БРЮССЕЛЬ, Бельгия – Дунёнинг энг катта савдо блоки ҳамда йирик ижтимоий тармоқлардан бири шу ҳафтада Хитой ва Россияни COVID-19 коронавирус пандемияси ҳақида дезинформация «тошқинини» келтириб чиқаришда айблади.
Жума (12 июнь) куни Twitter тармоғи Хитой олиб бораётган дезинформация кампаниясига алоқадор 170 мингдан ортиқ ҳисобни ўчириб ташлаган. Сешанба (9 июнь) куни эса Европа Иттифоқи (ЕИ) Хитой ва Россияни Европа демократиясига путур етказишга қаратилган мақсадли коронавирус дезинформациясида айблади.
Пандемия мавзусидаги чалғитувчи ва ноаниқ маълумотлар «оқими» деб аталувчи ЕИ ҳужжатида Пекин ва Москванинг дебатларни қутблаштиришга ва ўз имижини юксалтиришга уринаётгани таъкидланган.
«Чет эллик субъектлар ва айрим учинчи томонлар, хусусан Россия ва Хитой COVID-19 атрофида таъсир чоралари ва дезинформация кампаниялари олиб боришда иштирок этмоқдалар», дейилади 17 июнда чоп этилиши кутилаётган ҳужжатда.
ЕИнинг қадриятлар ва шаффофлик масалалари бўйича вице-президенти Вера Журова томонидан тақдим этилажак 17 саҳифалик ҳисоботда айтилишича, Москва ва Пекин «демократик дебатларга путур етказиш, социал қутблашувни авж олдириш ва COVID-19 масаласида ўз имижини яхшилашга» уринмоқда.
Апрель ойида ЕИнинг дезинформацияга қарши кураш бўйича ишчи гуруҳи Хитойдан чиққан пандемияда айбни ўзидан соқит қилишга уринаётган «расмий Хитой манбаларининг мувофиқлаштирилган чоралари»га оид тафсилотларни ошкор қилганди.
Аммо комиссиянинг аъзо давлатлар ва Европа парламентига йўллаган мурожаатидаги баҳо айбловга дипломатик нуқтаи назардан кўра, кўпроқ расмий тус беради.
ЕИнинг ташқи сиёсат маҳкамаси раҳбари Жозеп Боррелл сешанба куни Хитой ташқи ишлар вазири билан ўтказган видео-анжуманидан сўнг Европада дезинформацияга қарши кураш учун кўпроқ маблағ ажратилиши кераклигини таъкидлаган.
«Фактларни текширувчилар, тадқиқотчилар ва жамоат бирлашмалари бу жараёнда муҳим роль ўйнаши лозим, аммо соғлиқни сақлаш соҳасидаги жорий инқироз шароитида платформалар уларга етарлича имконият бермаган», дейилади ҳужжатда.
«Шу сабабли қўшимча чоралар кўрилиши ва ижтимоий тармоқ платформалари ўртасида маълумот алмашиш, шунингдек шаффофлик ва ҳисобдорликни кучайтириш талаб этилади», дейилади ҳисоботда.
Интернетдаги чалғитувчи хабарларни таҳлил ва фош қилувчи ЕИ ишчи гуруҳи унча катта эмас ва асосан Россиядан тарқатилаётган дезинформацияга эътибор қаратади.
«Дезинформацияга қарши курашиш учун кўпроқ маблағ ажратишимиз кераклиги аниқ», деди ЕИнинг ташқи масалалар бўйича раҳбари Борелл.
«Биз бу йўналишда кўпроқ ишлашимиз, дезинформация ва сохта хабарларга қарши курашибгина қолмай, балки позитив хабарларни ҳам тарқатишимиз керак», деди у.
Гибрид уруш
Бишкеклик сиёсатшунос Аскат Дукенбаевга кўра, Россиянинг дезинформация кампаниялари Владимир Путин режимининг Ғарб мамлакатларига қарши янги «гибрид» ҳарбий доктринасининг бир қисмидир.
Москва «Совуқ урушдаги мағлубият учун улардан қасос олишга ҳаракат қилмоқда. Бу сиёсат, шунингдек собиқ мустамлакачи таъсиридан чиқишга уринаётган постсовет мамлакатларга қарши қаратилган», деди у.
«Марказий Осиёдаги русийзабон аҳолига эга мамлакатлар Совет Иттифоқидан мустақил бўлганидан бери Россиянинг дезинформацион хуружларига учраб келмоқда. 2014 йилда Путиннинг Украинага қарши тажовузи ортидан бу ҳолатлар янада авж олди», деди Дукенбаев.
«Масалан, Қирғизистондаги либерал ва демократияни қўллаб-қувватловчи фуқаролик жамияти фаоллари Қирғизистонда кенг тарқалган кремлпараст ва ҳукуматга қарашли газеталар ва интернет-нашрлари саҳифаларида «чет эл агентлари», «мамлакатга душман унсурлар» сифатида доимий равишда ҳужумга учраб келадилар», деди у.
У «Ғарб ва халқаро ҳамжамият Россия таҳдидининг жиддийлиги ва унга қарши чора кўриш зарурлигини англаб етганидан» мамнун эканлигини билдирди.
Россия режими пандемия вақтида ўз шериклари ва иттифоқчиларига ёрдам бера олмаган бўлса-да, «ўзини (гўёки фойдасиз) ЕИдан фарқли ўлароқ, Италия каби COVID-19 дан энг кўп жабрланган мамлакатларга ёрдам берувчи кучли давлат қилиб кўрсатиш» мақсадида постсовет ҳудуддаги ташвиқотини кучайтирди», дейди халқаро масалалар бўйича Нур-султонлик олим Руслан Назаров.
Шундай бўлса-да, Россия Қирғизистонга рус-қирғиз тараққиёт жамғармасидан (РҚТЖ) 260 миллион доллар (19,9 миллиард қирғиз сўми) ажратишдан бош тортмоқда. Бу Қирғизистон иқтисодиётининг асосий секторини хавф остига қўймоқда.
Чегараларнинг ёпилиши ва парвозларнинг бекор қилиниши ортидан Россияда қолиб кетган Марказий Осиёлик ҳимоясиз меҳнат мигрантлари фирибгарлик ва полиция зўравонлигидан азият чекмоқда.
Шу билан бирга, ижтимоий тармоқларда кремлпараст блоггерлар тарафидан сохта видеолавҳалар тарқатилаётган бўлиб, уларнинг бирида ЕИ байроғини ташлаб, Россия байроғини кўтарган италиялик акс этган.
«Россиялик блоггерлар «Россия – қардош мамлакат ва Ғарбдан фарқли ўлароқ, оғир кунда ёрдам беради» деган ғояни фаол равишда илгари сурмоқдалар», деди Назаров.
«Бироқ, кундалик муносабатлар – сиёсий, иқтисодий ва айниқса [Россия ҳукмронлик қиладиган] Евросиё иқтисодий иттифоқи доирасидаги муносабатларда Россия бир неча бор бунинг аксини намойиш этган. Ташқи сиёсатда, жумладан Марказий Осиёда ҳам Москва мутлақо ғаразли манфаатларга эга ва шунга мувофиқ ҳаракат қилади.»
Кремл ўз тарғиботида барча воситалар: ўз назорати остидаги ОАВ, троллар фабрикаси ва ҳатто таҳлилчиларни ҳам ишга солади, дейди Украинанинг Киев шаҳридаги Армия, конверсия ва қуролсизланиш бўйича тадқиқотлар марказининг Осиё-Тинч океани ҳудуди бўйича раҳбари Юрий Пойта.
«Россия, шунингдек ташқи сиёсат дастурини амалга оширишда коронавирус инфекциясидан фойдаланмоқда», деди у. «Москва манфаатдор бўлган постсовет мамлакатлар, масалан, ЕОИИ (Евроосиё иқтисодий иттифоқи) аъзолари ўта оғир иқтисодий шароитда қолишди. Россия эса уларнинг заифликларидан ўз таъсирини кучайтириш ва постсовет ҳудуди устидан назорат ўрнатиш учун фойдаланиши мумкин.
[Ушбу мақолани тайёрлашга Олмаотадан Канат Алтинбаев кўмаклашди.]
Қизиқ, «Русская Весна» сайтида руслар ғазабдан диққинафас бўлиб, Флойд ўлдирилганидан кейин исён кўтарган қора танлиларни танқид қилишмоқда... гўё руслар оқ танлидек...
Жавоб беришУлар энди америкаликларни қўллаб-қувватлаяптими? Руслар юриб кетаётиб оёқ кийим алмаштиришни билади
Жавоб беришФикрлар 5
Россия фақат ёмонлик қилишни билади
Жавоб беришФикрлар 5
«Ушбу мақолани тайёрлашга USCENTCOM ёрдамида Олмаотадан Канат Алтинбаев кўмаклашди.» деб ёзишингиз керак. Тўғирлаб қўйинг!
Жавоб беришФикрлар 5
Россиядаги ирқчилик: Россиянинг Vkontakte ижтимоий тармоғидаги оғзаки ксенофобик ҳақоратлар https://www.youtube.com/watch?v=9a_yC_aAxdk
Жавоб беришФикрлар 5