Карвонсарой
Хавфсизлик

Қозоғистондаги тартибсизлар ортидан Ўзбекистон КХШТга қўшилиш масаласида янги босимга дуч келмоқда

Рустам Темиров

Россия президенти Владимир Путин 10 январ куни Москва яқинидаги қароргоҳида Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (ОДКБ) Кенгашининг Қозоғистондаги намойишлар муносабати билан чақирилган фавқулодда видеомажлисида иштирок этмоқда. [Алексей Николский/Спутник/AFP]

Россия президенти Владимир Путин 10 январ куни Москва яқинидаги қароргоҳида Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (ОДКБ) Кенгашининг Қозоғистондаги намойишлар муносабати билан чақирилган фавқулодда видеомажлисида иштирок этмоқда. [Алексей Николский/Спутник/AFP]

ТОШКЕНТ – Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига (ОДКБ) аъзо давлатлар расмийлари яқинда Қозоғистонда юз берган тартибсизликлар баҳонасида иттифоққа қайта қўшилиши учун Ўзбекистонга босим ўтказмоқдалар.

Қозоғистон ва Россия шу ой бошида ўнлаб одамлар ўлими ва деярли 10 минг кишининг ҳибсга олинишига сабаб бўлган норозиликни хорижлик «террорчилар»нинг ҳокимиятни ағдаришга уриниши деб атаган бўлса-да, бу иддаони қўллаб-қувватловчи далиллар келтирмаган.

Мамлакатнинг энг йирик шаҳри Олмаотада ҳукумат мухолифлари ва хавфсизлик кучлари ўртасидаги қуролли тўқнашувлар ҳамда талон-тарож авжига чиққач, Қозоғистонга 2000 дан ортиқ аскардан иборат КХШТ миссияси сафарбар этилган эди.

Ўзбекистон КХШТга икки марта кириб чиққан. У охирги бор иттифоқни 2012 йилда тарк этган бўлиб, ўшандан бери унга қайта қўшилишдан қатъиян бош тортиб келмоқда.

Тошкентдаги Халқлар дўстлиги майдони, ўтган йилнинг сентябр ойи. [Юрий Корсунцев]

Тошкентдаги Халқлар дўстлиги майдони, ўтган йилнинг сентябр ойи. [Юрий Корсунцев]

Россия президенти Владимир Путин ва унинг беларуслик ҳамкасби Александр Лукашенконинг ўтган йил 29 майда Қора денгиз бўйлаб сафари чоғида яхтада тушган сурати. Минск Европа самолётини бошқа тарафга йўналтирганидан кейинги норозиликлар фонида иттифоқчилар ўртасидаги норасмий музокараларнинг иккинчи куни ўтказилган. [Сергей Ильин/Спутник/AFP]

Россия президенти Владимир Путин ва унинг беларуслик ҳамкасби Александр Лукашенконинг ўтган йил 29 майда Қора денгиз бўйлаб сафари чоғида яхтада тушган сурати. Минск Европа самолётини бошқа тарафга йўналтирганидан кейинги норозиликлар фонида иттифоқчилар ўртасидаги норасмий музокараларнинг иккинчи куни ўтказилган. [Сергей Ильин/Спутник/AFP]

«Қозоғистонда содир бўлган воқеалардан биринчи навбатда Ўзбекистон сабоқ олиши керак», деб айтган Беларус президенти Александр Лукашенко ОДКБ давлатлари раҳбарларининг душанба (10 январ) куни бўлиб ўтган фавқулодда мажлисида.

«Улар Ўзбекистонга ҳам кўз тикишяпти», деди Лукашенко кимни назарда тутаётганига аниқлик киритмай.

Мажлисда сўзлаган Россия президенти Владимир Путиннинг тахминича, Қозоғистонда ташқи кучлар фаолият олиб бормоқда.

«Қозоғистон давлатчилигига таҳдид оммавий норозилик намойишлари ёқи ёқилғи нархига қарши митинглар туфайли юзага келгани йўқ. Бу ички ва ташқи бузғунчи кучларнинг иши», деб таъкидлади Путин «Интерфакс»га кўра.

«КХШТ давлатлари биз ҳеч кимга мамлакатларимиздаги вазиятни беқарорлаштиришга ва рангли инқилоб деб аталган сценарийларни амалга оширишга йўл қўймаслигимизни очиқ баён қилди», деди Путин сўнгги ўн йилликлар ичида постсовет мамлакатларида юз берган инқилобларга ишора қилиб, деб ёзади Eurasia Daily.

Шу куннинг ўзида МДҲ давлатлари институтининг Марказий Осиё ва Қозоғистон бўлими раҳбари, москвалик Андрей Грозин «Ўзбекистон КХШТга қайтиши керак», деб айтган.

«Тошкентда Қозоғистондаги каби воқеаларни бостиришнинг бошқа чораси йўқ», деди Грозин.

«Бошқа жанубий қўшниларимиз каби, Ўзбекистон ҳам террор таҳдиди мавжуд «қизил ҳудудда» жойлашган, деди у далилсиз.

«Ўзбекистон ташқи сиёсатда кетма-кет хатолар қилмоқда... Афсуски, бундай сезги кучайиб бормоқда», деб давом этган Грозин сешанба куни Россиянинг Регнум ахборот агентлигига берган интервьюсида.

Қозоғистонда яқинда юз берган ҳодисаларда ўзбекистонлик жангарилар ҳам иштирок этган, деб иддао қилган Грозин ҳеч қандай далилсиз. У Мирзиёев ўтмишдошини ўз халқига қарши куч ишлатганини мақтаган.

«Ислом Каримов даврида Ўзбекистон халқаро терроризмга мутлақо тоқатсиз эди. Масалан, 2005 йилда Андижонда бўлиб ўтган воқеаларда жангарилар билан фақат Калашников автомати орқали мулоқот қилиниши маълум бўлди», деди Грозин ўшанда ҳукумат кучлари шаҳардаги намойишчиларни қирғин қилганини назарда тутиб.

«Аммо ҳозир вазият ёмонлашган ва биз бунинг Қозоғистонга салбий таъсирини кўриб турибмиз, у ерга Ўзбекистондан жангарилар кирган», деди Грозин.

Ўзбекистон – Қозоғистон эмас

Расмий шахсларнинг баёнотлари Тошкентга янги босим кампанияси бошланганидан далолат беради, дейди Лондонда яшайдиган Марказий Осиё бўйича таҳлилчи Алишер Илҳомов.

«Ва бу кампанияда Кремл хабарчи ролини президент Лукашенко зиммасига юклаган кўринади, чунки (2020 йилдаги) оммавий норозиликлардан сўнг, унинг ўтирган ўрни ҳам ғимирлаб қолган», деди у Карвонсаройга.

Кремл собиқ иттифоқ республикалари устидан назоратни кучайтириш нуқтаи назаридан КХШТ қадрини яққол англаб етган, чунки КХШТ, яъни Россия қуролли кучларининг ёрдами текинга эмас, содиқлик эвазига тақдим этилади, дейди у.

«КХШТнинг қийматини янада ошириш учун Путин режими Ўзбекистонни ташкилотга жалб қилмоқчи эканлигини аниқ», дейди АҚШда яшовчи ўзбекистонлик таҳлилчи Нигора Ҳидоятова Карвонсаройга.

Огоҳлантиришларга қарамай, Ўзбекистон шимолий қўшнисидан тубдан фарқ қилади, деди душанба куни россиялик олим, Постсовет тадқиқотлар маркази катта илмий ходими Станислав Притчин Кун.уз билан суҳбатда.

«Агар Ўзбекистондаги жорий вазиятни (Қозоғистон билан) солиштирадиган бўлсак, у Қозоғистондагидан тубдан фарқ қилади. Ўзбекистонда Қозоғистондаги фожиали ҳодисалар олдидан бўлгани каби сиёсий ихтилоф йўқ», деди у Лукашенконинг баёнотига жавобан.

Ўзбекистондаги вазият барқарор, чунки ҳукумат ўз сиёсатининг турмуш даражасига қандай таъсир қилишини инобатга олади, деди Притчин у ерда ҳозирча беқарорлик учун ҳеч қандай шароит йўқлигини қўшимча қилиб.

Лукашенко ўзбек разведкаси салоҳияти ва Ўзбекистон ҳарбийларининг мамлакатни ҳимоя қилиш бўйича 30 йиллик тажрибасини шубҳа остига олган бўлса-да, мамлакат мустақил равишда миллий хавфсизликни таъминлаш ва ички терроризмга қарши курашга қодир, дейди ўзбекистонлик журналист Шуҳрат Шокиржонов.

«Ўзбекистон Республикаси мудофаа доктринасига кўра, мамлакат ҳарбий-сиёсий блокларда иштирок этмайди ва ҳар қандай давлатлараро тузилма ҳарбий-сиёсий иттифоққа айланадиган бўлса, ундан чиқиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади», дейди Шокиржонов.

Лондонлик таҳлилчи Илҳомовнинг тахминича, Ўзбекистон яқин орада Қозоғистондаги каби оммавий норозиликларга дуч келиши даргумон.

Мирзиёевнинг иккинчи муддати эндигина бошланди ва у ҳамон жамоатчилик кўз ўнгида ўз легитимлигини мустаҳкамлашга астойдил ҳаракат қилмоқда, деди у.

Мирзиёев ўтган йил охирида иккинчи муддатга сайланган эди.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 6

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Қрим Украинаники!

Жавоб бериш

Ҳозирда АҚШ билан ҳарбий ҳамкорлигимиз яхши. Шунинг учун ҳам Ўзбекистон КХШТга эмас, НАТОга аъзо бўлади.

Жавоб бериш

Фақат НАТОга эмас, ЕИ ва G7га ҳам!

Жавоб бериш

Россияни яксон қиламиз.

Жавоб бериш

Орзу қилишда давом этишсин. Бизнинг Ўзбекистон армияси бутун ОДКБдан кучлироқ

Жавоб бериш

Лукашенко Тожикистонни назарда тутган бўлса керак, чунки Раҳмон ва Назарбоев ўртасида кўплаб ўхшашликлар бор. Лукашенко «Бу ерда йўқлар ҳақида гапирмаймиз» деган тамойилга амал қилган ҳолда Раҳмон билан баҳслашишни истамади.

Жавоб бериш