Карвонсарой
Инсон ҳуқуқлари

Толибоннинг шимолий Афғонистонда эришган натижалари Шинжонни босим остида ушлаб турган Хитойни хавотирга солмоқда

Карвонсарой ва AFP

image

17 июл куни Афғонистон-Покистон чегарасининг Афғонистон тарафида Толибон байроғини ушлаб турган одам. [Банорас Хон/AFP]

ПЕКИН – Толибоннинг Афғонистондаги ютуқлари бутун минтақа, хусусан Хитойнинг Шинжон вилояти барқарорлигига таҳдид солар экан, Пекин ғарбдаги қўшниларини диққат билан кузатмоқда.

Толибоннинг сўнгги ҳафталардаги ҳужумлари, хусусан талон-тарож ва уйларга ўт қўйиши ортидан Афғонистоннинг Марказий Осиёдаги уч қўшниси – Ўзбекистон Тожикистон, Туркманистон ўз қуролли кучларини мустаҳкамлай бошлаган.

Хитой, шунингдек Афғонистон билан 76 км узунликдаги, баландликда жойлашган ва ўтиш йўлакларидан холи бўлган умумий чегарага эга.

Аммо Шинжоннинг ёнида жойлашгани учун чегаранинг бу қисми хавотирга сабаб бўлмоқда – Пекин ушбу заиф минтақадаги уйғур айирмачилари Афғонистонни плацдарм сифатида қўллаши мумкинлигидан ташвишда.

image

4 январ куни олинган бу суратда Хитойнинг Шинжон вилояти, Қашғардаги Помир тоғларида ўқув машғулотлари ўтказаётган Халқ озодлик армияси ҳарбий хизматчилари акс этган. [AFP]

image

2019 йил 4 июн куни олинган бу фотосуратда Хитойнинг Шинжон вилояти Янгисар шаҳридаги турар-жой мажмуасида ўрнатилган тиконли симлар ортидаги Хитой байроғи акс этган. [Greg Baker/AFP]

Пекин сўнгги йилларда Шинжоннинг аксарият мусулмон аҳолисини назорат қилиш ва бўйсундиришга қаратилган қаттиққўл сиёсат олиб бормоқда. Жумладан, бир миллиондан ортиқ уйғурлар ва бошқа туркийзабон мусулмонлар «мафкуравий тарбия» лагерлари, ҳибсхона ва қамоқхоналарни ўз ичига олувчи 400 дан ортиқ муассасаларга жойлаштирилган.

Яна миллионлаб одамлар қаттиқ кузатув ва назорат тизими остида яшамоқда.

Уйғур ҳуқуқбон ташкилотлари ҳамда АҚШ, Бирлашган Қироллик ва бошқа мамлакатлар параментларига кўра, Хитой олиб бораётган сиёсат – жумладан, мажбурий стерилизацияни қатлиомга тенглаштириш мумкин.

Аввалига Шинжонда лагерлар мавжудлигини инкор этган Пекин кейинроқ уларни террорчиликка барҳам бериш ва бандликни яхшилашга қаратилган «касб-ҳунар таълими марказлари» дея оқлашга уринди.

Хитой расмийлари томонидан Шинжонда содир этилган айрим жиноятлар бутун дунё мусулмонлари ва албатта, толибон каби ашаддий гуруҳларнинг жиддий эътирозига сабаб бўлган – минтақада 1000 дан ортиқ имом ва диний арбобларнинг ўзбошимчалик билан ҳибсга олингани, қарийб 16000 масжиднинг бузилгани ва муслима аёлларнинг мунтазам зўрланиши шулар жумласидандир.

«Табиатан ноқулай»

НАТОнинг барча иттифоқчи кучлари олиб чиқилгач, Афғонистонда беқарорлик авж оладиган бўлса, Хитой «миллий хавфсизлик» баҳонаси билан Шинжондаги босимини янада кучайтириши мумкин, дейди таҳлилчилар.

Хитой, айниқса ўз чегарасида «ҳокимият вакуумини» қабул қила олмайди, шу боис ўнлаб йиллар давом этган урушдан сўнг, Афғонистондаги барқарорликни тиклаш Пекиннинг бирламчи вазифасига айланади.

«Хитой учун хавф Афғонистонда ким ҳукмрон эканлигида эмас, балки доимий беқарорликда», дейди Шанхай халқаро тадқиқотлар университетининг Яқин Шарқ бўйича мутахассиси Фан Хонда AFP билан суҳбатда.

Бундай хавотирлар Хитойнинг бутун дунё бўйлаб янада милитаристик позицияни эгаллашига сабаб бўлди, бу эса унга қўшни мамлакатларни ташвишга солмоқда.

Хитой компартиясининг атеист пешволари ва Толибон раҳнамолари ўртасида ҳеч қандай мафкуравий муштараклик бўлмаса-да, умумий прагматизм оқибатида ўзаро манфаатлар ҳиссий тафовутлардан устун келиши мумкин, дейди таҳлилчилар.

«Хитой-Покистон ўқи» китобининг муаллифи Эндрю Смоллга кўра, «Хитой Толибон билан келишувга бориши мумкин, лекин у толибларнинг диний мазмундаги режалари ва мотивларини ўзи учун ноқулай деб ҳисоблайди».

«Улар толибларнинг масалан, уйғур жангарилари учун бошпана масаласидаги келишувларга амал қилишга қодир ва тайёр эканига ҳеч қачон ишона олмаган.»

Толибоннинг уйғур жангарилари билан алоқалари 20 йилдан ортиқроқ тарихга эга экани айтилади.

Хитойни толибларнинг Шарқий Туркистон ислом ҳаракати (ШТИҲ) ва унинг меросхўри – Туркистон ислом партияси (ТИП) билан алоқалари айниқса хавотирга солмоқда.

Пекин ШТИҲ ва ТИП мавжудлигини рўкач қилиб, ўзининг Шинжондаги репрессияларини оқлашга уринган, аммо минтақада 2017 йилдан бери ҳеч қандай террорчилик ҳодисалари қайд этилмаган.

Шу тариқа Пекиннинг Шинжондаги «универсал» хавфсизлик чоралари хавфсизликка таҳдид сифатида барча уйғурлар ва туркийзабон мусулмонларга қарши қаратилган кўринади.

Бу орада Пекиннинг мусулмонларга нисбатан шафқатсиз муносабатига бефарқ бўлиб келган толиблар Хитойнинг Шинжондаги жиноятларига оид очиқ далиллардан бехабар ёки уларни атайин эътиборсиз қолдирмоқда.

«Толибон Шинжондаги уйғурларнинг оғир аҳволи ҳақида қайғуради ва Пекин билан сиёсий мулоқот орқали мусулмон биродарларга ёрдам беришга ҳаракат қилади», деб айтган толиблар вакили Суҳайл Шахин 8 июл куни The Wall Street Journal нашри билан суҳбатда.

«Биз тафсилотлардан хабардор эмасмиз. Агар тафсилотлар етиб келса, ўз хавотиримизни изҳор этамиз», деди у. «Хитойдаги мусулмонлар билан боғлиқ қандайдир муаммо юзага келса, биз албатта Хитой ҳукумати билан гаплашамиз.»

Толибоннинг бу каби мужмал баёноти Пекиннинг сиёсий ва молиявий кўмагидан умид қилаётгани билан боғлиқ бўлиши мумкин.

«Бирор-бир мамлакат конларимизни тадқиқ қилишни истаса, бундан мамнун бўламиз», деди Шаҳин AFP нашри билан бошқа бир суҳбатида. «Биз инвестициялар учун яхши имкониятлар яратамиз.»

Хитойга қарши чоралар

Толибоннинг бу каби илиқ оҳангдаги баёнотлари АҚШ Пекиннинг инсониятга қарши жиноятларига қатъиян қарши чиқаётган бир пайтда янграмоқда.

Ўтган чоршанбада (14 июл) АҚШ Сенати уйғурларнинг мажбурий меҳнатига барҳам беришга оид ҳужжатни қабул қилди. У кучга кирадиган бўлса, Шинжондан маҳсулотлар импорт қилишни тақиқлайди.

«Пекин ва Шинжондаги мажбурий меҳнатдан фойда олаётган ҳар қандай халқаро компанияга мужда аниқ: тўхтатинг», деди сенатор Марко Рубио ўз баёнотида.

«Биз ХКПнинг инсониятга қарши жиноятларига кўз юммаймиз ва корпорацияларнинг ушбу даҳшатли қонунбузарликлардан фойда олишига йўл қўймаймиз.»

Қўшма Штатлар Шинжон масаласида Хитойга қарши аллақачон чоралар кўрган. АҚШ давлат котиби Антони Блинкен 6 июл куни Вашингтонда қайта тарбиялаш лагеридан омон чиққанлар билан учрашув ўтказган.

9 июл куни АҚШ ҳукумати Хитойда жойлашган ва ҳукуматнинг Шинжон минтақасидаги уйғурлар ва бошқа этник озчиликларга нисбатан сиёсатига алоқадор 14 компанияга қарши санкциялар эълон қилди.

Шунингдек, Вашингтон яқинда Хитой компанияларининг биридан қуёш панеллари ашёлари импортини тақиқлаб, минтақада мажбурий меҳнатдан фойдаланишда гумон қилинган тўрт компанияга нисбатан савдо чекловлари жорий этган.

8 июл куни Европа Иттифоқи парламентарийлари агар Хитой Ҳонгконг, Шинжон-Уйғур минтақаси, Тибет, ички Монголия ва бошқа ҳудудларда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни яхшиламаса, иттифоққа аъзо давлатлар ва ташкилотларни 2022 йил Пекинда ўтадиган қишки Олимпия ўйинларида иштирок этмасликка чақирган.

22 июн куни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашида 40 дан ортиқ давлатлар Хитойнинг Шинжондаги хатти-ҳаракатлари юзасидан «жиддий ташвиш» изҳор этганлар.

Баёнотда қийноқлар ёки шафқатсиз, ноинсоний ва таҳқирловчи муносабат ёхуд жазо чоралари, мажбурий бичиш, жинсий ёки гендер асосидаги зўравонлик, болаларни ота-онасидан маҳрум қилиш каби ҳолатлар тилга олинган.

Марказий Осиё учун Хитойнинг сармояси ва таъсири манфаатлими?

Фикрлар 3

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Улардан бир тийин ҳам олмаслик керак.

Жавоб бериш

Хитойликларни йўқотиш керак ёки Хитойдан чиқармаслик керак.

Жавоб бериш

Kallasiga ... Usha hitoyyi

Жавоб бериш