Карвонсарой
Технология

Хитой кузатув тармоғининг кенгайиб бораётгани иттифоқчилар ва савдо шерикларида хавотир уйғотмоқда

Карвонсарой

Пекинда кузатув камераларини ўрнатаётган ишчи, 2020 йил 16 декабр. [Ноэл Cелис/AFP]

Пекинда кузатув камераларини ўрнатаётган ишчи, 2020 йил 16 декабр. [Ноэл Cелис/AFP]

Пекиннинг кенгайиб бораётган кузатув тизими, маълумотлар тўплаши ва «ижтимоий кредит» тизимини қўллаши Хитой билан яқин иттифоқчи бўлган, ундан қарздор ва Хитой технологияси ва инфратузилмасини қабул қилаётган мамлакатларда хавотир уйғотмоқда.

Тахминан ярим миллиард кузатув камералари, юзни таниш ва овоз таҳлили дастурий таъминотидан фойдаланиш, ҳамма жойда мавжуд телефонларни кузатиш қурилмалари ва дунёдаги энг йирик ДНК маълумотлар базаларидан бирига эга Хитой технологиядан фойдаланган ҳолда авторитар бошқарувини кучайтирмоқда, дейди таҳлилчилар.

Таҳлилчиларнинг айтишича, шахсий дахлсизликка путур етказишни ўз миллий сиёсатининг бир қисмига айлантирган Хитой коммунистик партияси (ХКП) бошқа мамлакатларда ҳам шундай қилишига ҳеч қандай шубҳа йўқ.

«Одамларни назорат қилиш»

Пекиннинг мақсади ўз кучини ишга солиш учун кимнингдир шахси, фаолияти ва ижтимоий алоқалари ҳақида билиб олса бўладиган маълумотлардан максимал даражада фойдаланишдир, деб ёзади июн ойида Хитойнинг кузатув имкониятларини кенг миқёсда ўрганиб чиққан New York Times нашри.

Уханга бориб келганидан сўнг Пекинда карантинга олинган журналистнинг уйи ташқарисидаги кузатув камерасини созлаётган хитойлик ишчи, 2020 йил, 3 май. [Лео Рамирес/AFP]

Уханга бориб келганидан сўнг Пекинда карантинга олинган журналистнинг уйи ташқарисидаги кузатув камерасини созлаётган хитойлик ишчи, 2020 йил, 3 май. [Лео Рамирес/AFP]

Хитой ҳарбий-денгиз кучлари эсминецлари флотилияси таркибига кирувчи ракета фрегати, куну-тун давом этган денгиз машғулотлари чоғида олинган сурат. Бутун дунё бўйлаб Хитой бошқарувидаги портлар ва уларнинг атрофидаги кузатув жадал равишда кенгайиб бормоқда. [Хитой мудофаа вазирлиги]

Хитой ҳарбий-денгиз кучлари эсминецлари флотилияси таркибига кирувчи ракета фрегати, куну-тун давом этган денгиз машғулотлари чоғида олинган сурат. Бутун дунё бўйлаб Хитой бошқарувидаги портлар ва уларнинг атрофидаги кузатув жадал равишда кенгайиб бормоқда. [Хитой мудофаа вазирлиги]

Нашрнинг визуал тадқиқотлар жамоаси ва Осиёдаги мухбирлари бир йилдан ортиқ вақт давомида Осиё жамияти томонидан чоп этилган ChinaFile рақамли журнали томонидан тўпланган давлатга қарашли 100 мингдан ортиқ тендер ҳужжатларини таҳлил қилишган.

Ушбу ҳужжатларда компаниялар кузатув технологияларини тақдим этиш учун давлат шартномалари бўйича тендерда қатнашишга чақирилган бўлиб, айрим ҳолатларда харидлар ортидаги стратегик тафаккур батафсил баён қилинган.

Бир нечта ҳужжатларда полиция юзни таниш дастури асосида ишлайдиган кузатув камераларини овқатланиш, саёҳат, харидлар ва кўнгил очиш учун мўлжалланган жамоат жойларига, шунингдек, турар-жой бинолари, караоке заллари ва меҳмонхоналар каби хусусий жойларга ўрнатмоқчи эканлиги айтилади.

Тайван ортидаги кўрфазда жойлашган Фуцзян провинцияси полицияси кузатув тизимини модернизация қилиш стратегияси «одамларни назорат қилиш ва бошқариш» якуний мақсадга эришиш эканлигини айтган.

Times суриштирувидан маълум бўлишича, Хитой полицияси, шунингдек, юзни таниш камераларига уланган овоз ёзиш мосламалари орқали «овозли намуналарни» тўпламоқда.

Гонконгдан 87 км узоқликдаги Гуандун провинциясининг Чжуншан шаҳрига оид тендер ҳужжатларининг бирида полиция камералар атрофида камида 92 метр радиусдан овоз ёзиб оладиган қурилмалар кераклигини билдирган.

Айни пайтда, Хитой полицияси йирик миқёсдаги кўз пардасини сканерлаш ва ДНК маълумотлар базаларини яратиш учун ускуналар сотиб олмоқда.

Илк минтақавий кўз пардаси маълумотлари базаси 2017 йил Шинжон ҳудудида ташкил этилган эди. Бу ерда камида бир миллион уйғур ва бошқа туркийзабон, асосан мусулмонлардан иборат озчиликлар вакиллари «сиёсий қайта тарбиялаш» лагерларида ҳибсда сақланади.

Ушбу маълумотлар базаси 30 миллионгача одамнинг кўз пардаси нусхаларини сақлаш имкониятига эга, деб хабар беради Times. Бу тендерда ғолиб бўлган компания кейинчалик Хитой бўйлаб йирик маълумотлар базаларини яратиш бўйича бошқа давлат шартномаларига ҳам эга чиққан.

Бошқа тендер ҳужжатларида эркакларнинг йирик ДНК маълумотлар базаларини яратиш ва телефонлардан маълумот олиш учун «WiFi анализаторлари» ва «IMSI [халқаро мобил абонент идентификатори] ушлагичлари»дан фойдаланишга қаратилган Хитой саъй-ҳаракатлари акс этган.

Яна бир ҳолатда Гуандун округи полицияси уйғурчадан хитойчага ўгирувчи луғат иловасини аниқлаш учун телефон трекерларини сотиб олган, улар зулм остидаги озчилик вакилларига тегишли телефонларни топиш мақсадида шундай қилган бўлиши мумкинлиги айтилади.

Ижтимоий кредит

Хитой ҳукумати жисмоний ва рақамли кузатувдан ташқари, хусусий ва ҳукумат томонидан бошқариладиган «ижтимоий кредит» тизимлари тармоғига тобора кўпроқ таянмоқда.

Ижтимоий кредит шахсларни турли омиллар асосида саралайди, улар орасида рухсат этилмаган жойдан ўтиш, поездда баланд овозда мусиқа қўйиш, қарзларни тўламаслик ёки такси чақириб чиқмаслик каби қоидабузарликлар киради.

Бошқа қонунбузарликлар қаторида чекилмайдиган ҳудудларда чекиш, жуда кўп видео ўйинлар сотиб олиш, видео ўйинларга кўп вақт сарфлаш, беҳуда харидларга пул сарфлаш ва ижтимоий тармоқларда пост ёзиш кабилар қайд этилган, деб ёзган ўтган йил декабр ойида Business Insider нашри.

2015 йилги ҳукумат ҳужжатига кўра, илк бор 2014 йилда эълон қилинган ижтимоий кредит тизими «ишончни сақлаш яхши, уни бузиш эса шармандалик» деган ғояни мустаҳкамлашга қаратилган.

Ижтимоий кредит тизими ахлоқий меъёрларга асосланади: расмийлар йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик каби қониқарсиз хулқ-атвор учун баллардан маҳрум қилади ва хайрия учун эҳсон қилиш каби яхши амаллар учун баллар беради.

Ишонч ва технологияларни ўрганувчи мутахассис Рейчел Боцманнинг сўзларига кўра, аниқ методология сир тутилса-да, ижтимоий кредит рейтинги паст бўлган хитойликларда «интернет тезлиги секинроқ бўлади, уларнинг ресторанлар, тунги клублар ёки гольф майдонларига кириши чекланади ёки чет элга эркин саёҳат қилиш ҳуқуқидан маҳрум бўлади».

У 2017 йилда чоп этилган «Кимга ишонса бўлади?» китобида «Баллар одамнинг ижара аризасига, унинг суғурта ёки кредит ва ҳатто ижтимоий нафақа олиш имкониятига таъсир қилади», деб ёзган эди.

ХКП таъбири билан айтганда, ижтимоий кредит тизими ишончли кишиларга «осмон остидаги ҳамма жойда» юришга имкон беради, обрўсизларга эса бир қадам ташлаш ҳам қийин бўлади».

Паст ижтимоий кредитга эга фуқароларнинг ишга жойлашиш ва таълим олиш имкониятлари ҳам хавф остида қолади.

2017 йилда ҳарбий хизматни ўташдан бош тортган 17 нафар эркакка олий ўқув юртларига кириш, ўрта мактабга ҳужжат топшириш ёки ўқишни давом эттириш ман этилган, деб хабар беради Beijing News.

2018 йилда Хитой университети ўқишга кирган талабага банк кредитини қайтара олмаган отасининг ижтимоий кредит балли пасти бўлгани учун жой беришдан бош тортган, дейилади China Global Television Network давлат телерадиокомпанияси хабарида.

Ижтимоий кредит тизими компаниялар, ҳатто халқаро компаниялар учун ҳам амал қилади.

«Катта оға» хавотирлари

ХКПнинг миллий хавфсизликка оид сиёсати шуни кўрсатадики, Пекин самарадорликни таъминлаш учун хорижда тобора шиддатли тус олаётган кузатув ва маълумотлар тўплаш амалиётидан иккиланмай фойдаланади.

Сўнгги бир неча йилдан бери Қозоғистонда «Хавфсиз шаҳар» лойиҳаси фаол амалга оширилмоқда. Лойиҳа ҳуқуқ-тартибот ва йўл ҳаракати қоидаларига риоя этилишини таъминлаш мақсадида шаҳар кўчаларида кузатув камералари ўрнатишни кўзда тутади.

Шундай бўлса-да, Хитойда ишлаб чиқарилган кузатув камераларининг Қозоғистон бўйлаб тарқалиши улар Хитой ҳукуматига маълумотлар узатиши мумкинлиги борасидаги хавотирларни пайдо қилмоқда.

Лойиҳа устида иш олиб бораётган икки Хитой компанияси – Dahua Technology ва Hikvision Хитойдаги мусулмон озчиликларга нисбатан инсон ҳуқуқларининг бузилишига кўмаклашгани учун АҚШ санкциялари остига тушган.

«Ҳозирда Хитойдан келган ҳамма нарса хавотир уйғотмоқда», деган эди Инсон ҳуқуқлари бўйича Қозоғистон халқаро бюроси вакили, олмаоталик Андрей Гришин 2019 йили Карвонсарой билан суҳбатда.

«Бизда расман хавфсизлик чораси деб эълон қилинган нарса шахсий дахлсизликни бузиб кириш ҳаракатига айланиб бормоқда.»

«Бундан тахминан 50-100 йил олдин фантастлар огоҳлантирган ҳолат – «Катта оға» томонидан кузатилган тоталитар жамиятлар таърифи – аллақачон рўёбга чиқарилган», деди у.

«Мен бу даҳшатли эртак биз учун ҳам ҳақиқатга айланишини мутлақо истамайман.»

Ҳарбий мотивлар

Кузатилиши керак бўлган яна бир компания Nuctech бўлиб, у Хитойнинг ҳарбий ва сиёсий элитаси билан яқин алоқаларга эга.

Nuctech дунёдаги энг муҳим аэропортлар, чегарадан ўтиш пунктлари ва дипломатик тадбирларда хавфсизликни текшириш ишларига масъул бўлиб, бу махфийлик ва маълумотлардан нотўғри фойдаланиш хавфига оид хавотирларни пайдо қилган.

Аэропортларда йўловчилар ва юклар ўтказиладиган рентген нурли хавфсизлик сканерларидан ташқари, компания портловчи моддалар детекторлари ва улар билан боғлиқ шахсни тасдиқловчи гувоҳнома ёки чипталарни идентификация қилиш, тана ҳароратини ўлчаш ва юзни таниш қурилмаларини ишлаб чиқаради.

Қўшма Штатлар, Канада ва бошқа бир қатор Ғарб давлатларини ҳукуматлари миллий хавфсизлик нуқтаи назаридан Nuctech ускуналаридан воз кечган.

Хитой Покистоннинг Гвадар шаҳрида 500 дан ортиқ кузатув камераларини ўрнатар экан, бу махфийликка оид хавотирларни ва у тижорат порти эмаслигига оид тахминларни кучайтирмоқда, деб ёзган эди The Print июн ойида.

Араб денгизи порти Хитойнинг «Бир камар, бир йўл» номи билан ҳам танилган «Камар ва йўл» (BRI) ташаббусининг бир қисмига айланиши кутилмоқда, бироқ кузатувчилар Хитой режими портни ривожлантириш орқали Покистонда ҳарбий-денгиз базаси ташкил этилганини яшириш учун фойдаланиши мумкинлигидан хавотир билдирмоқда.

Пекин Бирлашган Араб Амирликлари (БАА), Камбоджа ва Экваториал Гвинеяда махфий ҳарбий базалар ёки «икки хил мақсадда фойдаланиш» учун мўлжалланган портларни қуришга оид шу каби режаларда айбланган.

Сўнгги йилларда Хитой бошқа муҳим ҳудудлар қатори, Покистон, Эрон ва Шри-Ланкада жадал суратда кенгайиб бораётган денгиз флотида фойдаланиши мумкин бўлган тижорий порт иншоотларини қурди.

2019 йилги ҳисоботда АҚШ-Хитой иқтисод ва хавфсизликни текшириш комиссияси Пекиннинг BRI лойиҳасини илгари суриши «ҳарбий ҳамкорликни ошириш ҳамда цензура ва кузатув технологияларини экспорт қилишга» қаратилганини таъкидлаган.

«BRI Хитой халқ озодлик армиясининг хориждаги ҳозирлигини кенгайтириш бўйича энг аниқ ташкилий концепцияга айланди», дейилади ҳисоботда.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Жуда қизиқ мақола экан. Америкаликлар сифатида фойдаланишимиз мумкин бўлган афзалликлар ҳақида ўйлаб кўришга ундайди.

Жавоб бериш