Карвонсарой
Энергия

ЕОИИ саммитида Путиннинг газ иттифоқи тузиш ташаббуси муваффақиятсизликка учради

Канат Алтинбаев

Россия президенти Владимир Путин 9 декабр куни Бишкекда Олий Евроосиё Иқтисодий Кенгаши (ОЕИК) йиғилишида иштирок этмоқда. [Вячеслав Оселедко/AFP]

Россия президенти Владимир Путин 9 декабр куни Бишкекда Олий Евроосиё Иқтисодий Кенгаши (ОЕИК) йиғилишида иштирок этмоқда. [Вячеслав Оселедко/AFP]

БИШКЕК – Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ ёки ЕОИҲ) саммитида Россия президенти Владимир Путиннинг табиий газ иттифоқи тузиш таклифининг рад этилгани ташкилотнинг ўлим тўшагида эканидан дарак беради, дейди таҳлилчилар.

9 декабр куни Бишкекда бўлиб ўтган ЕОИИ саммитида Путин ва ташкилотга бошқа аъзо давлатлар – Арманистон, Беларус, Қозоғистон ва Қирғизистон раҳбарлари иштирок этишган.

Унда жумладан, ЕОИИ мамлакатларига сезиларли даражада зарар этказган Россиянинг Украинадаги урушининг иқтисодий оқибатлари ҳам муҳокама қилинган.

Қирғизистон меҳнат мигрантлари пул ўтказмаларининг камайганидан азият чекмоқда, Россиянинг Новороссийскдаги денгиз терминалини шубҳали тарзда тўхтатишлари туфайли Қозоғистоннинг Европага нефт экспорти миллиардлаб зарар кўрмоқда, Беларус иқтисодиёти эса рецессияга кирган.

Марказий Осиё давлатлари – Туркманистон, Қозоғистон ва Ўзбекистондаги белгиланган табиий газ заҳиралари чапдан ўнгга триллион кубометрларда кўрсатилган. Оч кўк, яшил ва тўқ кўк устунларда мос равишда OPEC, British Petroleum ва миллий газ компанияларининг баҳолари акс эттирилган. [Карвонсарой]

Марказий Осиё давлатлари – Туркманистон, Қозоғистон ва Ўзбекистондаги белгиланган табиий газ заҳиралари чапдан ўнгга триллион кубометрларда кўрсатилган. Оч кўк, яшил ва тўқ кўк устунларда мос равишда OPEC, British Petroleum ва миллий газ компанияларининг баҳолари акс эттирилган. [Карвонсарой]

ЕОИИга аъзолик Қирғизистонда турмуш даражасини оширгани йўқ. Қирғизистоннинг Чуй вилоятидаги Юрьевка қишлоғида яшовчи коммунал хизматлардан маҳрум фуқаро очиқ ҳавода овқат тайёрламоқда, 15 декабр куни. [Канат Алтинбаев/Карвонсарой]

ЕОИИга аъзолик Қирғизистонда турмуш даражасини оширгани йўқ. Қирғизистоннинг Чуй вилоятидаги Юрьевка қишлоғида яшовчи коммунал хизматлардан маҳрум фуқаро очиқ ҳавода овқат тайёрламоқда, 15 декабр куни. [Канат Алтинбаев/Карвонсарой]

Бироқ Украинадаги уруш очиқ муҳокама қилинмади – бу Путин учун оғриқли масала, зеро 10 ойча олдин бошланган уруш давомида кўзланган мақсадларнинг ҳеч бирига эришилмаган.

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Россия босқинининг оқибатларига бошқалардан кўра кўпроқ эътибор қаратиб, уларни «ЕОИИ мамлакатлари иқтисодиётига босим» деб атаган.

Унинг қирғизистонлик ҳамкасби Садир Жапаров эса «Россияга нисбатан жорий қилинган халқаро санкциялар натижасида юзага келган вазиятдан чиқиш учун ЕОИИга аъзо давлатлар ўз бозорларини бошқа мамлакатларга очиши зарурлигини» таъкидлади.

Декабрдаги саммитда Бишкек 2023 йилги ЕОИИ раислигини Москвага топширган.

Иқтисодчиларнинг тахминича, келгуси йил халқаро санкциялар шароитида Россия учун ҳам, унга иқтисодий ришталар орқали боғланган ЕОИИдаги ҳамкорлар учун ҳам оғир кечиши кутилмоқда.

Умумий газ бозори

Москва Россия каби газ ишлаб чиқарадиган давлатлар – Қозоғистон ва Ўзбекистон билан умумий газ бозорини яратишга тайёр, деди Путин саммитдаги чиқишида.

Унинг таклифи бу давлатларни Россиядан газ сотиб олишга ундайди, бу эса Европанинг улкан бозоридан маҳрум бўлган Россия учун манфаатлидир.

Ушбу минтақавий иқтисодий иттифоқда газ нархи Европаникидан анча паст бўлади, деди Путин.

У биринчи навбатда Марказий Осиё давлатларининг ўзига умумий газ бозори нима учун кераклиги ҳақида узоқ гапирди.

Қозоғистон ва Ўзбекистон ички истеъмол ҳажми ошаётганига қарамай, газ экспорт қилишга мажбур, Россия газини сотиб олиш эса бу муаммони ҳал қилиш мумкин, деди у бир неча бор.

«[Қозоғистон ва Ўзбекистонда] газ тақчиллиги юзага келиб бўлган», деди Путин. «Уларга қўшимча ҳажмлар, қўшимча ресурслар керак бўлади.»

Шимолий Қозоғистон Россия газини Оренбург орқали олади, Ўзбекистонга эса совет даврида барпо этилган газ транспорт тизими ёрдамида газ етказиш талаб этилади, деди у.

«Ушбу совет инфратузилмаси таъмирга муҳтож. У ердаги ҳамма нарса аллақачон эскирган», деди Путин.

У Қозоғистон орқали Ўзбекистонга алоҳида газ узатиш тизимини, шунингдек, Марказий Осиёга қўшимча газ етказиб бериш учун Россияда ички инфратузилма барпо этишни таклиф қилди.

«Бу қандайдир энергетик иттифоқ бўлиши мумкин», деди Путин.

Якунда ЕОИИга аъзо давлатлар саммитда асосан техник хусусиятга эга 10 дан ортиқ ҳужжатни имзоладилар.

ЕОИИ раҳбарлари Бишкекдаги саммитга катта умид боғлагани йўқ ва учрашув сезиларли натижа бермади, деди бир неча кундан сўнг Kloop янгиликлар порталига интервью берган Карнеги халқаро тинчлик жамғармаси ходими, Марказий Осиё бўйича мутахассис Темур Умаров.

«Мамлакатлар раҳбарлари учрашиб, суҳбатлашдилар ва ташкилот мавжудлигини оқладилар. Улар деярли ҳеч ким ўқимайдиган айрим базавий статистик маълумотларни очиқлашди», деди у.

«ЕОИИ саммити ўтказилганининг ўзи муваффақият деб ҳисобланиши мумкин», деб ёзади Kloop.

«Миллий манфаатлар» учун хатарли

Бу Путиннинг Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистонни бирлаштирувчи «уч томонлама газ иттифоқини» тузиш йўлидаги иккинчи уринишидир.

У мазкур ғояни илк бор 28 ноябр куни ишчи ташриф билан Москвада бўлган қозоғистонлик ҳамкасби Тўқаев билан учрашувда айтган эди.

Қозоғистон президенти икки давлатнинг газ билан боғлиқ муносабатларида «муҳокама қилиниши керак бўлган» бошқа масалалар борлигини айтиб, Путиннинг таклифини мулойимлик билан рад этган.

Орадан бир ҳафта ўтиб, Қозоғистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Роман Василенко Тўқаевнинг журналистлар олдида айтган сўзларига изоҳ берди.

«Унинг [газ иттифоқи] миқёсини муҳокама қилишга ҳали эрта... Қозоғистон санкцияларни четлаб ўтиш учун ўз ҳудудидан фойдаланишга йўл қўймайди – мамлакатнинг принципиал позицияси шундай».

«Ушбу позициялар ўзгармаган ва ҳар қандай янги ташаббусларни баҳолашда қўлланилади», деди Василенко.

Ўзбекистон ҳам Россия билан газ иттифоқига қўшилишдан бош тортган.

«Биз газ эвазига қўйиладиган сиёсий шартларга ҳеч қачон рози бўлмаймиз», деди Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов 7 декабр куни.

«Ўзбекистон ҳукумати миллий манфаатлар, иқтисодиёт ва мустақилликни хавф остига қўймайди.»

«Ўзбекистон қандайдир иттифоқлар орқали эмас, балки қўшни давлатлардан газ ва электр энергияси сотиб олиш бўйича музокаралар олиб бормоқда», деб қўшимча қилди у.

Россиянинг таъсири

Марказий Осиёдаги кузатувчилар Бишкекдаги ЕОИИ саммитидаги воқеаларни ташкилотнинг самарасиз экани ва амалда Россия фойдаланишга уринаётган иқтисодий эмас, балки сиёсий лойиҳа эканлигининг далили сифатида баҳоламоқда.

Карвонсарой нашрига интевью берган бишкеклик иқтисодчи Элмира Суранчиеванинг айтишича, Путин «ЕОИИ орқали Марказий Осиёда Россиянинг энергетика соҳасидаги таъсирини кенгайтиришга уринишда давом этмоқда. Асосий мижозлар Россия углеводородларидан воз кечгач, у бизнинг мамлакатларимизга газ сотмоқчи».

«Россиянинг Украинага қарши уруши туфайли ЕОИИга аъзо давлатлар улкан қийинчиликларга дуч келган бўлса-да, Путин масъулиятни ўз зиммасига олишга ва муаммоларни биргаликда ҳал қилишга уринмаяпти. Унинг мақсадлари бошқа», деди у.

Ҳозирги иқтисодий инқироз ЕОИИнинг ўз аъзоларини қўллаб-қувватлашдаги ҳақиқий ролини очиб берадиган «лакмус қоғози»дир, деди Суранчиева.

«ЕОИИ аҳволимизни ёмонлаштирмоқда, холос», деди у ҳозирги форматда иттифоқнинг келажаги йўқлигини қўшимча қилиб.

«Қандай иттифоқ бўлишидан қатъи назар, улар фақат Путин манфаатларига хизмат қилади», деди у.

Қозоғистон ЕОИИга қўшилиш билан қисман иқтисодий суверенитети йўқотди ва ютқазди, деган эди олмаоталик иқтисодчи Алмас Чукин март ойида Facebook саҳифасида.

«ЕОИИ кучлиларга фойда келтириш учун ишлади. Россия Қозоғистонга экспортни оширди, биз эса йўқ», деб ёзган Чукин.

«Бу масалани ҳал қилиш, ҳозирги шароитларда янада мустақилроқ ташқи савдо сиёсатига ўтиш зарур.»

2021 йилда Қозоғистоннинг Россия билан 25,6 миллиардлик умумий савдо айланмасида 11,4 миллиард АҚШ долларига тенг дефицит юзага келган, деб хабар беради Россия саноат ва савдо вазирлиги.

Қирғизистон Божхона иттифоқига қарши

Қирғизистоннинг Россия билан яқин иқтисодий алоқалари туфайли мамлакатда инфляция кескин кучайди, деб айтган Қирғизистон жамоат сиёсатини таҳлил қилиш маркази раҳбари, бишкеклик Алмаз Тажибай.

«ЕОИИ бизни пастга тортмоқда», деди у Карвонсаройга.

Россия Қирғизистон каби давлатларни тенг ҳуқуқли ҳамкор эмас, балки сателлит-давлат ёки ҳатто мустамлака сифатида кўради, дейди у.

Бу йил Қирғизистонда ЕОИИга нисбатан танқидий кайфият кучайган.

Март ойида «Қирғизистон Божхона иттифоқига қарши» жамоатчилик ҳаракати ҳукуматга юзланиб, мамлакатни Россия иштирокидаги блоклардан – ЕОИИ ва КХШТдан (Коллектив хавфсизлик шартнома ташкилоти) чиқишга чақирди.

ЕОИИда маҳсулотлар, хизматлар, билим, одамлар ёки капиталнинг эркин ҳаракати йўқ, аксинча «коррупциялашган амалдорлар ва олигархларни бойитувчи махфий схемалар бор», дейилади Жапаров ва қирғизистонлик депутатларга йўлланган очиқ хатда.

«Қирғизистон Россияда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар учун монополистик бозорга айланиб қолган», деб қўшимча қилинади унда.

Қирғизистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар турли баҳоналар билан Россия бозорига киритилмайди, натижада қирғизистонлик ишлаб чиқарувчилар катта зарар кўришди, оддий фуқароларнинг турмуш даражаси эса Қирғизистоннинг ЕОИИга қўшилишдан аввалги даврига нисбатан сезиларли даражада пасайди, деб ёзади гуруҳ.

Бу орада Россиядаги қирғиз мигрантлари «оғир меҳнат шароитлари, ксенофобия, ирқчилик ва дискриминациядан азият чекишда давом этмоқда».

«Жорий шароитларда миллий манфаатларини ҳимоя қилиш ягона тўғри сиёсатдир. Ҳозирги кутилмаган шароитларда ҳукуматни мамлакатимизнинг иқтисодий хавфсизлигини ҳимоя қилиш учун шошилинч ва қатъий чоралар кўришга чақирамиз», дейилади гуруҳ мактубида.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500