Карвонсарой
Оммавий ахборот воситалари

Ҳаммаёқ хавфли: Урушга қарши бўлган россиялик эмигрантлар Сербияда таъқиб қилинмоқда

Карвонсарой ва AFP

Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрининг собиқ маҳаллий амалдори, таъқиблардан қочиб Сербиянинг Белград шаҳрига келган Владимир Волхонский қувғинликда дуч келган таҳдидлар ҳақида сўзлаб берган. [Миодраг Совиль, Тадия Анастасиевич/AFPTV/AFP]

БЕЛГРАД – Москвадан 2000 км узоқда бўлишса ҳам, Кремлнинг узун қўли Украинадаги босқинга қарши бўлган Сербиядаги россиялик эмигрантлар учун хавфли даражада яқин бўлиб қолмоқда.

Россиянинг Украинадаги уруши оқибатлари, жумладан санкциялар, ёшларнинг ҳарбий сафарбарлиги ва мухолифатга қарши тазйиқлардан қутулиш илинжида ўн минглаб одамлар Белградга келишган.

Аммо бу низони танқид қилувчи Сербиядаги руслар ҳам зўравонлик, таҳдид ва онлайн қўрқитувларга дуч келишган.

Кўплаб серблар мамлакатнинг тарихий иттифоқчиси бўлган Россияни Украинага бостириб киргани учун қоралашдан бош тортганлар.

20 январ куни Сербиянинг Белград шаҳридаги кўп қаватли уйнинг деворида Россиянинг машъум ёлланма аскарлар гуруҳининг шарафига чизилган «Вагнер гуруҳи – Россия рицарлари» деворий сурати олдидан ўтиб кетаётган пиёда. [Оливер Бунич/AFP]

20 январ куни Сербиянинг Белград шаҳридаги кўп қаватли уйнинг деворида Россиянинг машъум ёлланма аскарлар гуруҳининг шарафига чизилган «Вагнер гуруҳи – Россия рицарлари» деворий сурати олдидан ўтиб кетаётган пиёда. [Оливер Бунич/AFP]

Россиянинг Санкт-Петербург шаҳридаги собиқ муниципалитет ходими Владимир Волохонский 6 январ куни Сербия пойтахти Белградда Россия президенти Владимир Путин тасвирланган девор сурати ёнида суратга тушмоқда. Волохонский урушга қарши митинг уюштиришга урингани учун ҳибсда бўлиб чиққач, Россиядан қочиб кетган. [Андрей Исакович/AFP]

Россиянинг Санкт-Петербург шаҳридаги собиқ муниципалитет ходими Владимир Волохонский 6 январ куни Сербия пойтахти Белградда Россия президенти Владимир Путин тасвирланган девор сурати ёнида суратга тушмоқда. Волохонский урушга қарши митинг уюштиришга урингани учун ҳибсда бўлиб чиққач, Россиядан қочиб кетган. [Андрей Исакович/AFP]

Ўшандан бери ултрамиллатчилар Россия президенти Владимир Путинни қўллаб-қувватладилар, Белградда эса Путин ва машъум Вагнер ёлланма аскарлар гуруҳини мадҳ қилувчи деворий расмлар пайдо бўлди.

Шунингдек, бошқа хавотирли воқеалар ҳам юзага чиқмоқда.

Сербия ва америкалик расмийлар Вагнернинг мамлакатда жангариларни ёллашга фаол уринаётганидан шикоят қилишган, натижада ўтган ҳафта Сербия ҳукумати Россияни қоралаган.

Интрига муҳити Сербия президенти Александр Вучични пойтахтни Иккинчи жаҳон уруши давридаги Касабланка билан солиштиришга ундаган, ўшанда ҳар икки томоннинг экспатриантлари жосуслик қилиб, бир-бирига қарши фитна уюштирган эди.

«Рождество ва Янги йилда Белград худди Касабланкага ўхшаб қолди – меҳмонхоналаримизни ишғол қилмаган бирорта жосус қолмади», деди Вучич 16 январ куни.

«Белградда Иккинчи жаҳон урушидан бери бундай бўлмаган.»

АҚШ миллий хавфсизлиги маъмурияти сўзчиси Жон Кирбининг сўзларига кўра, Путиннинг яқин сафдоши Евгений Пригожин раҳбарлик қиладиган Вагнер гуруҳининг Украинада 50 мингга яқин жангчиси бор, уларнинг 80 фоизи қамоқхоналардан чиққан маҳбуслардир.

Вагнер «кенг миқёсдаги ваҳшийликлар содир этувчи ва инсон ҳуқуқларини поймол қилувчи жиноий ташкилот», деди Кирби ўтган жума (20 январ) куни Қўшма Штатлар гуруҳни «трансмиллий жиноий ташкилот» деб топганини эълон қилиб.

Украинадаги улкан инсоний йўқотишлардан сўнг, Вагнер Марказий Африка Республикасидаги (МАР) маҳкумларни, жумладан зўравон ва қотилларни гуруҳ сафига жалб қилмоқда.

Вагнер ёлловчилари Россиядаги Марказий Осиё фуқаролари, Афғонистон ва қўшни давлатлардаги собиқ афғон хавфсизлик хизмати ходимларини нишонга олган.

Нишонда «Ёвуз бургутлар»

Аммо урушга қарши митинг уюштиришга урингани учун ҳибсда бўлиб, Санкт-Петербургдан қочиб кетган собиқ шаҳар амалдори Владимир Волохонский каби россиялик қувғинлар учун бу воқеалар янада таҳдидлироқ тус олган.

Унинг исми ва сурати Болқон мамлакатидаги россиялик қувғинларни нишонга олувчи Телеграм каналида ҳақоратлар ёмғири остида бир неча бор чоп этилган.

Минглаб обуначиларга эга «Ёвуз бургутлар» канали Путиннинг урушини қоралаган Сербияда яшовчи русларнинг номини очиқлаш ва шарманда қилиш билан машғул.

Уларга кўпинча «хоин» ва «айниган» деган тамға урилади, зўравонлик билан таҳдид қилиш одатий ҳолга айланиб қолган.

«Нега у ҳали ҳам Сербия бўйлаб юзи мажақланмай юрибди?» дейилади постларнинг бирида.

Сербия прокуратураси AFP агентлигига ушбу гуруҳдан хабардор эканлигини тасдиқлади ва «бир нечта постлар» бўйича тергов бошлаганини айтди.

«Ёвуз бургутлар» ортида турган мия – сербиялик миллатчилари билан чуқур алоқада бўлган, Вагнерга дахлдор россиялик Александр Лисовдир.

Вагнернинг Санкт-Петербургда янги очилган штаб-квартирасида ўз офисига эга Лисов ўзининг «ахборот, гуманитар ва маданий соҳада» ишлашини таъкидлади ва Сербиядаги россиялик диссидентларини нишонга олишга кўрсатма бергани ҳақидаги гап-сўзларни рад этди.

«Биз жамоатчиликка Сербиядаги бу одамлар рус халқи номидан гапиришга ҳаққи йўқлигини тушунтиришга уриняпмиз», деди у AFPга.

«Улар Россиянинг махсус ҳарбий операциясига эмас, балки Россиянинг ўзига қарши», деб қўшимча қилди Лисов.

«Буни ким қилганини билдик»

Яқинда интернетда эълон қилинган видеода Лисов Вагнернинг ялтироқ ойнали кабинетларида Кремлпараст ултрамиллатчи гуруҳнинг машҳур сербиялик раҳбари Дамнян Кнеджевич билан суҳбатлашаётгани акс этган.

«У умумий дўстлар орқали мен билан боғланиб, тур ташкиллаштиришимни илтимос қилди», дейди Лисов. «Мен Сербиянинг исталган резиденти учун шундай тур уюштирган бўлардим.»

Бу учрашув шу ой Белград шаҳри марказида Вагнерга бағишланган «Халқ патрули» деворий суратининг пайдо бўлишига тўғри келди, у ерда ташкилот аъзолари уруш мухолифлари ишлатадиган кўк-оқ рангли байроқни тепкилаган.

Сербиядаги россиялик диссидентлар уюшмаси директори Пётр Никитин байроқни таниди – бу уюшманинг бир нечта аъзоси номаълум кимсалар томонидан калтакланганидан кейин ўғирлаб кетилган байроқ эканлигини айтди.

«Энди буни ким қилганини биламиз», деди у.

Фаоллар таҳдидларга қарамай, ўзларига нисбатан босим кучайса ҳам ўз ҳаракатдан тўхтамаслигини айтмоқда.

«Бир қанча одам... жумладан серблар менга қандайдир ноаниқ таҳдидлар юборишди», деди собиқ амалдор Волохонский ўзи тез-тез бориб турадиган тураржой биносида Россия урушининг рамзи бўлган Z ҳарфи чизилганини таъкидлаб.

«Ўзимни хавфсиз ҳис қиляпман деб айта олмайман.»

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500