Карвонсарой
Хавфсизлик

Хитойнинг глобал инфратузилмаси яширин ҳарбий экспансия учун ҳимоя вазифасини ўтамоқда

Карвонсарой

Ҳарбий кема портни тарк этаётган маҳал қўриқчилик қилиб турган Хитой аскарлари. [Хитой мудофаа вазирлиги]

Ҳарбий кема портни тарк этаётган маҳал қўриқчилик қилиб турган Хитой аскарлари. [Хитой мудофаа вазирлиги]

Ўтган йил охирида Хитой Бирлашган Араб Амирликларида (БАА) яширинча ҳарбий база қураётгани ҳақида хабарлар тарқалар экан, бутун минтақа ва ундан ташқарида хавотирли сигнал пайдо бўлди, зеро Хитой инфратузилмасининг бошқа тугунлари Пекин билан имзоланган битимларни диққат билан кузата бошлаган.

Амирликлар ҳукумати Халифа портига кираётган тижорий қиёфадаги кемаларнинг аслида Хитой ҳарбийлари разведка маълумотларини йиғиш учун фойдаланадиган кемалар эканлигидан бехабар бўлган, деб ёзган эди Wall Street Journal (WSJ) нашри ноябр ойида.

China Ocean Shipping Company Ltd. (COSCO) компаниясининг тижорий контейнерлари терминали ўрнатилган порт Тавила шаҳридан 5 км узоқликда, амирлик пойтахти Абу-Дабидан тахминан 80 км шимолда жойлашган.

АҚШ разведка идоралари Хитой БАА портида яширинча ҳарбий объект қураётганини аниқлаганидан сўнг, қурилиш ишлари тўхтатилган.

2018 йил 4 июлда олинган сурат: Жибутидаги Дорале кўп мақсадли порти ёнидаги Хитой ҳарбий базаси бинолари. Хитой бутун дунё бўйлаб денгиз базаларини қуриш учун денгиз савдосидан баҳона сифатида фойдаланмоқда. [Ясуёши Чиба/AFP]

2018 йил 4 июлда олинган сурат: Жибутидаги Дорале кўп мақсадли порти ёнидаги Хитой ҳарбий базаси бинолари. Хитой бутун дунё бўйлаб денгиз базаларини қуриш учун денгиз савдосидан баҳона сифатида фойдаланмоқда. [Ясуёши Чиба/AFP]

2021 йилнинг 15 феврал куни олинган сурат: Хитой ҳарбий кемаси Покистоннинг Карачи шаҳри яқинидаги Араб денгизида ўтказилаётган «AMAN-21» кўп миллатли денгиз машқларида иштирок этмоқда. Сўнгги йилларда Хитой жадал суръатларда кенгайиб бораётган денгиз флотининг фойдаланиши учун Покистон, Эрон ва Шри-Ланкада тижорий бандаргоҳларни барпо этган. [Осиф Ҳассан/AFP]

2021 йилнинг 15 феврал куни олинган сурат: Хитой ҳарбий кемаси Покистоннинг Карачи шаҳри яқинидаги Араб денгизида ўтказилаётган «AMAN-21» кўп миллатли денгиз машқларида иштирок этмоқда. Сўнгги йилларда Хитой жадал суръатларда кенгайиб бораётган денгиз флотининг фойдаланиши учун Покистон, Эрон ва Шри-Ланкада тижорий бандаргоҳларни барпо этган. [Осиф Ҳассан/AFP]

Аммо Хитойнинг минтақадаги ҳозирлиги билан боғлиқ хавотирлар сақланиб қолган.

Яширин важлар

2018 йил декабр ойида Abu Dhabi Ports компанияси COSCO билан 35 йиллик концессия шартномасини тузди, бу Хитой компаниясига Халифа портида контейнер терминалини ишлатиш ва ривожлантириш имконини берди.

Терминал 2013 йилда бошланган, Осиё, Африка, Европа ва Океания бўйлаб 78 мамлакатни боғловчи йирик инфратузилма лойиҳаси – «Бир камар, бир йўл» (BRI) номи билан танилган Хитойнинг «Камар ва йўл» ташаббуси томонидан яратилган савдони қўллаб-қувватлаш учун қурилгани айтилади.

Аммо Хитойнинг стратегик аҳамиятга эга БАА портидаги таянч пункти – Жанубий Хитой денгизидан Сувайш каналигача чўзилган стратегик муҳим портлар тармоғидаги ҳозирлиги каби – бошқа мақсадлар учун ҳам хизмат қилади.

Кузатувчиларнинг таъкидлашича, Хитой ўзининг сиёсий ва иқтисодий таъсирини кенгайтиришдан ташқари, минтақага жанговар киришни осонлаштириш учун портлар тармоғига инвестиция ажратаётгани Яқин Шарқ ва ундан ташқарида хавотир уйғотмоқда.

Бунинг ёрқин мисоли, Хитойнинг БАА портидаги тижорат мақсадида бошланган фаолиятидир. Аммо Пекин тезда ушбу тижорий алоқалардан ўз ҳарбийларига таянч ўрнатиш учун фойдаланди.

Бу хатти-ҳаракат муайян схема асосида амалга оширилган.

Хабар қилинишича, Хитой Ҳинд океани ва Шарқий Африка атрофидаги денгиз операцияларини осонлаштириш учун 2017 йилда Жибутида ўзининг илк хорижий ҳарбий базасини очган. Пекин Адан кўрфазидаги қароқчилик таҳдидини ва муҳим халқаро денгиз йўлларини ҳимоя қилиш мақсадини баҳона қилган.

2016 йилда Жибути ҳақида сўз очган Хитой ташқи ишлар вазири Ван И Хитой «ўз манфаатлари жамланган ҳудудларда баъзи зарурий инфратузилма ва логистика салоҳиятини» барпо этишини айтган.

Пекин маъмурлари Африканинг ғарбий қисмидаги ҳарбий база заруриятини ҳам худди шу билан асослаган.

Бутун дунё бўйлаб таянч нуқталари

Ўтган йил декабр ойида Хитойнинг Экваториал Гвинеяда ҳарбий база қуриш режалари ҳақидаги WSJнинг бошқа ҳисоботига жавобан, Хитойнинг Global Times давлат нашри Пекиннинг хориждаги манфаатлари кенгайиб бораётгани сабабли Халқ озодлик армиясининг айрим олис сув ҳудудларида «плацдармга» эҳтиёжи ортиб бораётганини яна бир бор тасдиқлади.

Сўнгги йилларда Хитой бошқа муҳим ҳудудлар қатори, Покистон, Эрон ва Шри-Ланкада тез кенгайиб бораётган денгиз флотида фойдаланиши мумкин бўлган тижорий порт иншоотларини қурди.

Январ ойи ўрталарида Теҳрон Хитой билан ўтган йили имзоланган 25 йиллик кенг қамровли стратегик ҳамкорлик шартномасини амалга ошириш бошланганини эълон қилди.

Шартнома шартларига кўра, Эрон 400 миллиард долларлик сармоявий лойиҳаларнинг ишга туширилиши орқали BRIга жалб қилинади.

Бунинг эвазига Хитой Эрон нефтини жаҳон бозоридаги нархдан 30% арзонроқ сотиб олади, дейди Ироқ стратегик тадқиқотлар маркази директори Ғози Файсал Ҳусайн «Ал-Машариқ» нашрига.

«Хитой минтақадаги улкан минерал ресурсларни қўлга киритиб, глобал иқтисодий гравитация марказига айланишга интилмоқда», деб тушунтирди у.

Пекин нуқтаи назаридан, «Хитойнинг бу келишувдан мақсади – Эронда, хусусан Форс кўрфазининг Жаск ва Киш оролларида мустаҳкам ўрнашиш», деб айтган исми очиқланишини истамаган Эрон денгиз флотининг собиқ таҳлилчиси «Ал-Машариқ» нашрига.

Шартнома гўёки тижорий характерга эга бўлса-да, Хитойнинг Эрондаги Жаск ва Чабаҳор портларига сармоя киритиши унинг тез ўсиб бораётган денгиз флоти салоҳиятини янада кенгайтиришга имкон беради, дейди таҳлилчи.

Яна бир мисолда, Хитой Камбоджа билан ўз ҳарбий-денгиз кучларига ушбу мамлакатдаги базадан фойдаланишга рухсат бериш тўғрисида махфий битим тузди, деб хабар берган WSJ 2019 йилда АҚШ ва унинг иттифоқчилари расмийларига таяниб.

Бу маълумотларни рад этган Хитой ва Камбоджа расмийлари уларни «сохта хабарлар» ва «миш-мишлар» деб атаган.

Аммо ҳозир Хитой Камбоджада фақат ўз ҳарбийларининг фойдаланиш учун яширинча ҳарбий-денгиз иншоотини қурмоқда, деб ёзади 6 июн куни Washington Post Ғарб расмийларига таяниб.

Расмийларга кўра, Камбоджада барпо этилаётган Хитой ҳарбий-денгиз базаси Пекиннинг ҳақиқий глобал кучга айланиш интилишларини қўллаб-қувватлаш йўлида бутун дунё бўйлаб ҳарбий объектлар тармоғини қуриш режасининг бир қисми ҳисобланади.

Аммо минтақада аксил-Хитой кайфияти кучайгани сабабли Камбоджа мудофаа вазири Теа Бан бу хабарларни рад этишга уринган.

10-12 июн кунлари Сингапурда бўлиб ўтган «Шангри-Ла мулоқоти» хавфсизлик форумида сўзлаган нутқида у Пекиннинг Халқ озодлик армияси глобал базалар тармоғини қуриш ниятида эмаслиги ҳақидаги иддаоларини такрорлади, деб ёзади Financial Times.

Юксак мақсадлар

2019 йилги мудофаа соҳасига оид расмий ҳужжатида Хитой юк кемаларини ҳимоя қилиш ҳарбийларнинг вазифаларидан бири экани ва ХОА «хориждаги логистика объектларини» ривожлантиришини тан олди.

Ҳозирги вақтда ХОА асосан Хитой давлат корхоналарига тегишли ёки улар тарафидан бошқариладиган хорижий портлардаги объектларга таянади.

АҚШ денгиз ҳарбий коллежи Хитой денгиз тадқиқотлари институти доценти Айзек Кардон ҳаммуаллифлигида чиқарилган апрел ойидаги ҳисоботга кўра, 53 мамлакатдаги 96 портда Хитой компаниялари камида битта терминалга эгалик қилади ёки улардан фойдаланади.

Ушбу порт инфратузилмаси тармоғи жадал суръатларда ХОАнинг олисдаги денгиз операциялари учун таянчга айланмоқда, дейилади ҳисоботда.

Шундай бўлса-да, Хитойнинг дунёда ҳарбий устунликка эришишига ҳали анча бор, дейди Кардон.

«Камбоджа, БАА ва Экваториал Гвинея яқин бир неча йил ичида бу тармоққа қўшилишни режалаштирган бўлса ҳам, ХОА АҚШдаги каби глобал базалар тармоғини ярата олмайди», деди Кардон Financial Times нашрига.

«Жаҳон урушида иштирок этган ва Совуқ урушда ўз мавқеини сақлаб қолган мамлакат – АҚШдан фарқли ўлароқ, Хитой хориждаги ҳарбий ҳозирлигини мустаҳкамлашни энди-энди бошламоқда ва бунда ўзининг глобал иқтисодий таъсиридан фойдаланмоқда», деди Кардон.

Таҳлилчиларнинг таъкидлашича, ХОАга фуқаролик компанияларининг активлари ва имкониятларидан фойдаланиш имконини берадиган ушбу «фуқаролик-ҳарбий уйғунлиги» сиёсати армияга Хитой инвестициялари ва савдосини ҳимоя қилишга ёрдам берган.

Мавзуни муҳокама қилиш ваколатига эга бўлмагани учун исмини ошкор қилмасликни сўраган хитойлик ҳарбий олим Хитой принципиал жиҳатдан хорижда ҳарбий базалар қуришга қарши эканини иддао қилди.

Бироқ, олим Пекин инфратузилмасини ривожлантириш қўш мақсадга эга эканига ишора қилган.

«Бизнинг моделимиз ривожланишга қаратилган», деди у Financial Times нашрига. «Энди хорижда бу тараққиётни ҳимоя қилиш армиямиз миссиясининг бир қисмига айланди, аммо биз мазкур миссияни бажаришда ушбу ривожланиш самарасидан ҳам фойдаланишимиз мумкин.»

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 5

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Улар нимага бундай қилгани энди тушунарли бўлди. Уларнинг бечора Тайванни қул қилишни истаётгани энди сир эмас. Ҳамма буёғига нима бўлишини тушуниб турибди. Тайван бунга дош беради ва Украина каби жасорат кўрсатади деган умид бор.

Жавоб бериш

«Сўнгги йилларда Хитой Покистон, Эрон ва Шри-Ланкада тез кенгайиб бораётган денгиз флотида фойдаланиши мумкин бўлган тижорий порт иншоотларини қурди.» Қизиғи шундаки, Хитойнинг бундай амалиётларини ҳеч ким тақиқлай олмайди, чунки у товарлар ва эҳтиёт қисмлар юклари учун энг йирик саноат марказидир. Улар бутун дунё миқёсида ҳамма нарсанинг асосий қисмини ишлаб чиқаради; Дунё етакчилари бу вазиятдан қандай чиқиши қизиқ.

Жавоб бериш

Хитой яна бутун Осиёни тўлиқ назорати остига олишга уринмоқда. Улар унча ривожланган мамлакатларга қизиқарли шартлар билан қарз мажбуриятларини таклиф қилиб, муваффақиятга эришгани етмагандек, балки ҳарбий базаларни ҳам қурмоқдалар. Ажойиб, яна нима дейиш мумкин.

Жавоб бериш

Денгиз йўлларини ҳимоя қилиш учун ҳарбий база қуриш – кучли! Қизиқ, улар бу вазиятдан қандай чиқишар экан; шартномалар имзоланган бўлса. Бу шартномалар матнларида нималар ёзилган экан, одатда бундай халқаро шартномалар бир қатор бандлар, қўшимчалар ва форс-мажор ҳолатлари билан бирга келишилади. Қандайдир ҳарбий масала тилга олинганга ўхшайди, чунки бундай катта миқёсдаги воқеалар БАА ҳукуматининг бурни остида, уларнинг бехабарлигида содир бўлганига ишониш қийин.

Жавоб бериш

Бу ҳарбий экспансия унчалик яширин эмасга ўхшайди.

Жавоб бериш