Карвонсарой
Иқтисодиёт

ЕОИИ ва Эрон ўртасидаги эркин савдо битими – Марказий Осиё давлатлари учун жиддий таҳдид

Рустам Темиров

Россия президенти Владимир Путин 15 сентябр куни Самарқандда бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) саммити доирасида эронлик ҳамкасби Иброҳим Раисий билан учрашди. [Александр Демянчук/Спутник/AFP]

Россия президенти Владимир Путин 15 сентябр куни Самарқандда бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) саммити доирасида эронлик ҳамкасби Иброҳим Раисий билан учрашди. [Александр Демянчук/Спутник/AFP]

ТОШКЕНТ – Кремлнинг Эрон билан савдо алоқаларини кучайтиришга қаратилган саъй-ҳаракатлари Россия етакчилигидаги Евроосиё иқтисодий иттифоқининг (ЕОИИ) Марказий Осиёдаги аъзолари учун оғир оқибатларга олиб келади, дейди кузатувчилар.

2023 йилнинг биринчи ярмида ЕОИИ ва Эрон ўртасида эркин савдо тўғрисидаги битим имзоланиши мумкин, деб айтган ЕОИИ ижроия органи бўлмиш Евроосиё иқтисодий комиссиясининг (ЕОИК) бошқаруви раиси Михаил Мясникович.

«Шартномани 2023 йилнинг биринчи ярмида имзоламоқчимиз, сўнг дарҳол ратификация жараёнларини бошлашимиз мумкин», деди у 30 декабр куни ТАСС агентлигига.

Декабр ойида Эрон саноат ва савдо вазирлиги келишув 18 январда имзоланиши мумкинлигини айтган эди, аммо бу амалга ошмади.

Суратда: Марказий Осиё давлатлари ва ЕОИИ аъзоларининг Эрон билан савдоси ҳажми. Чап томонда Ўзбекистоннинг Эрон билан 2014-2021 йиллардаги савдоси, ўнг томонда эса Эроннинг 2021 йилда Россия, Арманистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Беларус билан савдоси ҳажми миллионлаб долларларда кўрсатилган. [Карвонсарой]

Суратда: Марказий Осиё давлатлари ва ЕОИИ аъзоларининг Эрон билан савдоси ҳажми. Чап томонда Ўзбекистоннинг Эрон билан 2014-2021 йиллардаги савдоси, ўнг томонда эса Эроннинг 2021 йилда Россия, Арманистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Беларус билан савдоси ҳажми миллионлаб долларларда кўрсатилган. [Карвонсарой]

Эрон президенти Иброҳим Раиси 14 сентябр куни Самарқанддаги ШҲТ саммитида иштирок этди. [Ўзбекистон президенти матбуот хизмати]

Эрон президенти Иброҳим Раиси 14 сентябр куни Самарқанддаги ШҲТ саммитида иштирок этди. [Ўзбекистон президенти матбуот хизмати]

Россиянинг мақсадлари

Лондонда жойлашган Central Asia Due Diligence ташкилоти раҳбари Алишер Илҳомов каби таҳлилчиларга кўра, икки йил давомида муҳокама қилинган бу келишув асосан Россия томонидан илгари сурилган.

Россия Эрон билан эркин савдо ҳудуди тўғрисидаги битимни ишлаб чиқиб, унинг ташаббускори бўлди ва бу ҳужжатни ЕОИИда илгари сурди, деди у Карвонсаройга.

Кремлнинг мақсади аниқ ва учта асосий устувор йўналиш билан боғлиқ, деди у.

Биринчиси – Украинага босқин сабабли Россияга нисбатан жорий қилинган Ғарб санкцияларини четлаб ўтиш учун параллел импортдан фойдаланиш. Шу мақсадда Россия Осиё давлатлари билан савдо алоқаларини яхшиламоқда, деди Илҳомов.

«Назарий жиҳатдан, Марказий Осиё давлатлари Россиядан камроқ даражада бўлса ҳам, Эрон билан бундай божсиз савдодан манфаатдор. Аммо бу ҳолатда икки давлатга қарши санкциялар тартибини бузмаслик учун ҳеч қандай қизил чизиқларни кесиб ўтмаслик жуда муҳим», деди Илҳомов.

Илҳомовнинг сўзларига кўра, Россиянинг иккинчи мақсади – давлатларнинг Эрон билан ўзаро ҳисоб-китобларни АҚШ долларида эмас, балки ўз валюталарида амалга оширишига эришиш.

Бу тизим импорт ва экспорт харажатларини ҳисоблашда оғир тартибларни ҳамда тегишли валюталарда сарфланган маблағлар ҳисобини юритишни талаб қилади, деди у ва Марказий Осиё давлатлари бундай тўлов турларидан манфаатдор эмаслигини, балки АҚШ долларига асосланган соддароқ ва ишончлироқ тўлов механизмларини афзал кўришини таъкидлаб.

Унинг айтишича, камдан-кам конвертация қилинадиган ва жуда беқарор Эрон риёлини сақлашдан кўра, мустаҳкам валютада савдо қилиш ва уни халқаро банк ҳисобларида тўплаш анча манфаатлироқ.

«Бу масалада Россия ўзларига манфаатли бўлмаган тўлов тизимига амал қилишлари учун Марказий Осиё мамлакатларига босим ўтказиши мумкин», деб айтган Илҳомов.

Учинчи устуворлик – ЕОИИ механизмлари ёрдамида Марказий Осиё давлатлари Ғарб санкцияларини эътиборга олган ҳолда Россияни четлаб ўтишга ҳаракат қилиб ривожлантираётган савдо ва транспорт йўлларини назорат қилиш .

«Бу вазиятда Москванинг мантиғи оддий: муқобил маршрутлар тузилишининг олдини ололмас эканмиз, бу жараённи бошқариб уни назоратга оламиз, кейин уларни балки Астрахан ва кейинчалик Каспий денгизи орқали йўналтирармиз», деб айтган Илҳомов.

Марказий Осиё мамлакатлари Москванинг бу режаларидан ҳеч қандай фойда кўрмайди, деб айтган у. Улар ЕОИИнинг аралашувисиз ҳам Ўзбекистон, Туркманистон ва Эрондан ўтувчи ва агар Форс кўрфазига чиқиш керак бўлса, Эроннинг Бандар Аббос портига олиб борувчи аллақачон мавжуд темирйўлдан фойдалана олишади.

«Шартнома натижасида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) ва ЕОИИ таркибида Кремл яна бир иттифоқчига эга бўлади, деб айтган тошкентлик сиёсий таҳлилчи Фарҳод Толипов.

Ўтган йили Эрон ШҲТнинг тўлақонли аъзосига айланди, у ташкилотдаги тўққизинчи давлатдир.

Оқибатлар

Эронни ЕОИИга боғлаш ташаббуси Россия ва Эрон томонидан ишлаб чиқилган, дейди Consultations on International Policy and Economy таҳлил маркази президенти, ванкуверлик Фикрет Шабанов.

Асосий мақсад – Москва ва Теҳронга санкцияларни четлаб ўтишга имкон берувчи иқтисодий макон яратиш, деб айтган у Карвонсарой нашрига.

«Улар санкциялар бўшлиғини тўлдирмоқчи», деб айтган Шабанов.

Москва Марказий Осиё давлатларини ўз иқтисодий таъсири доирасида ушлаб туриш учун уларга босимни кучайтиради, деб қўшимча қилди у.

Шабановнинг фикрича, эркин савдо битими ҳам сиёсий, ҳам иқтисодий оқибатларга олиб келади.

Жумладан, Теҳрон минтақа давлатларининг қишлоқ хўжалиги ва саноат секторига жиддий зарар етказади, чунки Эронда ишчи кучи арзон (улар асосан хазарий афғонлардан иборат) ва энергоресурслар, хусусан, Эрон гази ва нефтининг арзонлиги сабабли, дейди у.

Бу шунингдек, Марказий Осиё мамлакатларини Ғарб ёки Россия ва Эрон томонини танлашга мажбурлайди.

Марказий Осиё учун «бу икки тарафлама чигаллик келтириб чиқариши мумкин, бир томондан Кремл ва Теҳроннинг хомашёси, транспортга қарам бўлган Марказий Осиё элитаси бор.»

«Бошқа томондан, тажовузкор давлат (Россия) ва унинг яқин иттифоқчилари билан ҳамкорлик учун Ғарбнинг иккиламчи санкцияларига дучор бўлиш хавфи мавжуд», деб айтган Шабанов.

ЕОИИдаги икки давлат – Россия ва Беларусга нисбатан аллақачон санкциялар қўлланилмоқда, деб таъкидлаган Олмаотадаги Жамоат сиёсатини ўрганиш маркази раҳбари Меруерт Махмутова.

Айрим давлатлар соядаги бозор маҳсулотларини етказиш ва Россияга қарши санкцияларни четлаб ўтиш юкини ўзига олаётгани сабабли ЕОИИдаги аъзолик заҳарли бўлиб бормоқда, деб айтган Махмутова Карвонсарой нашрига.

«Менимча, Марказий Осиё давлатларига босим ортади.»

«ОАВ Россиянинг Қозоғистонни санкцияларга амал қилгани учун қўрқитгани ҳақида бир неча бор хабар берган эди. Иқтисодий нуқтаи назардан, санкция режимини бузган давлатлар иккиламчи санкцияларга дуч келиши мумкин», дейди Махмутова.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Демак, божхона иттифоқидан чиқишимиз керак. У ерда икки террорчи давлат ялло қилиб юраверсин.

Жавоб бериш