Карвонсарой
Хавфсизлик

Коронавирусга чалинган АҚШ ҳарбийлари жанговар шайликни йўқотгани йўқ

Карвонсарой ва AFP

Суратда: АҚШ ҳарбийлари 9 апрел куни Техасда бошланғич тайёргарлик курсини якунладилар. [АҚШ Марказий қўмондонлиги]

Суратда: АҚШ ҳарбийлари 9 апрел куни Техасда бошланғич тайёргарлик курсини якунладилар. [АҚШ Марказий қўмондонлиги]

Бир неча минг аскар COVID-19 вирусини юқтирганига қарамай, АҚШ ҳарбийлари ўз душманларига қарата: «Сабримизни синаманг, биз заифлашганимиз йўқ», демоқда.

Америка ҳарбийлари бир неча бор «АҚШ кучлари жанговар шайликни йўқотмагани» ҳақида баёнот берди, бу орада 10 апрель ҳолатига ҳарбий хизматчилар орасида касалланганлар сони 2031 нафарни ташкил этган.

АҚШ армиясида қарийб 2,3 миллион одам хизмат қилади.

«Биз ҳали ҳам шай ҳолатдамиз ва ҳар қандай таҳдидга тайёрмиз», деди 9 апрел куни штаб бошлиқлари Бирлашган қўмитаси раиси, генерал Марк Милли.

11 апрел куни Лос-Анжелесдаги (Калифорния штати) госпитал кемада қўриқчилик қилаётган америкалик аскар. [АҚШ Марказий қўмондонлиги]

11 апрел куни Лос-Анжелесдаги (Калифорния штати) госпитал кемада қўриқчилик қилаётган америкалик аскар. [АҚШ Марказий қўмондонлиги]

«Мен душман тарафга бир-бирига зид хабарлар етиб боришини ва улар инқироз шароитида имкониятдан фойдаланиб қолишини истамаган бўлардим», деб қўшимча қилди у.

«Агар улар шундай деб ўйласалар, бу мудҳиш ва фожиали хато бўлади.»

АҚШнинг ҳарбий соҳадаги шаффофлиги ва доимий шайлик

Ахборотни яшириш, ғаразли дезинформация кампаниялари ва чора кўришини атайин кечиктириш билан шуғулланган Россия, Хитой ва Эрондан фарқли ўлароқ, АҚШ Мудофаа вазири касалликнинг авж олиши борасида шаффоф бўлишга уриниб, ҳарбий хизматчилар, ходимлар ва оилалар орасида инфекция тарқалишига оид кунлик маълумотларни эълон қилиб борди.

Ходимлар, ҳарбийларнинг оила аъзолари ва пудратчиларни қўшиб ҳисоблаганда, 10 апрел ҳолатига Мудофаа вазирлиги тизимида касалланганлар сони жами 3366 кишини ташкил этган, бир киши ҳаётдан кўз юмган.

Вазирлик душман тарафга керагидан ортиқ маълумот бермаслик учун, ҳозирда касалланиш ҳолатлари қаерда қайд этилгани ва якуний рақамларни эълон қилиш билан чекланмоқда.

Бу жойлардан бири машҳур «Теодор Рузвельт» авиаташувчиси бўлиб, бортидаги 4800 одамдан 585 таси касалликка чалиниб қолгани сабабли у анча вақт давомида Гуамдаги докда туриб қолишга мажбур бўлган.

АҚШнинг ҳарбий стратегияси дунё бўйлаб исталган вақтда ўз қудратини намойиш этиш қобилиятига таянади.

Март ойи бошларида ҳарбийлар сувости кемалари ва ядровий ракеталар учун иккита алоҳида оператив гуруҳ тузиб, «пуфакчалар» тизимини яратдилар.

Жамоа аъзолари 14 кунга карантинга олиндилар ва алоҳида-алоҳида сақландилар, бу бирига инфекция юққан тақдирда, бошқа гуруҳнинг тайёр туришига ёрдам берди.

«Сув ости кемаси ва танкерда ижтимоий масофа сақлаш имкони йўқ. Аммо имкон қадар эҳтиёт чораларни кўриш мумкин», деди мудофаа вазири Марк Эспер.

Жанговар шайликка оид хавотирлар кучаяр экан, коронавирус билан касалланиш ҳолатлари яна учта кемада аниқланган, уларнинг ҳеч бири жанговар хизмат ўтамаётган эди: «Рональд Рейган» Япониядаги бандаргоҳда, «Карл Винсон» ва «Nimitz» Вашингтон штатида техник кўрикда эди.

Ҳарбий денгиз кучларига кўра, касалланган денгизчилар эвакуация қилинган ва уларнинг ҳаммаси соғайган.

Штаб бошлиқлари Бирлашган қўмитаси раиси ўринбосари, генерал Джон Хайтен АҚШ ҳарбийларининг жанговар шайлиги камаймаганини таъкидлар экан, ҳарбий денгиз кучлари бутун флотни кемада COVID-19 вирусининг тарқалишидан астойдил ҳимоя қилишга уринаётганини айтди.

«Бу ҳолат бошқа ҳеч қачон такрорланмайди, дейиш калта ўйлаш бўлади», деди у Рузвельт билан юз берган ҳолатни назарда тутиб.

Рақибларнинг фарқли жиҳатлари

АҚШ армиясидан фарқли ўлароқ, COVID-19 вирусига қарши курашаётган Россия, Хитой ва Эрон ўзлари ва душманларига зарарли бўлган бир қатор амалиётларга қўл урганлар.

Бир неча ҳафта давомида Россияда COVID-19 вирусининг тарқалиши билан боғлиқ ҳолат Россия президенти Владимир Путинни деярли ташвишга солмади. Март ойи охирига бориб касалланиш кучайгач, Москва мамлакат бўйлаб ҳаракатланишни чекловчи бир қатор чораларни қўллашга мажбур бўлди.

Март ойида Путин билан қўл бериб кўришган шифокорда вирус аниқланиши ортидан президент масофадан ишлашни бошлаган. Бу ҳақда 1 апрель куни Кремль хабар берди.

Бу орада Россия ва Хитой режимлари коронавирус пандемияси ҳақида зарарли маълумотлар тарқатишда давом этиб, дунё бўйлаб одамлар ҳаётини хавф остида қолмоқда ва демократик жамиятларга путур етказмоқда, деб хабар берган Европа Иттифоқи.

Хитой ҳукумати дастлабки босқичда пандемияга оид маълумотларни яшириб, бутун дунёни мисли кўрилмаган ўлим ҳолатларига рўбарў қилди, энди эса имконсиз қолган мамлакатларга тақчил тиббий жиҳозларни сотмоқда.

Қисман Эрон ислом инқилоби посбонларига тегишли бўлган «Mahan Air» авиакомпаниясининг эҳтиётсизлиги натижасида COVID-19 вируси дунё бўйлаб тарқалди. Авиакомпания коронавирус тарқалиши кучайган февраль ва март ойларида Эрон ва Хитой ўртасида ўнлаб рейсларни амалга оширишда давом этган.. Бу ҳақда «Farda» радиоси хабар берган.

Эрон ҳукумати COVID-19 вирусидан ҳалок бўлганларнинг кўплигидан мамлакат бўйлаб номаълум оммавий қабрлар қазигани сунъий йўлдошлардан маълум бўлди, шунга қарамай, масъулиятсиз хатти-ҳаракатлар давом этган.

Ҳатто февраль ойида Теҳрон Эронда COVID-19 вируси билан касалланганлар сони борасида камайтирилган, сохта рақамларни эълон қилган эди.

Дезинформация

АҚШнинг жанговар шайлиги ҳақидаги саволлар, асосан Россиядан тарқаган миш-мишлар ва дезинформация сабабли келиб чиқмоқда, деди АҚШ мудофаа вазири ёрдамчиси ўринбосари Лаура Купер.

«Биз АҚШ ва бошқаларнинг жанговар шайлигига оид бир қатор маълумотлар тарқаганига гувоҳ бўлмоқдамиз», деб айтган Россия бўйича мутахассис бўлган Купер мухбирларга.

Миллига кўра, 2,3 миллион ходим орасида 2000 нафарининг касаллангани «катта рақам» эмас.

«Ҳамма АҚШ ҳарбийлари ҳали-ҳамон юқори жанговар ҳолатда эканлигидан огоҳ бўлишини истайман», деб айтган Милли.

«Биз ҳали ҳам шай ҳолатдамиз ва ҳар қандай таҳдидга тайёрмиз».

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500