ОЛМАОТА – Россия давлат думаси такси соҳасини тартибга солишни кўзда тутувчи ва такси иловаларидан Федерал хавфсизлик хизматига (ФХХ) мижозлар маълумотлар базасидан фойдаланиш ҳуқуқини беришни талаб қилувчи қонун лойиҳасини кўриб чиқмоқда.
«Такси буюртма қилиш хизмати Россия Федерал хавфсизлик хизматига ҳукумат томонидан белгиланган тартибда буюртмаларни қабул қилиш, сақлаш, қайта ишлаш ва юбориш учун фойдаланиладиган ахборот тизимлари ва маълумотлар базаларига автоматлаштирилган масофадан киришни таъминлаши лозим», дейилади лойиҳада.
Қонун лойиҳаси тасдиқланган тақдирда ФХХга тақдим этиладиган ахборот йўловчининг сафарлари ва юки, таксининг жойлашуви ва ҳайдовчи ҳақидаги маълумотлардан иборат бўлади.
Шунингдек, лойиҳада такси ҳайдовчиларга нисбатан талабларни кучайтириш ҳам кўзда тутилган.
Хусусан, агар фуқаро ҳайдовчилик ҳуқуқларидан маҳрум этилса ва жазо муддатидан кейин уларни қайта тикласа, у қўшимча бир йиллик «синов муддатидан» кейин такси ҳайдовчиси бўлиб ишлаши мумкин.
Қонун лойиҳасида учтадан кўп йўл ҳаракати жаримасига эга ҳайдовчиларга такси ҳайдашни тақиқлаш кўзда тутилмоқда.
Қонун кучга кирган тақдирда такси иловалари ишида қўшимча қийинчиликлар юзага келади. Улар ўзлари фаолият юритадиган барча вилоятларда офис очиши керак бўлади, ҳар бир вилоятда такси ҳайдовчиларининг рўйхати тузилиб, уларнинг сони чекланган бўлади.
Такси компаниялари ўз ҳайдовчилари билан шартнома тузиши керак бўлади ва агар ҳайдовчининг тегишли рухсатномаси бўлмаса, у йўловчига етказилган зарар учун масъул бўлади.
Ушбу саъй-ҳаракатлар ОАВ ва ахборот технологияларини тартибга солувчи «Роскомнадзор» январ ойида «Яндекс Такси» иловасини маълумот тарқатиш ташкилотчилари рўйхатига киритиши ортидан бошланган.
Кремл рўйхатдаги веб-сайтларни, жумладан «ВКонтакте» ва «Одноклассники» ижтимоий тармоқлари, 2ch.hk форуми, Mail.ru почта хизмати ва бошқа ўнлаб хизматларни диққат билан кузатиб боради, деб хабар берган Global Voices 2017 йилда.
Бу илова энди фойдаланувчиларга оид маълумотларни тўплаш ва сақлашга мажбур, шунингдек Россия қонунчилигига мувофиқ, уларни сўровга кўра ҳуқуқ- тартибот идораларига тақдим этиши керак.
«Чекловчи ва харажатли»
Фойдаланувчиларга такси чақириш, машиналар ва скутерлар ижарага олиш имконини берувчи Citymobil онлайн хизмати «аввал рад этилган, жумладан бозор иштирокчиларининг салбий муносабатига учраган лойиҳаларга ўхшашини» айтиб, мазкур қонунга қарши чиққан.
Компания фойдаланувчиларнинг сафарлари ҳақидаги маълумотларни сақламайди ва қонун лойиҳаси «жорий иқтисодий шароитда амалга ошириш қийин бўлган чекловчи ва харажатли чораларни соҳа иштирокчиларига татбиқ» этмаслиги керак, деб айтган Citymobil вакили Россиянинг Forbes нашрининг март ойидаги хабарига кўра.
«Қонуннинг охирги лойиҳаси бозор иштирокчилари билан бемаслаҳат, махфий тарзда ишлаб чиқилмоқда», деб айтган Maxim номли яна бир такси иловаси вакили.
«Бундан соҳа ривожи ва унинг ишини тартибга солиш учун керак бўладиган эмас, балки бутунлай бошқа нарса келиб чиқиши мумкин», деб айтган у Forbes нашрига кўра.
Қатъий қоидалар билан ишлаши керак бўлган ҳайдовчилар эса кескин танқидий фикрларни билдирганлар.
«Янги қонун талабга жавоб бермайдиган такси ҳайдовчиларини четлатувчи филтр бўлади», дейди Москвада «Яндекс Такси» ҳайдовчиси бўлиб ишлайдиган асли душанбелик Тоҳир Юсупов. «Улар қандай тирикчилик қилади? Оиласини қандай боқади?»
Янги талаблар такси операторлари учун катта харажатларни келтириб чиқаради, натижада улар ҳайдовчининг компенсациясини қирқади ёки уларни ишдан бўшатади, деб айтган у.
Россияда такси ҳайдовчиларининг аксариятини ташкил этадиган Марказий Осиёлик мигрантлар қатъий тартибларнинг асосий қурбонига айланади, деб қўшимча қилган у.
«Ҳар ой янги талаблар, чекловлар, тақиқлар бўляпти», деб айтган Юсупов. «Россия расмийлари ҳаётимизни янада мураккаблаштиришнинг янги усулларини ўйлаб топишда давом этмоқда.»
«Инсон ҳуқуқларининг бузилиши»
Кремл танқидчиларининг фикрича, фуқароларнинг ҳаракатини такси иловалари орқали кузатиш Россияда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ ҳолатнинг янада ёмонлашганидан дарак беради.
Россия президенти Владимир Путин ФХХни «расмий ваколатлари доирасидан ташқарига чиқадиган барча нарсага ҳақли» ҳукмрон органга айлантирди, деб ёзган москвалик сиёсатчи Илья Яшин 28 апрел куни ўзининг Facebook саҳифасида.
«Лубянкада [ФХХ бош қароргоҳида] қонун лойиҳалари ишлаб чиқилади, губернаторлик ва вазирлик лавозимларига кадрлар тайёрланади; тарих китобларига нималарни ёзиш кераклиги белгиланади; сайловда кимлар иштирок этиши мумкинлиги, кимлар иштирок этмаслиги, ким озодликда қолиши ва ким қамоққа тушиши ҳал қилинади», деди у.
«Россия давлати қандай қилиб махсус хизматлар назоратига ўтганини сезмай ҳам қолдик».
«Мамлакатимизни ҳеч ким сайламаган, деярли нотаниш бўлган ва ўз фаолиятини сирли парда ортига яширган одамларга топширдик», деб қўшимча қилган у.
Инсон ҳуқуқларини поймол қилувчи авторитар қонунлар нафақат маҳаллий россияликлар, балки шароит туфайли Россияда ишлашга мажбур бўлаётган Марказий Осиёлик мигрантларнинг аҳволини ҳам оғирлаштиради.
Россия ҳукумати Украинага босқин ортига яшириниб, конституцияга зид бир қанча норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилмоқда, дейди Россиядаги меҳнат мигрантларига тез-тез ҳуқуқий ёрдам кўрсатиб турадиган Бишкек адвокатлар кенгаши директори, қирғизистонлик ҳуқуқшунос Ислом Байгараев.
«Улар буни ҳар қанча оқламасин, барча фуқаролар ҳаракатини, жумладан такси орқали кузатиш каби чораларни қонунийлаштиришни қандай тақдим этмасин, буларнинг бари Россияда сўнгги йилларда одатий ҳолга айланган инсон ҳуқуқларининг қўпол бузилишидир», деди у.
Россия қонунчилигига кўра, иловалар энди мижозлар ҳақидаги маълумотларни тўплаш ва сақлашга ҳамда ҳуқуқни-тартибот ва хавфсизлик идораларига тақдим этишга мажбур. Энг ачинарличи, уларнинг маълумотлар базалари хавфсиз мамлакатда эмас; уларнинг ҳимоя даражаси, биз бир неча бор гувоҳ бўлганимиздек, заифдир. Биз ҳақимизда истаган одам маълумотга эга бўлиши қўрқинчли, аммо ундан қандай фойдаланиши эса бошқа масала.
Жавоб беришФикрлар 5
Яқинда ривожланаётган мамлакатларда одамларга ёрдам беришни кўзлаган барча иловалар махсус кучларга маълумот тўплашни бошлайди, агарда аллақон шундай бўлмаган бўлса. Янги маҳсулотини бизга сотишга ҳаракат қилган маркетологлардан қўрқиб юрган эдик.
Жавоб беришФикрлар 5
Одамлар доимо кузатув остида бўлган, аммо энди бу сифат жиҳатидан янги босқичга ўтмоқда. Ўйлаб кўринг; улар тез орада ҳар бир нафасингизни кузатиб борадилар.
Жавоб беришФикрлар 5
Ҳаммаёқда инсон ҳуқуқларининг бузилиши ва одамлардан уларнинг барча ресурсларини сарфлаган ҳолда фойдаланиш – Россияга хуш келибсиз.
Жавоб беришФикрлар 5
Россия – тоталитар ҳожатхона.
Жавоб беришФикрлар 5