ПЕКИН – Россиянинг Украинага бостириб кирганига бир йил тўлар экан, Хитой ўзини урушга чек қўйишга қодир «нейтрал» воситачи қилиб кўрсатиб, можарога оид янги позицияси билан мулоқотга аралашган.
Хитойнинг жума (24 феврал) куни эълон қилинган 12 банддан иборат ҳужжати Пекиннинг можаро бўйича мавжуд позициясини тасдиқлаш билан бирга, Кремл тарафида бўлган мамлакатни нейтрал қилиб кўрсатиб, иккала томонни тинчлик музокараларини бошлашга чақиради.
Босқинга бир йил тўлган санада эълон қилинган ҳужжат барча томонларни «бир йўналишда ишлаш ва имкон қадар тезроқ бевосита мулоқотни қайта йўлга қўйишда Россия ва Украинани қўллаб-қувватлашга» чақиради.
Шунингдек, Россия президенти Владимир Путин можарода Москванинг атом захирасидан фойдаланиш билан таҳдид қилгач, Хитой нафақат ядро қуролидан фойдаланиш, балки уларни жойлаштириш таҳдидига ҳам очиқ-ойдин қарши эканини билдирган.
Ҳужжатнинг биринчи бандига кўра, «барча давлатларнинг суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлиги самарали таъминланиши керак».
Аммо Хитой Москва кучлари қўшни мамлакатга бостириб кирганида бошланган Украина урушининг ўзига хослиги бу билан қандай боғлиқлигини изоҳлашдан бош тортиб келаётган эди.
АҚШ президенти Жо Байденнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливаннинг айтишича, унинг ҳужжатга дастлабки муносабати «у биринчи босқичда тўхташи мумкинлиги» бўлган.
«Украина Россияга ҳужум қилмади. НАТО Россияга ҳужум қилмади. Қўшма Штатлар Россияга ҳужум қилмади», деди у.
«Агар Россия Украинага ҳужум қилишни тўхтатиб, қўшинларини олиб чиқса, уруш эртагаёқ тугаши мумкин», деди у CNN телеканалига.
«Нейтраллик» тушунчасига аниқлиқ киритиш
Хитой Украинанинг «мутлоқ суверенитетини» ҳимоя қилган бўлса-да, у Россияни қўшниси ҳудудига бостириб киргани, унинг урушга оид ташвиқоти ва дезинформациясини қораламаган ва Кремлнинг ҳарбий операциясини молиялаштириш салоҳиятини чеклашга қаратилган Ғарб иқтисодий санкцияларига қатъиян қарши чиққан.
Қўшма Штатлар ва Украинанинг бошқа иттифоқчилари Пекиннинг бетарафлик даъвосини шубҳа остига олишган, Россия ва Хитой эса босқиндан бир неча ҳафта олдин ўзларининг икки томонлама муносабатларини «чегарасиз» деб таърифлашган.
«Хитой тақдим этган таклифлар ва фикрларга келсак, биринчи навбатда: Хитой Украинага ноқонуний босқинни қоралай олмагани учун у қадар ишончга сазовор эмас», деди НАТО раҳбари Йенс Столтенберг жума куни Таллинда (Эстония) журналистларга.
«Ва у босқиндан бир неча кун олдин Россия билан чегарасиз ҳамкорлик тўғрисидаги шартномани имзолаган», деди у.
Германия президенти Франк-Валтер Штайнмаернинг таъкидлашича, «бизни адолатли дунё томон яқинлаштирадиган ҳар бир конструктив таклиф мамнуният билан қабул қилинади... глобал миқёсдаги қудратли давлат Хитой бу каби конструктив рол ўйнашни хоҳлайдими-йўқми, бунга ҳозирча шубҳа бор».
Хитой «нафақат Москва билан, балки Киев билан ҳам гаплашиши керак», дея қўшимча қилди у.
Чоршанба куни Хитойнинг юқори мартабали дипломати Ван И Москвада Путин ва Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан уруш мавзусини муҳокама қилган.
Томонлар можарога барҳам беришнинг сиёсий йўлларига тўхталганини, Россия Хитойнинг «мувозанатли позициясини» олқишлаганини айтди.
Бироқ, пайшанба куни Бирлашган Миллатлар Ташкилотидаги (БМТ) кўпчилик Россия қўшинларининг Украинадан «зудлик билан» ва «шартсиз» олиб чиқиб кетилиши учун овоз берар экан, Хитой овоз беришда бетараф қолган.
Жума куни Пекинда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Украина ва Европа Иттифоқи (ЕИ) дипломатлари Хитойни Россияга низони тугатиш юзасидан босим ўтказишга чақиришган.
ЕИнинг Хитойдаги элчиси Хорхе Толедо БМТ хавфсизлик кенгашининг доимий аъзоси сифатида Пекин «алоҳида жавобгарликка эга» деб айтган.
«Бетарафликка мос келадими-йўқми, билмадим. Бу – бетарафлик нимани англатишига боғлиқ», дейди у.
Хитой позицияси баён этилган ҳужжатда айтилишича, барча томонлар «Совуқ уруш менталитетини тарк этиши керак». Бу Хитой дипломатиясининг доимий шиори ҳисобланади.
НАТО танқидига сабаб бўлган ҳужжатда «минтақа хавфсизлигига ҳарбий блокларни кучайтириш ёки кенгайтириш орқали эришилмаслиги» ва «барча мамлакатларнинг қонуний хавфсизлик манфаатлари ва хавотирлари инобатга олиниши кераклиги» айтилган.
Бу позиция эса Хитойнинг Тайвандаги амбицияларини яшириш воситаси сифатида кўрилади.
Пекин ўзини-ўзи бошқарувчи демократик Тайванни ўзининг ҳудуди деб билади ва бир кун келиб, керак бўлса куч билан уни тортиб олишни ваъда қилган. Орол эса доимий равишда Хитой босқини таҳдиди остида яшайди.
Россияни қуроллантириш
Россия Украинага танкларни олиб кирганидан бери, Хитой Путинни дипломатик ва молиявий томондан қўллаб келган, аммо очиқдан-лчиқ ҳарбий аралашув ёки қурол юборишдан тийилган.
Вашингтон Хитой Россияга қурол етказиб беришни режалаштираётганидан хавотир билдирган ҳолда, вазият ўзгариши мумкинлигини таъкидлайди.
Россиянинг хитойлик дрон ишлаб чиқарувчи билан Украинага юбориладиган худкуш дронлар етказиб бериш бўйича музокара ўтказаётгани хақидаги хабар Пекининг «бетарафлигига» путур етказади.
Der Spiegel немис нашрининг жума кунги хабарида айтилишича, Россия армияси Хитойнинг Xi'an Bingo Intelligent Aviation Technology дрон ишлаб чиқарувчиси билан Москва учун кенг миқёсда худкуш дронлар ишлаб чиқаришга келишаётгани тўғрисида маълумотга эга.
Хитой корхонаси 2023 йилнинг апрель ойида Россияга етказиб беришдан аввал 100 дона ZT-180 дрони прототипини ясаш ва синовлар ўтказишга келишиб олган, дейилади ҳисоботда.
Ҳар бир дрон 35-50 кг портловчи модда ташиш имкониятига эга.
Унга кўра, дронлар Россия Украинага саноқсиз маротаба зарба етказган Эроннинг «Шаҳид-136» дронига ўхшаш.
Кейинги босқичда Bingo бир ойда 100 тагача дрон ишлаб чиқариши учун Россияга эҳтиёт қисмлар ва технология юборишни режалаштирмоқда.