дўстлик чегара билмайди», дейилади уларнинг учрашувдан кейинги қўшма баёнотида. «Ҳамкорлик учун чекланган соҳалар йўқ.»
Хитой режими Россиянинг Украинага ҳужумини аввалдан билган, аммо уни Хитой қишки олимпиядаси вақтида бошланмаслиги ҳақида қайғурган, холос.
Март ойидаги учрашувлардан сўнг Путин ва Си «доллардан воз кечиш» бўйича ҳамкорлик, Эрон, Сурия ва Африка бўйича параллел сиёсат олиб бориш борасидаги «кенг қамровли шерикликни» эълон қилганлар.
Ўз ўрнида Си Хитойнинг Россияга нисбатан муносабати «халқаро жараёнлар қандай ўзгаришидан қатъи назар, ҳеч қайси вазиятга қарамай ўзгармас бўлиб қолишини» таъкидлаган.