ПЕКИН – Яқинда Хитой режимининг 2060 йилга келиб мамлакат углеводород чиқиндиларини нолга тенглаштириш ҳақидаги ваъдаси ишончсизлик билан кутиб олинди. Пекиннинг ифлос кўмир электростанцияларига янги маблағлар сарфлаши ва углеводород чиқиндиларининг кўпайиб бориши унинг иқлим ўзгариши масаласида дунёда етакчи бўлиш интилишларига путур етказади.
Сўнгги 30 йил ичида қазилма ёқилғилар Хитойнинг иқтисодий ўсиши таянчига айланди ва бу давлат ҳар йили дунёда ишлатилаётган кўмирнинг ярмини истеъмол қилади.
2000-2018 йиллар оралиғида мамлакатнинг йиллик углеводород чиқиндилари деярли уч баравар ошган, глобал исишга алоқадор парник газларининг деярли учдан бири ҳам унга тегишли.
Кўмирнинг иқтисодиётдаги улушини йўқотиш ваъдаларига қарамай, Хитойнинг иқлимга зиён келтирувчи ёқилғидан фойдаланиш ҳажми жорий йилнинг июнь ойида 2013 йилда кузатилган энг юқори кўрсаткичга етган.
Коронавирус пандемиясидан зарар кўрган вилоятларнинг иқтисодиётини қайта тиклаш мақсадида Пекин давлат кредиторларига янги кўмир заводларини қуришга имкон берди.
2020 йилнинг биринчи ярмида Хитой режими умумий қуввати 23 гигаваттга тенг янги кўмир лойиҳаларини тасдиқлади, бу ўтган икки йилги жами лойиҳалар сонидан кўпроқ, деб хабар беради Сан-Францискода жойлашган Global Energy Monitor (GEM) иқлимни кузатувчи нодавлат ташкилоти.
«Бир қатор янги кўмир заводларининг қурилиши 2030 йилга келиб Хитой эмиссиясининг чўққисига етиши ҳақидаги ваъдаларига мутлақо зид», дейди Энергетика ва тоза ҳаво тадқиқотлари марказининг Хитой бўйича мутахассиси Лаури Мюллювирта.
Воқеликка зид ўлароқ, 22 сентябрь куни президент Си Цзиньпин Бирлашган Миллатлар Ташкилоти анжуманида мамлакатнинг иқлим ўзгаришига оид масалаларидаги етакчилик томон дадил қадамлар қўйганини айтар экан, 2030 йилгача эмиссиянинг чўққисига етиб, яна 30 йилдан кейин углеводород қарамлигидан бутунлай халос бўлишга ваъда берган.
Шу тариқа Пекин илк марта углеводород нейтраллигига эришиш режаларини эълон қилган, аммо мамлакат қандай қилиб қазилма ёқилғидан воз кечишини очиқламаган.
«Хитойнинг энергетика соҳасидаги режалашида муаммо» бор, дейди Greenpeace China ташкилотининг иқлим ва энергетика бўйича катта ходими Ли Шуо AFP нашрига.
Иқлим бўйича глобал етакчи?
Дунёдаги иккинчи энг йирик иқтисодиёт ўзини қайта тикланувчи энергия бўйича глобал етакчи деб ҳисоблайди, аммо кўмир қазиб олинишининг ортиши қайта тикланувчи энергетикани Хитой бозоридан сиқиб чиқармоқда, чунки Хитой ҳар ойда ойлик лимитга асосланган совет усулидаги квоталардан фойдаланади.
Тармоқ квоталари сўнгги йилларда маҳаллий ҳокимиятларни кўмирдан олинадиган электр энергияси учун ажратмаларни кўпайтиришга ундади ва бу ҳатто иқтисодий субъектлар инвестициялар ҳажмини оширса ҳам, Хитой энерготизимида қайта тикланадиган энергиядан фойдаланиш учун камроқ имконият қолдирмоқда.
«Хитойнинг энергетика сиёсати икки бошли маҳлуққа ўхшайди, бошлар бир-бирига қарама-қарши йўналишда ҳаракат қилишга уринмоқда», дейди «Гринпис» вакили Ли. «Маҳаллий ҳукумат органлари тоғ-кон саноатидаги иш ўринларини ҳимоя қилиш учун кўпроқ кўмир энергиясини сотиб олишни афзал кўради.»
Хитойнинг кўмирга қарамлигини тугатиш осон бўлмайди, дейди иқтисодчилар.
GEM маълумотларига кўра, мамлакат энг юқори талабни қондириш учун зарур бўлганидан 400 ГВт кўпроқ кўмир ёқилғисига эга.
«Хитойнинг кўмир парки тахминан 50% қувват билан ишламоқда», деди Мюллювирта.
«Кўплаб объектлар (фойдасиз) оқ филлар кабидир. Янгиларини қўшиш уларнинг самарадорлигини янада пасайтиради».
Эмиссия стандартлари паст бўлган янги заводлар эски ифлос мўрилар ўрнини эгаллайди, дейди сиёсатчилар.
Аммо иқтисод унча катта эмас: янги заводлар ишлаб чиқарилаётган бир кВт/соат қувват учун эскиларига қараганда атиги 11% камроқ карбонат ангидрид газини чиқаради.
Ҳаракат йўналиши Хитой энергетикасининг ҳали ҳам кўмир ҳукмронлик қиладиган келажагига ишора қилмоқда.
Шу билан бирга, Хитойнинг «Бир камар - бир йўл» ташаббуси доирасидаги хорижий инвестициялар янги кўмир станциялари билан Покистондан тортиб, Зимбабвегача ривожланаётган мамлакатлар эътиборини жалб қилиши мумкин.
Пекиннинг воқеликни бузиб кўрсатиши
Бу Пекиннинг хорижда фаол дезинформация кампаниялари олиб бориш орқали жамоатчилик фикрига таъсир ўтказишга уриниши билан боғлиқ биринчи ҳолат эмас.
Хитой режими COVID-19 пандемиясига қарши курашда ўзининг «мардонавор хатти-ҳаракатлари» ҳақида бонг ураётган бўлса-да, бу таъриф Пекиннинг вирусни тарқатиш ва глобал инқироздан фойда олишдаги роли билан боғлиқ воқеликка зид келади.
Хитой миллий музейида очилган «Куч бирлиги» деб номланган янги кўргазмада инқирозга қарши курашда эришилган муваффақиятларни мадҳ этувчи расмлар, ҳайкаллар ва хаттотлик намуналари намойиш этилган.
Бу тадбир ва режимнинг ижтимоий тармоқлар ва ахборот маконини дезинформация билан тўлдиришга қаратилган ҳаракатлари Пекиннинг глобал соғлиқни сақлаш инқирозга қарши чоралари билан боғлиқ реал воқеликдан анча йироқдир.
2020 йил бошларида Хитой расмийлари ҳалокатли касаллик авж олаётганини била туриб, деярли бир ҳафта сукут сақладилар ва Ухандаги вируснинг дунё бўйлаб тарқалиб кетишига йўл қўйиб, эпидемияга оид далилларни қасддан яшириш ёки йўқотишга уриндилар.
Инқироз бошланганидан бери, Пекин фитна назарияларини тарғиб қилиш орқали коронавирус пандемияси билан боғлиқ айбни ўзидан соқит қилишга ва ижтимоий тармоқлар ҳамда ахборот маконини вирус ҳақидаги дезинформация билан тўлдиришга ҳаракат қилди.
Бу орада Хитой компаниялари пандемияни даромад манбаига айлантирганлар.
Март-май оралиғида Хитой 50 миллиард донадан ортиқ ниқоб экспорт қилган, бу ўтган йилги ҳажмдан 10 марта кўп, дейди таҳлилчилар.
Бу каби чоралар доирасида Хитой расмийлари Шинжон ҳудудидаги мусулмон озчиликни шахсий ҳимоя воситалари ишлаб чиқарувчи заводларда ишлашга мажбурламоқдалар. Хитойнинг бу турдаги аксар маҳсулотлари яроқсиз ва самарасиз деб топилган.