Карвонсарой
Хавфсизлик

Украина ва унинг иттифоқчилари Россиянинг кимёвий қуролни ишга солишга замин ҳозирлаётгани ҳақида огоҳлантирмоқда

Карвонсарой ва AFP

5 март куни шиддатли отишмалар ва бомба ҳужумлари чоғида Киев шимоли-ғарбидаги Ирпен шаҳри томон йўналган Украина ҳарбий хизматчилари вайрон бўлган кўприкдан ўтмоқда. [Арис Мессинис/AFP]

5 март куни шиддатли отишмалар ва бомба ҳужумлари чоғида Киев шимоли-ғарбидаги Ирпен шаҳри томон йўналган Украина ҳарбий хизматчилари вайрон бўлган кўприкдан ўтмоқда. [Арис Мессинис/AFP]

ВАШИНГТОН – Москва Украинадаги аёвсиз урушида илгарилаб борар экан, Россия ўзининг қатъиятсиз ҳужумини кучайтириш учун аввалги можароларда бўлгани каби тақиқланган кимёвий қуролларни ишга солиши мумкинлиги борасида хавотирлар кучаймоқда.

Россия ўз қўшниси ҳудудига 24 феврал куни бостириб кирган эди.

Разведка маълумотларига кўра, Россия Украинага қарши кимёвий қурол қўллашга ҳозирланаётган бўлиши мумкин, деб маълум қилган жума (11 март) куни АҚШ ва Европа расмийлари.

Исмини ошкор қилмаслик шарти билан The Washington Post билан суҳбатлашган хавфсизлик мутасаддилари ва дипломатлар Россия Украина ёки Ғарб ҳукуматларини айбдор қилишга уриниб, «сохта байроқ» ҳужумини амалга ошириши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.

Украина-Полша чегарасини кесиб ўтган болалар автобусга ўтирмоқда, 14 март. Россия Украинага қарши урушида кимёвий қурол қўллаши борасидаги хавотирлар кучайган. [Луиза Гулиамаки/AFP]

Украина-Полша чегарасини кесиб ўтган болалар автобусга ўтирмоқда, 14 март. Россия Украинага қарши урушида кимёвий қурол қўллаши борасидаги хавотирлар кучайган. [Луиза Гулиамаки/AFP]

2018 йилнинг 22 январ куни Дамашқ яқинида мухолиф кучлар назоратидаги Дума шаҳрида режим тарафидан содир этилгани айтилган газ ҳужумидан сўнг, вақтинчалик госпиталда гўдакнинг юзига кислород ниқобини тутиб турган суриялик болакай. (Ҳасан Муҳаммад/AFP)

2018 йилнинг 22 январ куни Дамашқ яқинида мухолиф кучлар назоратидаги Дума шаҳрида режим тарафидан содир этилгани айтилган газ ҳужумидан сўнг, вақтинчалик госпиталда гўдакнинг юзига кислород ниқобини тутиб турган суриялик болакай. (Ҳасан Муҳаммад/AFP)

Аввалроқ Оқ уй Кремл урушнинг янги босқичига ҳозирланаётганидан дарак берувчи Россиянинг янги ташвиқот кампанияси юзасидан хавотир билдирган эди.

Оқ уй матбуот котиби Жен Псаки 9 март куни бир қатор твитларида Россия «Украинада кимёвий ёки биологик қурол қўллашга тайёрланаётган бўлиши мумкинлигини» айтди.

Москванинг Украинадаги суръати Россия президенти Владимир Путин кутганидек жадал эмаслиги сабабли, Россия расмийлари АҚШнинг Украинадаги яширин биологик қурол лабораториялари борасида айбловларни кучайтирганлар.

Ғарб расмийларининг таъкидлашича, бу тактика Россиянинг «сценарийсига» тўла мос келади.

«Буларнинг бари Россиянинг Украинага нисбатан аввалдан ўйланган, асоссиз ва сабабсиз ҳужумини оқлашга уриниш йўлидаги очиқ ҳийладир», деди Псаки.

«Энди, Россия бу ёлғон баёнотларни берган ва Хитой бу ташвиқотни қўллаб-қувватлаган бир пайтда, биз Россия Украинада кимёвий ёки биологик қурол қўллаши ёки улардан фойдаланган ҳолда сохта байроқ операцияларини ўтказишидан эҳтиёт бўлишимиз керак», деди у. «Бу аниқ қонуният.»

Бу огоҳлантиришлар Украина расмийлари Россия шарқий Донбасс минтақасида фосфорли кимёвий бомбаларни қўллагани ҳақида хабар берганидан сўнг янграган, деб ёзади AFP якшанба куни.

Халқаро қонунчилик аҳоли зич яшайдиган жойларда оқ фосфорли снарядлардан фойдаланишни тақиқласа-да, очиқ жойларда уларни қўшинлар учун ҳимоя сифатида ишлатишга рухсат беради.

Луганскдан 100 км ғарбда жойлашган Попасная шаҳри полицияси бошлиғи Алексей Билошицкий шанба куни кечки пайт Россия кучлари бу ҳудудда кимёвий қуролни ишга солгани ҳақида хабар берган.

«Бу нацистлар «ёнувчи пиёз» деб атайдиган ва рашистлар [«Россия» ва «фашистлар» бирлашмасидан ҳосил бўлган сўз] шаҳарларимизга ташлаётган қуроллардир. Таърифлаб бўлмайдиган азиятлар ва ёнғинлар», деб ёзди у Facebook саҳифасида.

Бу изоҳларни қисқа муддат ичида тасдиқлаш имкони бўлмаган.

Тўғридан-тўғри Москванинг сценарийсидан

Жума куни Москва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) Хавфсизлик Кенгашининг 15 аъзоси иштирокида мажлис чақириб, Вашингтон Украинадаги биологик қуроллар бўйича тадқиқотларни молиялаштиргани ҳақидаги илгари айтилган асоссиз даъволарини такрорлаган.

Украина, АҚШ ва БМТ расмийлари Украинада АҚШ қўлловидаги биоқурол дастури мавжудлигини рад этганлар.

Украина президенти Владимир Зеленский жума куни Телеграмдаги расмий каналида эълон қилган видеомурожаатида «Биз гўёки кимёвий ҳужумга тайёрланаётган эканмиз», деб айтди.

«Бу мени жуда хавотирга солмоқда, чунки биз қайта-қайта амин бўлганмиз: Россиянинг режаларини билмоқчи бўлсангиз, у бошқаларни нимада айблаётганига қаранг», деди у.

АҚШнинг БМТдаги элчиси Линда Томас-Гринфилд ҳам Хавфсизлик кенгаши мажлисида худди шундай хавотирларни изҳор этган.

«Россияда бошқа давлатларни ўзи содир этаётган қонунбузарликларда ёлғондан айблаш одати бор», деди у.

Бошқа дипломатлар Россиянинг бу иддаоларини «ёввойи» фитна ва «мутлақо бемаънилик» дея рад этганлар.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг қуролсизланиш масалалари бўйича бош котиби ўринбосари Изуми Накамицу БМТда «Украинада биологик қуроллар дастури бўлгани» ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқлигини айтди.

Буюк Британиянинг БМТдаги элчиси Барбара Вудворднинг айтишича, Россия Хавфсизлик кенгашидан «бир қатор ёввойи, мутлақо асоссиз ва масъулиятсиз фитна назарияларини» илгари суриш учун фойдаланган.

«Дипломатик йўл билан айтадиган бўлсам, бу мутлақо бемаънилик. Украинада биологик қурол дастури борлигини тасдиқловчи заррача ишончли далил йўқ», деди у.

Пайшанба куни Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон Россия Украинада кимёвий қурол жойлаштириши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган.

«Дарвоқе, сизга бир нарсани олдиндан айтишим мумкин, яъни сиз кимёвий қурол ҳақида эшитган нарсалар шундоққина унинг сценарийсидан олинган», деди Жонсон Sky News телеканали ходими Бет Ригбига.

«Улар рақиблари ёки америкаликлар сақлаган кимёвий қуроллар ҳақида гапира бошладилар. Шунинг учун, улар ўзлари кимёвий қуроллар ҳозирлаётганида, қўрқаманки, улар бунга қодир... маскировка, ишлатишга тайёр сохта ҳикоя бор

«Ўйин қоидаларини ўзгартириш»

Украинадаги потенциал кимёвий ҳужумдан хавотири кучайган НАТОнинг юқори мартабали расмийсига кўра, бу хавотирлар янги «разведка маълумотлари», шунингдек, Россиянинг аввалги тактикаси билан боғлиқ.

Бу тактика «шиддатли бомба ҳужумлари, шаҳарларни вайрон қилиш, сўнг кимёвий қурол ёрдамида жангарилар жойлашган ертўлаларини тозалаш, сўнг инкор этиш ва «сохта байроқлар ўрнатиш»ни ўз ичига олади, деди расмий.

Украинада заҳарли газларни қўллаш билан боғлиқ ҳар қандай ҳолат бундай қуролларни тақиқловчи узоқ йиллик халқаро шартномани бузади.

Якшанба куни Полша президенти Анжей Дуданинг айтишича, Москванинг Украинага бостириб киришда кимёвий қурол қўллаши «ўйин қоидаларини ўзгартиради» ва можаронинг НАТО тарафидан қайта кўриб чиқилишини талаб қилади.

Бундай вазиятда НАТО кейинги ҳаракатларини жиддий ўйлаб кўриши керак, деди у.

«Чунки бундай ҳолатда бу нафақат Европага, нафақат Европадаги ҳудудимизга... балки бутун дунёга хавф сола бошлайди», деб қўшимча қилди у поляк тилида инглизча таржима билан гапираркан.

Дуданинг таъкидлашича, Путин ҳар қандай воситани ишга солиши мумкин, айниқса, бу урушда «сиёсий жиҳатдан» мағлуб бўлган, ҳарбий нуқтаи назардан энди ғалаба қозонишга қодир бўлмай қолса.

Россия Украинада кимёвий қурол ишлатса, бу унга жуда қимматга тушади, деди АҚШ президенти Жо Байден Москвани «учинчи жаҳон урушига» тортмасликка ваъда берган ҳолда.

Ўтмишдаги ҳолатлар

Москва доимий равишда кимёвий қуролдан фойдаланиш ҳолатлари терговига тўсқинлик қилишга уриниб, айбни ўзидан соқит қилишга ва дезинформация тарқатишга уриниб келган.

Кремлда режим мухолифларига қарши асабни фалажловчи ноқонуний моддалар қўллаш тажрибаси бор – 2020 йилда Россия мухолифати етакчиси Алексей Навалнийга «Новичок» воситасида қилинган ҳужум ва 2018 йилда собиқ КГБ агенти Сергей Скрипалнинг заҳарланиши шулар жумласидандир.

Москва бу икки воқеага алоқадорлигини рад этиб келади.

Россия Сурияда Башар Асад режимининг ўз халқига қарши кимёвий қурол қўллаганини яширишга ёрдам берган.

2019 йилда Кимёвий қуролларни тақиқлаш ташкилоти (КҚТТ) бир йил аввалги ҳужум чоғида мухолифат назоратидаги Дума шаҳрида хлорин моддаси қўлланганини тасдиқлаган. Россия бу ҳужумларни яширишга ёрдам бермоқчи бўлган эди.

У КҚТТ ҳисоботини рад этиб, бу ваҳшийликлар Оқ дубулғалилар номли Суриянинг кўнгилли қутқарувчилари томонидан «саҳналаштирилганини» даъво қилган.

Суриядаги кимёвий ҳужумлар Россия расмийлари томонидан тез-тез такрорланадиган сохта иддаолар билан олиб борилган, уларга кўра ҳужумлар ортида гўё мухолифат жангарилари турган, деб хабар беради Washington Post жума куни.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 3

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Хўш, нима, Зеленскийга ишонса бўладими? Америкалик икки амалдорнинг айтишича, «қўшимча разведка маълумотларига кўра, Россия сохта байроқ остида кимёвий қуролни ишга солиб, тинч аҳолини ўлдиради ва жасадлардан украиналиклар бегуноҳ одамларни газ билан заҳарлагандек қилиб кўрсатиши мумкин». Амалдорлардан бири кейинчалик айб америкаликлар зиммасига ҳам юкланиши мумкинлигини қўшимча қилган.» 17.02.2022 The Washington Post.

Жавоб бериш

Инсониятга қарши жиноятлари учун Россияни уруш вақтига оид энг аёвсиз қонунлар билан суд қилиш керак. Россия бу фашизм.

Жавоб бериш

Азбаройи худо, сенга ачинаман, эртами-кечми қиёмат келади ва ёлғонларинг учун жавоб берасан. Украина сизни фосфор (ўқ-дори) ҳужумлари ва бошқалар учун жазолайди.

Жавоб бериш